Хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — Янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдевори эканлигини бир неча бор таъкидлаган эди.
Давлат раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида жамиятда бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳолининг медиасаводхонлигини ошириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Шунингдек, мамлакатимизда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун, миллатлараро муносабатларни ривожлантиришга оид Президент фармон ва қарорлари, экстремизмга қарши кураш соҳасидаги давлат дастурлари ҳамда рақамли технологиялар ва ахборот хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазкур соҳада олиб борилаётган изчил давлат сиёсатининг мустаҳкам ҳуқуқий асосини ташкил этмоқда.
Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси дунёда бағрикенглик маданиятини қарор топтиришга хизмат қилаётган муҳим халқаро ҳужжат сифатида эътироф этилган.
Шу боис, глобаллашув ва рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши шароитида ахборот макони жамият ҳаётининг барча соҳаларига, хусусан, миллатлараро муносабатлар ва диний ҳаётга бевосита таъсир кўрсатмоқда. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва рақамли коммуникация воситалари инсонлар ўртасида ўзаро мулоқотни кенгайтириш билан бирга, айрим ҳолларда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликка таҳдид солувчи ғоялар, ёлғон ахборот ва радикал қарашларни тарқатиш майдонига ҳам айланиб бормоқда. Рақамли дунё шароитида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласи алоҳида илмий-амалий аҳамият касб этмоқда.
Рақамли трансформация шароитида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, илмий ёндашувлар ва амалий таклифларни ишлаб чиқиш, давлат органлари, халқаро ташкилотлар, диний конфессиялар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда экспертлар ўртасида конструктив мулоқотни янада мустаҳкамлаш мақсадида, мазкур масалаларни тахлил этиш, янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида жорий йилнинг 8 июль куни Марказ томонидан Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамкорлигида “Рақамли дунёда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Конференцияда Олий Мажлис депутатлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий экспертлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, диний конфессиялар раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда ёшлар ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни очиб берган Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров рақамли дипломатиянинг замонавий аҳамиятига тўхталиб: “Бугун рақамли макон нафақат ахборот алмашиш воситаси, балки инсонлар онги, қарашлари ва қадриятлари шаклланадиган муҳим майдонга айланди. Халқ дипломатияси рақамли дипломатия билан уйғунлашган ҳолда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлашнинг самарали воситаси бўлиб бормоқда”, — деб қайд этди.
Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси раҳбари Андре Альгермиссен ўз маърузасида: “Барқарор жамият қуришда рақамли технологиялар инсон қадр-қиммати, демократия ва бағрикенглик тамойиллари билан уйғун ривожланиши зарур”, — дея таъкидлади.
Шунингдек, Жамғарманинг Бош котиби Марк Шпайх эса халқаро ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида урғу бериб: “Рақамли даврда инсон ҳуқуқлари, диний бағрикенглик ва демократик қадриятларни мустаҳкамлаш соҳасида тажриба алмашувини янада кенгайтириш муҳим”, — деб айтиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Ғанишер Ирматов: “Миллатлараро тотувлик мамлакат барқарорлиги ва изчил тараққиётининг энг муҳим кафолатларидан биридир. Уни рақамли муҳитда ҳам асраш ва мустаҳкамлаш барчамизнинг умумий вазифамиздир”, — дея қайд этди.
Тадбирда иштирок этган Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов ўз сўзида: “Рақамли платформалар жамиятни бирлаштирувчи самарали воситага айланиши учун уларда ишончли ва хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш зарур”, — деб айтиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси раиси Нодир Жумаев эса ўз видеомурожаатида: “Рақамли технологиялар давлат ва жамият ўртасида очиқлик, шаффофлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Ахборот маконида масъулиятли мулоқот маданиятини шакллантириш бугунги куннинг муҳим вазифасидир”, — дея таъкидлади.
Конференциянинг ялпи мажлисида рақамли коммуникациялар, давлат бошқаруви, диний бағрикенглик, маданиятлараро мулоқот, медиасаводхонлик, ахборот хавфсизлиги ҳамда ёшлар сиёсатига бағишланган маърузалар тингланди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғофуров Марказий Осиё халқларини азалдан ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва яхши қўшничилик анъаналари бирлаштириб келганини, мазкур бой меросни замонавий рақамли воситалар орқали ёш авлод онгига етказиш барқарор тараққиётнинг муҳим шарти эканини қайд этди.
Рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари Митрополит Викентий динлараро мулоқот умуминсоний қадриятларга асосланиши, рақамли макон эса ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилишга хизмат қилиши лозимлигини билдирди.
“Digital Generation Uzbekistan” нодавлат нотижорат ташкилоти директори Азамат Жалолов ёшлар хавфсиз ва масъулиятли рақамли муҳитни шакллантиришда ҳал қилувчи куч эканини, уларда танқидий фикрлаш ва медиасаводхонлик кўникмаларини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этишини қайд этди.
“Зиё Форум” фонди Ёшлар маркази раҳбари Сирожиддин Бозаров ёшларнинг рақамли саводхонлигини юксалтириш, ишончли ахборотни саралаш ва таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш экстремистик ғояларга қарши энг самарали маърифий чоралардан бири эканини таъкидлади.
Конференция якунида иштирокчилар рақамли маконда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, экстремизм ва радикализм профилактикаси, медиасаводхонликни ривожлантириш, ёшларнинг ахборот маданиятини юксалтириш ҳамда давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни илгари сурдилар.
Таъкидланганидек, мазкур халқаро илмий-амалий конференция Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, рақамли маконда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим илмий-амалий мулоқот майдони бўлди.
Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг
Халқ дипломатияси маркази матбуот хизмати