Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов иштирок этди.

Тадбир халқаро ҳамкорлик, барқарор ривожланиш, иқлим ва энергетика хавфсизлиги, шунингдек, глобал бошқарувда рақамли технологияларнинг ўрни юзасидан фикр алмашиш учун мулоқот майдони бўлди.

Глобал бўлиниш шароитида иқлим соҳасидаги ҳамкорликка бағишланган сессияда сўзга чиққан Э. Арипов сиёсий тарқоқлик кучайиб бораётган бир пайтда иқлим ўзгариши давлатларнинг ўзаро боғлиқлигини янада ошираётганини таъкидлади.

Унинг фикрича, иқлим билан боғлиқ муаммолар нафақат хавф-хатар манбаи, балки минтақавий ҳамкорликка муҳим туртки берувчи омилга ҳам айланмоқда. Бу, айниқса, сув, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бир-бири билан чамбарчас боғлиқ бўлган Марказий Осиёда яққол намоён бўлмоқда.

У келтирган маълумотларга кўра, Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичга нисбатан икки баробар тез ошмоқда. Сўнгги олтмиш йил ичида эса музликлар майдони қарийб 30 фоизга қисқарган. Айни пайтда музликлар минтақа сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи шаклланишида муҳим ўрин тутади. Улар қишлоқ хўжалиги, энергетика ва миллионлаб инсонлар ҳаёти боғлиқ бўлган Амударё ва Сирдарёни сув билан таъминлайди.

Аҳоли сони ва иқтисодиётнинг ўсиши ресурсларга бўлган эҳтиёжни оширмоқда. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб Марказий Осиё аҳолиси 100 миллион кишига етади. Сув, озиқ-овқат ва энергияга талаб ортиб боради, иқлим ўзгариши эса ушбу ресурслар билан таъминланганлик даражасини олдиндан баҳолашни тобора қийинлаштирмоқда.

Мазкур муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида сўз юритилар экан, минтақавий ҳамкорликнинг аҳамиятини алоҳида таъкидланди. Унинг қайд этишича, БМТ иқлим соҳасидаги умумий мақсадларни белгилаб беради, бироқ уларга эришиш ҳар бир минтақанинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишни талаб этади. Зеро, бир неча давлат ҳудудини қамраб олган дарё ҳавзалари ва музликлар тизимларини мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатларсиз сақлаб қолиш имконсиз.

СМТИ директорининг фикрича, глобал мулоқот қийинлашган шароитда минтақавий ҳамкорлик форматлари алоҳида аҳамият касб этади. Улар амалий ҳамкорликни давом эттириш ва умумий вазифаларни ҳал қилиш имконини беради.

Шунингдек, иқлим соҳасидаги чора-тадбирларни молиялаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. У иқлим билан боғлиқ хавф-хатарлар бир вақтнинг ўзида бир неча давлатга таъсир кўрсатишига қарамай, халқаро кўмак асосан алоҳида мамлакатлар ва лойиҳаларга йўналтирилаётганини қайд этди.

Шу муносабат билан эксперт табиий ресурсларни асраш ва иқлим ўзгаришига мослашишга қаратилган қўшма лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини ривожлантиришга чақирди. Бундай ёндашув умумий дарё ҳавзасининг ҳолатига боғлиқ бўлган барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш имконини беради.

Иқлим ўзгаришига мослашишни асосий устувор йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Унинг таъкидлашича, ривожланаётган давлатлар учун узоқ муддатли энергетик ўтиш билан бир қаторда кундалик вазифаларни ҳал этиш ҳам муҳим. Фермерларни сув билан таъминлаш, аҳолини сув тошқинлари ва қурғоқчиликка тайёрлаш, одамларнинг даромад манбаларини сақлаб қолиш шулар жумласидандир.

Сўзининг якунида у геосиёсий келишмовчиликлар халқаро ҳамкорликни издан чиқармаслиги кераклигини таъкидлади. Сув ресурсларини бошқариш, экологик мониторинг ва иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари бўйича барқарор мулоқот давом этиши лозим.

Маълумот учун: тадбирда амалдаги ва собиқ давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари, БМТ, халқаро ташкилотлар, парламентлар, экспертлар ҳамжамияти ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди. Фахрий иштирокчилар орасида Латвия ва Черногориянинг амалдаги президентлари, шунингдек, Болгария, Хорватия, Сербия, Словения, Финляндия, Босния ва Герцеговина, Австрия, Буюк Британия, Белгия, Чехия, Руминия, Греция ва бошқа давлатларнинг собиқ президентлари ҳамда бош вазирлари бор.

Тадбирнинг очилишида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адҳаном Гебреесус, БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТ Цивилизациялар алянсининг олий вакили Мигель Анхел Моратинос, БМТ Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК) ижрочи котиби Татяна Молчан ҳамда Хитой ҳукуматининг Европа масалалари бўйича собиқ махсус вакили У Хунбо нутқ сўзлади.