Ўтган замонларда бу икки қондош ва жондош эл адабий дўстлиги алоҳида шоиру адиблар фаолияти мисолида ривожланиб келган бўлса, айни кезда бу борадаги ўзаро муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам кенг кўламда равнақ топаётир. Ўзаро ижтимоий-сиёсий ва маданий-адабий алоқаларимиз янги даражада такомилга етмоқда. Президентимиз
Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев
таклифига кўра, амалий ташриф билан қардош мамлакатда бўлиб, Бутунжаҳон
урбанизация форумининг 13-сессияси тадбирларида иштирок этди. Тили ва дини,
анъана ва қадриятлари бир бўлган икки халқ, икки давлат бирдамлигининг
истиқболи борасида янги залворли қадамлар қўйилди.
Ўзаро яқин муносабатларнинг бундай даражада юксалиши бошқа барча
соҳалар сингари адабий алоқаларнинг ҳам янги босқичдаги такомилига сабаб
бўлмоқда. Жумладан, 23-25 апрель кунлари Боку шаҳрида Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Вақт ҳайкали”
китобининг озарбайжон тилидаги нашри тақдимоти юқори савияда ташкил этилгани
дўстона адабий ҳамкорлик тобора кенгаяётганидан далолат беради.
Анар муаллим
қалбидаги эҳтиром
Сафаримизнинг дастлабки куни Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси Анар
муаллим бошчилигида давра суҳбати ташкил этилди. Ижодий мулоқот қизғин
муҳокамаларга бой, икки қардош халқ адабиётига хос анъаналарнинг бугунги
янгиланиш жараёни, бунда давлат раҳбарларининг эътибори алоҳида ўрин тутаётгани
ҳақида фикрлашув руҳида ўтди.
— Аввало, Озарбайжонга хуш келибсиз! Бугун икки қардош давлат
ўртасидаги масофа ҳар қачонгидан ҳам яқинлашди. Ўн кун олдин биз Ўзбекистонда
бўлган эдик. Бугун сиз Озарбайжондасиз — на хуш дамлар! — деди давра суҳбатини
очар экан Анар муаллим. — Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлдик.
Бу марказ Ўзбекистоннинг нафақат Марказий Осиё ёки туркий дунёда, балки ислом
олами ва бутун жаҳонда адабиёт, маданият ва санъат, Қуръон ва ҳадис, калом ва
тасаввуф илмлари борасида нақадар улкан салоҳиятга эга давлат эканини намойиш
этувчи мўътабар маскан бўлибди. Ислом цивилизацияси ривожига Ўзбекистон қўшган
беқиёс ҳисса аниқ-равшан, ҳужжатли ва энг сўнгги технологиялар асосида
ёритилгани чиндан ҳам таҳсинга лойиқ!
Шундан кейин Сирожиддин Саййид икки халқ адабий ҳамкорлигининг
юксалишида давлат раҳбарларининг адабиётга кўрсатаётган юксак эътибори муҳим
асос бўлаётгани ҳақида сўзлади. Шоир ўқиган “Ўзбек – Озарбайжон фахрияси” шеъри
даврага ўзгача руҳ, шавқу завқ олиб кирди:
Айтсам агар — оламжаҳон,
Олгайдир бир нолам
жаҳон.
Қўлимдаги қалам — жаҳон,
Менинг икки болам —
жаҳон.
Бири — жон, бири — жонажон:
Ўзбекистон — Озарбайжон,
Озарбайжон —
Ўзбекистон...
Давра суҳбатида Низомий ва Навоий, Фузулий ва Огаҳий, Самад Вурғун ва
Эркин Воҳидов, Бахтиёр Ваҳобзода ва Абдулла Орипов шеърларидан ўқилди.
Аҳамиятли жиҳати, озарбайжон зиёлилари ўзбек шеъриятини, ўзбек ойдинлари
озарбайжон адабиётини нақадар чуқур билиши аён бўлди.
Навоийхонлик, фузулийхонлик, шеър завқи, ғазал шавқи алламаҳалгача
давом этди. Бу мушоиралар икки қондош халқ адабиёти қанчалар яқин эканини яна
бир карра тасдиқлади. Кўнгиллар наср бўстони чаманларидан бўй олди, назм
гулзори чечакларидан муаттар бўлди. Орадан масофа кўтарилди, икки адабиёт руҳан
бир экани янада ойдинлашди.
Ажиб ўлка бу
Озарбайжон
Сафар режамизнинг энг муҳим қисмларидан бири — тарихий Ганжа шаҳрига
бориш ва буюк Низомий Ганжавий мақбарасини зиёрат этиш эди. Мезбонларга эҳтиром
ҳамда уларда Озарбайжон ўлкаси ҳақида кенгроқ таассурот уйғотиш учун бўлса
керак, йўлимиз Буюк Кавказ тоғлари довони орқали ташкил этилди. Микроавтобус
йўлнинг танобини тортиб борар экан, Буюк Кавказ тоғлари этагида жойлашган
ширвоншоҳлар салтанатининг бошкенти Шамахи шаҳридан ўтдик. Эрамиздан аввалги
V-IV асрлардаёқ аҳоли истиқомат қилган бу тарихий шаҳар юксак маданият ва
адабиёт маркази сифатида ҳам шуҳрат қозонган. Иқлими ниҳоятда ёқимли, ҳавоси
тоза Шамахида ҳунармандчилик, айниқса, гиламчилик ва ипакчилик қадимдан
ривожланган. Тарихий обидалар, мозийдан ёдгор масжиду мақбаралар сақланиб
қолгани шаҳарнинг қадимий тарихи ва шукуҳидан далолат беради. Шамахи бошқа
барча фазилатларини санамаганда ҳам, Имодиддин Насимий, Хоқоний Ширвоний, Мирза
Алиакбар Собир, Саййид Азим Ширвоний ва Муҳаммад Ҳодий сингари улуғ шоиру
мутафаккирлар ватани экани билан Озарбайжоннинг энг мўътабар масканларидан
саналади. Шаҳарнинг йўл ёқасидаги муаззам деворларида мазкур шоирларнинг
ўймакор суратлари нақшланиб, исмлари дарж этилган.
Ажиб ўлка экан бу Озарбайжон. Ҳар бир қадамида улуғ шоиру адиблар хоки
ётибди. Ҳар бир кенту қишлоғида буюк мутафаккирлар руҳи кезиб юрибди. Биргина
Шамахидан етишиб чиққан буюк истеъдод эгаларининг ўзиёқ жаҳон адабиёти
такомилида алоҳида ўрин тутади. Устози Абул Аъло Ганжавий назарига тушиб,
ширвоншоҳлар саройида адабий муҳит шаклланиши ва ривожланишига улкан ҳисса
қўшган, Низомий Ганжавий билан дўстона муносабатда бўлиб, “Туҳфат ул-Ироқайн”
(“Икки Ироқ туҳфаси”) асари билан озарбайжон адабиётида достончиликка асос
солган Хоқоний Ширвоний ҳам ана шу маъводан етишиб чиққан. Устоз Нажмиддин
Комилов унинг машҳур “Миръот ус-сафо”сини ўзбек тилига таржима қилган. Низомий
Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Муҳаммад Фузулий,
Мирзо Абдулқодир Бедил сингари сўз санъати дарғалари татаббу ёзганининг ўзиёқ
бу қасиданинг Шарқ эстетик тафаккури ривожида тутган ўрни қанчалик баланд
бўлганига далолат қилади.
Шамахилик ХХ аср шоири Муҳаммад Ҳодий жадид боболаримиз билан яқин
муносабатда бўлган. Шеърлари ҳам Ватан ва миллат дарди ила йўғрилган, жадидона
руҳда. “Алвоҳи интибоҳ ёхуд инсонларнинг тарихий фожиалари” номли мумтоз
манзумасида Биринчи жаҳон уруши жанггоҳларидаги қирғинбарот таассуротларини
таъсирли ифодалаган:
Насл, кўрдингму тарихи башар
қонлар-ла бошланмиш,
Э воҳ, қонлар-ла, афғонлар-ла,
хусронлар-ла бошланмиш,
У қон тарихида ноқобил
инсонлар-ла бошланмиш...
Боқишлар кўлкали, юзлар
бутун
ношод шаклинда,
Бу мотамгоҳи ким кўрмиш
суруробод шаклинда.
Шоир наздида, инсон нақадар мукаррам ва шарафли бўлса, шу қадар тубан
ва бадбахт ҳамдир. Эзгуликка нечоғлиқ қодир бўлса, ёвузлик бобида ҳам унга тенг
келадиганини топиш маҳол. Башар тарихи қон тўкиш билан бошлангани ҳақида ёзар
экан, шоир одамзод кечмиши ибтидосидаги Қобил ва Ҳобил воқеасига ишора қилади.
Шундан буён қонлар, афғонлар, хусронлар (адашувлар — Н.Ж.) муттасил давом
этаётганига таассуф билдиради. Шоир шеърида ифодаланган изтиробу андуҳга
йўғрилган фикрлар бугун дунёда кечаётган хунрезликлар, мураккаб ва зиддиятли
ҳолатларга уйғунлиги жиҳатидан аҳамиятлидир.
Шеърият ва нафосат шаҳри Шамахидан ўтар эканмиз, ана шу каби гоҳ
қувончли, гоҳ изтиробли ўйлар кечди хаёлимиздан. Тилимизга озарбайжон
шоирларининг ўтли сатрлари келди. Довоннинг қуюқ туман орасидан ҳам кўриниб,
сезилиб турган гўзал ва тоза табиати, бепоён ўрмонлари шукуҳи, осмонўпар тоғлар
виқори кўнгилларни юқоридаги шеър туғдирган андуҳ ғуборларидан поклади. Биз
қадам-бақадам буюк Низомийга яқинлашар эдик.
Ганжанинг бебаҳо
ганжи
Ўзбек ва озарбайжон адабиёти такомилининг чўққисида икки буюк мутафаккир
— Низомий Ганжавий ва Алишер
Навоий ижодий мероси туради. Зоҳиран улар яшаб ижод қилган даврни уч асрлик
масофа ажратиб турса-да, икки буюк шоир ижоди моҳиятан бир-бирига уйғун. Гўё
бир даврда яшагандек, бири иккинчисини тақозо этади ва бойитади. Ҳазрат Алишер
Навоий буюк бешликнинг ҳар бир достонида улуғ салафи Низомий Ганжавий васфига
алоҳида саҳифалар бағишлайди. Ганжа шаҳрига кириб келар эканмиз, Ҳазрат
Навоийнинг мана бу сатрлари кўнгилларга ёғду улашади:
Ганжа Ватан, кўнгли онинг ганжхез,
Хотири ганжуру тили ганжрез.
Ушбу байтда Низомийнинг ватани Ганжа, кўнгли ганжхез — маъно
жавоҳирларини улашувчи, хотири хазиналарни сақловчи бўлса, тили — дуру
гавҳарлар тўкувчи, яъни қиммати баланд, теран маъноли сўзларни айтувчи экани
таъкидланган.
Не ажабки, биз ана шу тарихий шаҳардамиз. Бизни Ганжа шаҳри ҳокими
ўринбосари Одил Тагиев ва Озарбайжон Фанлар академияси Ганжа бўлими масъул
котиби Алимухтор Мухторов кутиб олди. Биргаликда Низомий Ганжавий зиёратига
бордик. Кўнгилларимиз мумдай эриб, Қуръон тиловат этдик. Буюк Низомий ва улуғ
Навоийнинг пок руҳлари, қардош халқларимиз дўстлиги ва адабий ҳамкорлиги
юксалиши учун барча имкониятларни яратиб бераётган икки давлат раҳбари ҳақига
хайрли дуолар қилдик. Интизор бўлиб келганимиз зиёратдан дилларга нур инди,
руҳимиз ойнаси ғуборлардан ариди.
