Темир йўл транспортида “Тошкент–Хива–Тошкент”, “Тошкент–Қўнғирот–Тошкент”, “Тошкент–Шовот–Тошкент”, “Тошкент–Термиз–Тошкент” ва “Тошкент–Сариосиё–Тошкент” йўналишларида ҳаракатланувчи поездлар таркибига 4 тагача қўшимча вагон уланади.

Шунингдек, “Тошкент–Самарқанд–Тошкент”, “Тошкент–Бухоро–Тошкент” ва “Тошкент–Урганч–Тошкент” йўналишларида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларнинг қўшимча қатновлари йўлга қўйилади. Электропоездларнинг қўшимча қатновлари байрамдан икки кун олдин бошланиб, байрамдан кейинги икки кун давомида мунтазам сақланади.

Автомобил транспортида вилоятлараро барча йўналишларда қўшимча автобус қатновлари ташкил этилади. Жумладан, Тошкент–Жанубий темир йўл вокзали ҳудудида вилоятлараро автобуслар учун захира тўхташ жойи ажратилиб, байрамдан камида 3 кун олдин “Тошкент–Самарқанд–Бухоро–Урганч–Нукус” йўналишларидаги автобуслар шу ерга жойлаштирилади.

Ҳаво транспорти орқали ҳам туристик йўналишларга саёҳат қилиш имкониятлари кенгайтирилади. Байрамдан камида икки кун олдин “Тошкент–Урганч”, “Тошкент–Нукус”, “Тошкент–Бухоро” ва “Тошкент–Термиз” йўналишларида қўшимча авиарейслар амалга оширилади.

Кўрилаётган мазкур чоралар байрам кунларида аҳолининг мамлакатимиз ҳудудлари бўйлаб саёҳатларини кўпайтириш, ички туризмни ривожлантириш ҳамда юртимизнинг тарихий, маданий ва табиий туристик масканларига ташрифлар учун янада қулай шароит яратишга хизмат қилади.