«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати KOICA билан ҳамкорлик қилади

    2022 йил 21 июнда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.

    Учрашув давомида томонлар — «Юксалиш» УМҲ раиси Бобур Бекмуродов ҳамда Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Парк Сунжин ижтимоий инклюзивлик ва фуқаролик жамиятини давлат бошқарувига жалб этиш соҳасини рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш мақсадида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирдилар.

    Меморандум 2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясининг 7 та устувор йўналиши бўйича, айниқса фуқаролик жамиятини ривожлантиришга, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, ижтимоий тадбиркорлик, ижтимоий хизматлар кўрсатишни такомиллаштиришга, фуқароларни ижтимоий инновациялар ва бошқа соҳалар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб қилишга қаратилган. Шунингдек, Корея ҳукумати ҳамда Ўзбекистон фуқаролик жамияти ўртасида ҳамкорлик сиёсати асосида ривожланиш самарадорлигини ошириш, шаффофлик ва жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилган.

    Томонлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қиладилар:

    - Кўникма, билим ва фикр алмашишни такомиллаштириш бўйича турли тадбирлар ўтказиш (ўқув семинарлари, фокус-гуруҳлар, давра суҳбатлари, жамоатчилик муҳокамалари, семинарлар ва бошқалар);

    - Миллий ва халқаро илғор тажрибаларни биргаликда, шу жумладан халқаро экспертлар билан махсус маслаҳатлашувлар ўтказган ҳолда кўриб чиқиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш;

    - Фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва фуқароларни ижтимоий инновациялар бўйича қарорлар қабул қилиш жараёнларига жалб этишнинг долзарб масалалари бўйича таҳлилий маърузалар тайёрлаш;

    - Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларини амалга ошириш натижалари бўйича ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрлаш, уларни хорижий тилларда нашр этиш ва кенг тарқатиш;

    - Миллий ва халқаро тадбирларда иштирок этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, илғор тажрибалардан фойдаланган ҳолда ҳар икки мамлакатда ўзаро билим алмашиш учун «майдон» яратиш;

    - Жамоатчилик назоратининг самарали тизимини шакллантириш.

    Меморандум доирасида томонлар икки мамлакатнинг фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, яқин мулоқотни йўлга қўйиш фаолиятини амалга оширадилар, маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятини ошириш мақсадида «Корея-Ўзбекистон ННТлар мактаби» таълим дастурини ишга туширадилар ҳамда тажриба алмашиш учун платформаларни яратадилар.

    — KOICA Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлари орасида «Юксалиш» ҳаракати билан биринчи ҳамкорликни ўрнатди, — дейди Корея халқаро тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Дастурлар бўйича менеджери Хён Ёнг Жо. — Асосий мақсадимиз шуки, Кореядаги нодавлат ташкилотларини Ўзбекистонга жалб қилиш ва ўзаро ҳамкорликни кучайтириш. Ҳамкорлик доирасида шу йилнинг август ойида «ННТлар мактаби» ташкил этилади ва унга кореялик экспертлар жалб этилади. Йил якунида билим ва тажриба алмашиниш мақсадида йирик анжуман ўтказишни режалаштирганмиз. Бу эса икки давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлайди, деган умиддамиз.

    — Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Кореяга ташрифи ортидан ушбу мамлакат жамоатчилигининг Ўзбекистонга бўлган эътибори кучайганини, икки халқ муносабатлари янги босқичга ўтганини кузатдик, — дейди «Юксалиш» УМҲ раиси Бобур Бекмуродов. — Бугун имзоланган Меморандум ҳам ўзаро ҳамкорликнинг янги бир даврини бошлаб беради. Бу билан энг аввало, Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги томонидан экспертлик кўмаги, турли инновацион ғояларни олиб киришга ёрдам берилиши кўзда тутилмоқда. Ижтимоий шериклик, нодавлат ташкилотларини ўқитиш масалалари ҳам ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Жорий йилдан Ўзбекистондаги ННТлар учун йирик таълим дастури ишга туширилади ва унинг доирасида юздан зиёд ННТлар вакиллари Корея тажрибаси асосида ўқитилади. Қолаверса, биздаги жамоат ташкилотлари Кореяда малака ошириш имконига ҳам эга бўлади. Бир сўз билан айтганда, бу шунчаки деклоратив ҳужжат эмас, балки аниқ қўшма тадбирлар режасини ўз ичига олган Меморандумдир.

    Эслатиб ўтамиз, ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига ташрифидан сўнг, икки мамлакатнинг юқори даражадаги ҳамкорлигининг мантиқий давоми сифатида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан биргаликда минтақавий мулоқот ўтказган ва унда Марказий Осиё фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини оширишда, йирик минтақавий лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда KOICA томонидан кўмак кўрсатилиши ва бу янги имкониятлар эшигини очиши таъкидланган эди. Эндиликда фуқаролик жамияти соҳасида ҳам ташаббусларнинг амалга оширилиши билан ўзаро алоқаларни янада қўллаб-қувватлаш мақсади кўзланган.

    «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates