Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, дунё денгизлари сатҳи янада тез кўтарилаётир. Жумладан, 2015 – 2024 йиллар оралиғида ўсиш суръати йилига ўртача 4,7 миллиметрни ташкил этди. Бу 1993 – 2002 йиллардаги кўрсаткичлардан икки баравар кўп.

Аср охирига келиб, денгиз сатҳи кўтарилиши қуруқликдаги умуртқали ҳайвонларнинг 42% дан ортиғи одатий яшаш жойларидан қисман маҳрум бўлишига олиб келиши мумкин.

“Science” журналида чоп этилган кенг кўламли тадқиқотда олимлар денгиз сатҳи кўтарилиши ҳақидаги прогнозларни қуруқликдаги умуртқали ҳайвонлар яшаш жойининг яроқлилиги хариталари билан солиштирди.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, 2100 йилга келиб қирғоқ ҳудудларини сув босиши туфайли 15 мингдан ортиқ ҳайвон турлари яшаш жойлари йўқолиши хавфига дуч келиши мумкин. Шу билан бирга, Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи маълумотларига кўра, ушбу турларнинг 5,9 фоизи ҳозирда иқлим ўзгариши туфайли хатарга дуч келган.

Қайси турлар хавф остида?

Муаллифларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қушларнинг 63 фоизи, сут эмизувчиларнинг 52 фоизи, судралиб юрувчиларнинг 36 фоизи ва сувда ҳамда қуруқликда яшовчиларнинг 24 фоизи хавф остида қолади. Бундан ташқари, судралиб юрувчилар, чекланган ареалли турлар, шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остида қолган турлар энг ҳимоясиз бўлиб чиқди. Умуман олганда, рептилиялар қушлар ёки сут эмизувчиларга қараганда деярли икки баравар кўпроқ яшаш жойини йўқотиши мумкин, дейди олимлар.

Шундай қилиб, 2050 йилга келиб яшаш учун жойларининг 10 фоиздан ортиғини йўқотган турлар сони 18 тани, 2100 йилга келиб эса 109 тани ташкил этади.

Ҳудудлар бўйича ҳолат

Айниқса, Амазонка дельтасидаги биологик хилма-хиллик даражаси ниҳоятда юқори бўлгани учун олимлар орасида хавотир уйғотмоқда. Шундай қилиб, 2050 йилга бориб Амазонканинг қуйи дельтасидаги 100 минг гектардан ортиқ қирғоқ ўрмонлари ва сув-ботқоқ ерлари сув остида қолиши эҳтимоли юқори.

Жануби-Шарқий Осиё ҳам хавф остида, гарчи сув тошқини хавфи остида бўлган жойларнинг улуши Амазонка дельтасига қараганда камроқ бўлса ҳам. Шунга қарамай, Сундарбан (Бангладеш) ўрмонларида яшовчи Бенгал йўлбарси яшаш жойларининг катта қисми 2070 йилга бориб сув остида қолиши мумкин.

Юқори хавф остида бўлган бошқа ҳудудлар қаторига Марказий Америка ва Жануби-Шарқий Африка киради. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, бутун дунё бўйлаб ҳайвонлар денгиз сатҳининг кўтарилиши оқибатини аллақачон ҳис қилмоқда. Хусусан, 2016 йилда олимлар Австралия ва Янги Гвинеяни ажратиб турувчи Торрес бўғозидаги кичик маржон оролида яшаган кемирувчилар туридан бири — риф мозаик каламуш қирилиб кетганини эълон қилишди. Бу сут эмизувчиларнинг яшаш жойини йўқотиши туфайли қирилиб кетган биринчи ҳолат эди.

Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, яна бошқа омиллар ҳисобга олинса оқибат бундан ҳам аянчли бўлиши мумкин, деб хабар берди vokrugsveta.ru.