Мезбонлардан бири қизиқ савол берди: “Ганжага фақат Низомий зиёрати
учун келдингизми?”. Биз: “Ҳа, Низомий Ганжавий зиёрати кўзларимизга нур,
кўнгилларимизга сурур берди”, дея жавоб бердик. Тошкент ва Ганжа шаҳарлари орасидаги
масофа ҳаво йўли орқали тахминан 2000-2100 километрни ташкил этса, автомобиль
йўли орқали бундан ҳам анча узоқ —
қарийб 3000 километр экан. Эҳтимол, қардошимиз саволида ҳам жон бордир.
Лекин Низомий ва Навоий муносабатларидан яхши хабардор ўзбек зиёлиси бу йўлни
буюк Низомий зиёрати учун босиб ўтишни шараф деб билиши аён.
“Садди Искандарий” достонида Ҳазрат Алишер Навоий буюк салафлари —
Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва бошқа улуғлар билан ҳол
тили ила мулоқот қилмоққа муяссар бўлади. Шунда Низомий Ганжавий Ҳазрат
Навоийга қарата мана бундай сўзларни айтади:
Сипеҳр айлаб эл ичра нодир сени,
Жаҳон назми таврида қодир сени...
Ки, келди замонида сендек киши —
Ки, эрмас ишинг одамизод иши.
Ҳазрат Низомий буюк халафи Алишер Навоийнинг бундай улуғ даражага
эришуви сабабини бу ишга поклик ила қўл ургани, поклар руҳи унинг йўлини
очгани, ҳар саҳар улуғ устозлари руҳини дуо билан шод этгани, улар номини ихлос
ила ёд этгани билан изоҳлайди. “Йўқ эрса эрур асру савдои хом, Ики йилда бир
“Хамса” қилмоқ тамом”, дея “Хамса”ни икки йилда якунлаб, шараф топгани ана шу
фазилатлари туфайли эканига урғу беради. Биз ҳам бу улуғ сиймолар зиёратидан
чексиз баҳра олдик.
Ҳазрат Низомий зиёратидан сўнг фузулийшунос олим ва адиб Мир Жалол
Пашаев уй-музейида бўлдик. Адибнинг ибратли ҳаёт йўли, қимматли асарлари билан
танишдик. Озарбайжон Ёзарлар бирлигининг Ганжа вилояти филиалида шоиру адиблар
билан қизғин ижодий мулоқот ўтказилди. Озарбайжон халқ ёзувчиси Анар Рзаевнинг
онаси Нигор Рафибейли ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, шоира хотирасига эҳтиром
кўрсатилди. Ганжа сафари буюк Низомий зиёрати баробарида беназир мутафаккирнинг
бугунги издошлари ижоди билан ҳам яқиндан танишилгани, икки улуғ шоир авлодлари
ўртасидаги дўстлик кўприклари янада мустаҳкамлангани билан ҳам хотирамизга
муҳрланди. Ёруғ хаёллар оғушида Ганжа — Боку йўлини қандай босиб ўтганимизни
ҳам сезмадик.
Улуғлар зиёрати —
кўнгиллар ҳаловати
Сафаримизнинг учинчи куни ҳам зиёрат билан бошланди. Боку шаҳридаги
“Шаҳидлар хиёбони”даги шўро даври фитналарининг қурбони бўлган шаҳидлар
хотирланди. Шундан сўнг Озарбайжон Республикасининг биринчи президенти Ҳайдар
Алиев қабри зиёрат этилиб, улуғ давлат арбоби ёдгорлиги пойига гулчамбарлар
қўйилди. Шу масканда дафн этилган машҳур шоир Самад Вурғун қабрини зиёрат қилар
эканмиз, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид унинг мана бу сатрларини
берилиб ўқиди:
Агар сендан тонар бўлсам,
насибим оҳу зор ўлсин,
Баҳорим қишга айлансин,
чечаксиз бир диёр ўлсин.
