Рейтинг глобал тадқиқот ва инновацион ривожланиш бўйича дунё мамлакатлари фаолиятини баҳолайдиган етакчи тадқиқот ҳисобланади ҳамда 2 та субиндекс ва 7 та йўналиш гуруҳига бирлаштирилган 80 га яқин индикаторни ўз ичига олади.

Жорий йил 29-сентябрь куни эълон қилинган  GIIнинг 2026 йил ҳисоботига кўра, Ўзбекистон ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан 2 поғона ўсиб, 139 та мамлакат орасида 77-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон қуйи ва ўрта даромад гуруҳида 36 та мамлакат ўртасида кучли 8 талик ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида 11 та мамлакат ичида кучли 4 талик мамлакатлар қаторидан жой олди.

Рейтингда инновацияларга йўналтириладиган сармоя ва ресурслар (innovation input) субиндексида 68-ўрин (1 поғонага ўсди) ва инновациялар натижадорлиги (innovation output)  субиндексида 78-ўрин (14 поғонага ўсди) эгаллади.

Маълумот учун: Ўзбекистон GII рейтингига илк бор 2015-йилда қўшилган бўлиб, 141 та мамлакат орасида 122-ўринни эгаллаган. Мамлакатимиз 2025-йилда 139 та мамлакат орасида 79-ўриндан жой олган.

Ўзбекистон GII рейтингида илм-фан, тадбиркорлик ва меҳнат унумдорлиги бўйича жаҳонда юқори натижаларни қайд этди.

Хусусан, мамлакатимиз “Илм-фан ва муҳандислик соҳасида битирувчилар” индикаторида 2-ўринни, “Тадбиркорлик сиёсати ва маданияти” индикаторида 3-ўринни, “Стартап ва скайлапларни молиялаштириш” индикаторида 4-ўринни ҳамда “Меҳнат унумдорлиги ўсиши” индикатори бўйича 7-ўринни эгаллади.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги “Мамлакат тараққиётининг 2030-йилгача мўлжалланган устувор йўналишлари доирасида ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-21 сон Фармонига кўра GII рейтингида 2030 йилга келиб Ўзбекистонни дунёдаги етакчи 60 та инновацион давлат қаторига киритиш вазифаси ҳамда 2026 йилда 77-ўринни эгаллаш мақсадли кўрсаткичи белгиланган.