Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса 7 июль куни соат 04:22 атрофида Хатирчи туманидаги «Ангидон» маҳалласи Қуврай қишлоғи тоғ ҳудудида содир бўлган.

Маълум бўлишича, тўрт нафар фуқаро ноқонуний равишда олтин қазиб олиш мақсадида кон ҳудудига борган. Улардан уч нафари ноқонуний қазилган чуқурликка тушиб кетиб, тупроқ остида қолган. Ташқарида қолган шериги зудлик билан атрофдагилар ва Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар берган.

Қутқарувчилар ҳодиса жойига етиб келгунига қадар маҳаллий аҳоли ва ташқарида қолган фуқаро саъй-ҳаракати билан чуқурликдан бир нафар жабрланувчи чиқариб олинган.

ФВВ қутқарувчилари тезкор равишда воқеа жойига етиб бориб, тупроқ остида қолган яна икки нафар фуқарони қутқарди.

Қутқарилган фуқароларга дастлабки тиббий ёрдам кўрсатилиб, кейинчалик даволаш учун тегишли тиббиёт муассасасига юборилди.