Тадбир «Ҳамжиҳатликдаги тараққиёт, умумий инсон ҳуқуқлари: Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганининг 40 йиллиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарувнинг янги истиқболи» мавзусига бағишланди.

Форумда асосий эътибор рақамли трансформация, иқлим ўзгариши ва глобал ижтимоий-иқтисодий муаммолар шароитида ривожланиш ҳуқуқини таъминлашга доир замонавий ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилди.

Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муратова иштирок этди.

Форумда дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан давлат органлари, илмий-эксперт ҳамжамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари – жами 400 дан зиёд иштирокчи қатнашди.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарув форуми Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгашининг Матбуот идораси ва ХХР Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқларини ўрганиш бўйича Хитой жамияти ҳамда Хитойнинг Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилди.

Ялпи мажлисда Миллий марказ вакили томонидан Ўзбекистонда ижтимоий давлат тамойилларига асосланган ислоҳотларга, инсон капиталини ривожлантиришга, таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат тамойилларини амалга ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни илгари суриш ва барқарор ривожланиш учун имкониятларни мустаҳкамлаш борасидаги тажрибаси тақдим этилди.

Форум иштирокчилари жорий йилн сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари бўйича бешинчи Самарқанд форумида иштирок этишга таклиф этилди.

Форум иштирокчилари томонидан Хитойнинг мамлакатни модернизация қилиш жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги сезиларли ютуқлари қайд этилди. Инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва инсониятнинг ягона тақдири ҳамжамиятини шакллантириш учун халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.

Форум доирасида Хитойнинг 2026–2030 йилларга мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий ҳаракатлар режаси ҳам тақдим этилди.

Дастур доирасида Форум ўз ишини бешта мавзули шўъбаларда давом эттирди. Бунда глобал бошқарув ва инсон ҳуқуқлари, сунъий интеллект даврида ривожланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, модернизация ва инсоннинг ҳар томонлама камол топиши ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар муҳокама этилди.

Форум якунида замонавий технологиялар, иқлим ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар билан боғлиқ турли таҳдидлар шароитида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигига яна бир бор эътибор қаратилди. Иштирокчилар ривожланиш ҳуқуқини илгари суриш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарув тизимини такомиллаштириш муҳимлигини тасдиқладилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази матбуот хизмати.