Чаманзорим, боғим-боғчам тўкилсин,
бори хор ўлсин,
Мазорим ўт олиб ёнсин,
бу ишқим ошкор ўлсин.
Қўй, эй булбул! Тин, эй довул,
ки хоҳиш истироҳатдир,
Бу ерларда илинжим йўқ,
юпанчим бир саёҳатдир.
Ўлим, эй воҳ, бу неъматдир,
бу бир шонли саодатдир,
Агар бевақт ўлар эрсам,
рақибим бахтиёр ўлсин...
— Бу шеърни Раззоқ Абдурашид таржима қилган, — деди Сирожиддин Саййид.
— Бетакрор шеър ва унинг беназир таржимаси!
Шоирнинг қувваи ҳофизаси барчамизни ҳайратлантирди. Сўз Фузулий ҳақида
кетадими ёки Мулла Паноҳ Воқиф, Самад Вурғун тўғрисидами ёки Бахтиёр Ваҳобзода
хусусида — Сирожиддин ака улар шеърларидан дурдона мисраларни ёддан айтади.
Бокуда вақтга қўйилган
ҳайкал
Зиёратдан сўнг Озарбайжон Ёзарлар бирлиги мажлислар залида Сирожиддин
Саййиднинг озарбайжон тилида нашр этилган “Вақт ҳайкали” шеърий тўплами
тақдимоти ўтказилди. Тадбирни очиб берар экан, Анар муаллим мана бундай
сўзларни айтди: “Бугун ушбу кошонамизга Навоий ва Бобур юрти — қардош
Ўзбекистондан келган делегация аъзоларига хуш келибсиз деймиз! Азалдан қондош
ва бир-биримизни яхши билган элмиз. Икки халқнинг бирдамлигини, икки
Президентнинг дўстлигини билиб, кузатиб турибмиз. Давлатларимиз раҳбарлари
юритаётган сиёсат таҳсинга сазовор. Бу дўстлик адабий ҳамкорлигимизга ҳам кенг
йўл очаётир. Сирожиддин Саййиднинг “Вақт ҳайкали” китоби озарбайжон тилига
таржима этилгани ҳаммамизни хурсанд қилди. Бу китоб ўзбекнинг улуғ шоири
асарлари таржималарининг дебочасидир. Ҳали кўп юксак шеърлари, достонлари
таржима этилиб, озарбайжон халқининг адабий-маънавий хазинасига айланажак”.
Илм йўлларида, буюк Навоий бобомиз меросини ўрганиш ва халқимизга
етказиш йўлида баҳоли қудрат хизмат қилиб юрган бир мутахассис сифатида Анар
муаллимнинг: “Ўзбекистондан таниқли олим Нурбой Жабборов домла келган, биз уни
машҳур навоийшунос сифатида биламиз”, деган фикрлари тафаккуримга нур,
кўнглимга сурур бағишлади. Бу эътироф, табиийки, бундан кейин қилинадиган катта
ишлар учун масъулият ҳиссини юклайди.
Тақдимотда Ўзбекистоннинг Озарбайжон Республикасидаги Фавқулодда ва
мухтор элчиси Баҳром Ашрафхонов Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг
“Вақт ҳайкали” китоби таржимаси икки халқ адабий алоқалари ривожида алоҳида
ўрин тутишини, таржимонлар Акиф Бағиров ва Яшар Қосимов хизматлари таҳсинга
лойиқ эканини алоҳида таъкидлади. Бундай китоблар икки халқ дўстлигини юқори
даражада юксалтириши хусусида сўзлади. Камина ҳам ушбу шеърий тўплам
таржимасининг аҳамияти хусусида гапирдим.
“Вақтга ҳайкал қўймоқ пайти ҳам етди!” — ушбу сатр Сирожиддин
Саййиднинг 1984 йили ёзилган “Саксонинчи йиллар” достонидан олинган. Вақт деган
улуғ неъматни қадрлаш, уни елга совуришдан сақланмоқ, асл ҳақиқатларга
бағишламоқ — вақтга ҳайкал қўйиш деганда шоир
ана шу теран моҳиятни назарда тутади.
