Россиянинг машҳур стамотолик клиникалар тармоғи тиббиёт директори М.Лабухин “Gazeta.Ru” билан суҳбатда россияликларни касал тишлар ва милкларнинг юрак, мия ва умуман организмга жиддий салбий таъсири ҳақида огоҳлантирди.
Лабухиннинг сўзларига кўра, пародонтит каби милк касалликлари инсульт, гипертония ва атеросклерозга олиб келиши мумкин. Бунга асосан оғиз бўшлиғидан қонга ўтгач, бутун организмга тарқаладиган бактериялар сабаб бўлади.
“Умуман олганда, бактериялар танага овқат чайнаш ёки тиш тозалаш жараёнида тушади. Лекин, соғлом одамда иммунитет уларни тезда зарарсизлантиради. Йиллар давомида яллиғланган милкларга бактериялар тез-тез ҳужум қилиб, патологияларни келтириб чиқаради”, – дея тушунтирди шифокор.
Бактериялар ҳужумига жавобан томир деворлари яллиғлана бошлайди ва бу бутун организмда кучаяди. Шундай қилиб, оғиз инфекцияси қон томирларни емиради ва юрак билан боғлиқ жиддий муаммолар хавфини оширади.
Бундан ташқари, тиш ва милклар мунтазам оғриб туриши туфайли одам овқатни яхши чайнай олмайди ва ошқозон ҳамда ичаклар бир неча баробар кўпроқ ишлашга мажбур бўлади. Бу эса овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммоларга олиб келади. Натижада гастритни йиллар давомида таблеткалар билан даволаш мумкин, аммо бунинг сабаби пародонтит бўлиб чиқади, деб таъкидлади Лабухин lenta.ru сайтида.