Бу ҳақда "Миллар" дастурида хабар берилди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, маҳкумга жазони ижро этиш колонияси раҳбарининг ёрдами билан уяли телефон олиб кирилган. Бу эса унга муассасада жазо ўтаётган вақтида ҳам наркотик моддалар савдосини ташкил этиш имконини берган.
Шундан сўнг у ташқаридаги ёрдамчилари орқали гиёҳвандлик воситаларини буюртмачиларга етказиб бериш тизимини йўлга қўйган.
Тезкор тадбирлар давомида мазкур гуруҳга алоқадорликда гумон қилинган 9 нафар фуқаро қўлга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилган ишда гуруҳ етакчиси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилиб, 14 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 60-моддасига асосан, аввалги суд ҳукми бўйича тайинланган жазонинг ўталмаган қисми қисман қўшилиб, якуний жазо белгиланган. Судланувчи ўта хавфли рецидивист деб топилиб, жазони махсус тартибли колонияда ўташи белгиланган.
Гуруҳнинг бошқа олти нафар эркак аъзосига ҳам қилмишларига қараб 10 йилдан 14 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Ишдаги эътиборли жиҳатлардан бири — жиноий гуруҳ таркибида икки нафар аёл ҳам бўлганидир.
Суд ҳукмига кўра, улардан бири Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилиб, 57-модда қўлланилган ҳолда 8 йилга озодликдан маҳрум этилган. Аввалги суд ҳукми бўйича ўталмаган жазо қисмини қўшиш натижасида унга узил-кесил 8 йил 6 ойлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Шунингдек, жазони ўташ жойида гиёҳвандликка қарамликдан мажбурий даволаниш тиббий хусусиятидаги чораси тайинланган.
Иккинчи аёлга эса 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.