Ҳаёт!
Кўзларингни мендан яширма!
Ҳаёт!
Дардларимга ўзинг бер ҳаёт!
Сен ўзинг дунёда энг буюк бахтсан,
Сен ўзинг дунёда энг буюк фарёд.
Шоир ана шу энг буюк бахт ва энг буюк фарёд бўлган ҳаёт фалсафасини
ўзига хос талқин этади. Унингча, ҳаёт Ҳазрат Навоий куйлаган азоб, устоз Ғафур
Ғулом эъзозлаган эзгу дард. Зеро, ҳақиқий шеър ана шу азоб ва эзгу дард
ҳосиласи. Вақтга ижодкор қўяжак ҳайкал “Фоний ҳасрат эмас — Олий Орзудан,
Ўткинчи ғам эмас — Юксак Ишончдан” қурилмоғи зарур. “Туғёндан, виждондан,
гиёҳдан, тонгдан, Шабнамдан, қасамдан, севги, қувончдан” бунёд этилмоғи керак бу
ҳайкал.
Ҳақиқий шоир фақат ўзини ўйлай олмайди. Унинг юрагини мудом миллат
дарди, башарият дарди ўртайди. У Ҳазрат Навоий бўлиб Астрободга сургун этилади,
Собир Термизий бўлиб сувга ғарқ қилинади. Замондан қуюн янглиғ ўтиб,
“Бобурнома” бўлиб битилади. Дунёда кечаётган уруш-талошлар, зулм-ўлдиришлар,
талон-тарожлар қалбини муттасил изтиробга солади, руҳини ғам денгизига
чўктиради. Афғонистон қумларида аскарлар йиқилганда У ҳам ёзув столида сўзсиз
яраланади. Женевадаги тинчлик шартномалари чўзилганда, уни таҳликага солган
муддатлар ҳам узаяди. Никарагуада, Байрутда юз берган вайронагарчилик ва
қотилликлардан дафтарига қон сачрайди, самоларда жон берган Муин Бсису ҳасрати
унинг ҳам кўнглига мунг солади. Она кўз ёшлари тимсолида дунё кўз ёшларининг
моҳиятини англайди. Инсон дард билан буюк эканини юракдан ҳис этади. Бутун дунё
виждонларини бирлашмоққа чорлайди.
Достон мана бундай хулосаланади:
Менинг кўз олдимда Вақт турар фақат —
Бутун Инсоният шаклидаги Вақт.
Вақтни инсоният шаклида тасаввур этиш, ҳис этиш учун шоирона юксак
тафаккур ва ижодий тахайюл, тонгдай тоза қалб зарур, юракда чўнг дард бўлмоғи
керак. Сирожиддин Саййид ана шундай залворни елкасига олган салоҳиятли ижодкор.
Шу боис, турли миллат шоирлари унинг асарларини ўз тилларига таржима қилмоққа эҳтиёж
сезаётир. Шеърлари қардош ўлкаларда ҳам севиб ўқилмоқда.
“Вақт ҳайкали” китобини озарбайжон тилига машҳур “Ўзбек келаётир!”
шеъри муаллифи, атоқли шоир ва адабиётшунос Акиф Азалп ҳамда ижодкор ва олим
Яшар Қосим таржима қилган. Китобдан шоирнинг инсон ва жамият муносабатлари,
ҳаёт ва ишқ фалсафаси, Ватан ва халқ муҳаббати, тарих ва замон концепцияси
билан боғлиқ сара шеърлари, “Саксонинчи йиллар” ҳамда “Таназзул” достонлари
ўрин олган. Бу нашр фақат Сирожиддин Саййиднинггина эмас, ўзбек шеъриятининг
ҳам ютуғи, ўзбек-озарбайжон адабий алоқалари муттасил ривожланаётгани
далилидир. Шоирнинг энг сара шеърлари ва достонлари ўрин олган тўплам шеърият
муҳиблари кўнглидан чуқур жой олиши шубҳасиз.
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор