Унда 300 нафардан зиёд ишбилармон иштирок этиб, бизнесни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларини билдирди.
Мулоқот Президент Шавкат Мирзиёев томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ошириш ҳамда бизнес учун қулай шароитлар яратиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди.
Учрашувда тўқимачилик, фармацевтика, қурилиш, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар қатнашди. Шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоят ташкилотлари вакиллари, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам иштирок этди.
Тадбиркорлар бизнесни юритиш ва кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, молиялаштириш, инфратузилма, ер ажратиш ва бошқа масалалар бўйича ўз мурожаат ва таклифларини билдирди.
Мурожаатлар масъул раҳбарлар иштирокида кўриб чиқилди. Қўшимча ўрганишни талаб этмайдиган масалалар жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар бўйича эса аниқ чора-тадбирлар, ижро муддатлари ва масъуллар белгиланди.
Очиқ мулоқотдан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шароитларни яратишдан иборат.