Бу ҳақда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти маълум қилди.
Тажриба Ўрта Барқироқ музлигида геоинжиниринг лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Геотекстил қоплама музлик юзасига тушадиган қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсирини камайтириш орқали музнинг эриш жараёнини секинлаштириши кутилмоқда.
Бу усул қанчалик самарали эканини аниқлаш учун қопланган ҳудуд ва унга яқин, очиқ қолдирилган назорат майдонига махсус ўлчов рейкалари ўрнатилди. Улар ёрдамида ҳар икки майдонда муз юзасининг вақт ўтиши билан қанча пасайгани кузатилади.
Яъни тадқиқотчилар бир жойдаги музни қоплама билан ҳимоялаб, иккинчи жойдаги музни очиқ қолдириш орқали уларнинг қайси бири тезроқ эриётганини таққослайди.
Тажрибанинг кейинги босқичи октябрь ойида ўтказилади. Ўшанда D-GPS ёрдамида тажриба ва назорат майдонларидаги музлик юзасининг баландлиги қайта ўлчанади ва ўрнатилган рейкалардан янги кўрсаткичлар олинади. Бу маълумотлар дастлабки ўлчовлар билан солиштирилиб, қопланган ва очиқ муз юзасидаги эриш миқдори аниқланади.
Мутахассислар ушбу тажриба орқали геотекстил қопламалардан тоғ музликларини маҳаллий миқёсда ҳимоя қилишда фойдаланиш имкониятини баҳоламоқда.
Тажриба натижалари музликлар эришини секинлаштиришга қаратилган муҳандислик чораларини ишлаб чиқиш учун илмий асос бўлиши мумкин.