Юкламага қарамай, шаҳар бўйича умумий тирбандлик кўрсаткичи 6 балл даражасида сақланди. Айрим участкаларда ҳаракат тезлиги пасайган бўлса-да, тирбандликларнинг кескин ортишига йўл қўйилмади.

Нега бу муҳим?

Чорраҳа ўтказувчанлиги максимал чегарага яқинлашганда, автомобиллар сонининг кичик ўсиши ҳам навбатнинг кескин узайишига олиб келиши мумкин. Шу боис транспорт оқимининг 30 фоизга ортиши алоҳида кўчалар ва улар билан боғланган чорраҳалар тармоғи учун жиддий юклама ҳисобланади.

Тирбандликни 6 баллда ушлаб туришга доимий мониторинг, мувофиқлаштирилган иш ва светофор фазаларини тезкор ўзгартириш орқали эришилди.

Шаҳар транспорт ҳаракати — реал вақт режимида

ЙҲТEМ транспорт оқимларини марказлашган тарзда кузатиш ва бошқариш учун Вазиятлар марказини ишга туширди.

Махсус рақамли тизимга пойтахтдаги деярли барча муҳим тартибга солинадиган чорраҳалар уланган. Мутахассислар реал вақт режимида йўл ҳолати, светофорлар ишлаши, автомобиллар навбатининг шаклланиши ва жамоат транспорти ҳаракатини кузатади. Эрталабки, кундузги ва кечки ҳолат, шунингдек, юклама юқори магистраллардаги ҳаракат алоҳида таҳлил қилинади.

Бу локал тирбандлик қўшни кўчаларга тарқалиб кетишидан олдин автомобиллар навбати ортишини аниқлаш имконини беради.

Тирбандлик қандай бартараф этилади?

Иш жараёни аниқлаш — таҳлил қилиш — тартибга солиш — натижани текшириш тамойили асосида ташкил этилган.

Навбат ортганда мутахассислар транспорт оқими интенсивлиги ва қўшни участкалардаги вазиятни баҳолайди.

Заруратга қараб:

юклама юқори йўналишда яшил чироқ давомийлиги узайтирилади;

светофор фазалари қайта созланади;

қўшни светофорлар ўзаро мувофиқлаштирилади;

навбатнинг кейинги чорраҳага ўтиб кетишининг олди олинади.

Шундан сўнг кузатув давом эттирилиб, ҳаракатнинг қанчалик тез тикланаётгани баҳоланади.

Светофор созламалари етарли бўлмаганда

Агар тирбандлик ЙТҲ, носоз ёки тўхтаб қолган автомобил, йўл тасмасининг ёпилиши, таъмирлаш ишлари ёки тўхташ қоидаларининг бузилиши сабабли юзага келса, маълумот тезкор равишда Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларига етказилади.

Жойнинг ўзида қўлда тартибга солиш, йўл тасмасини бўшатиш ёки хавфсиз айланиб ўтиш ташкил этилади. Заруратда йўл, коммунал, авария ва бошқа тегишли хизматлар ҳам жалб этилади.

Транспорт ҳаракатини ким назорат қилади?

Вазиятлар марказида йўл-транспорт ҳолатини ҳар куни назорат қилувчи ишчи гуруҳ фаолият юритади.

Унинг таркибига:

Тошкент шаҳар ЙҲТEМ;

Тошкент шаҳар Транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармаси;

Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат хавфсизлиги хизмати ЙҲХБ;

жамоат транспорти диспетчерлик хизматлари;

муҳандислик бўлинмалари, транспорт моделлаштириш мутахассислари, таҳлилчилар ва дастурчилар вакиллари киради.

Маҳаллий мутахассислар билан бирга хорижий экспертлар ҳам йўл-транспорт ҳолатини таҳлил қилиб, транспорт оқимлари тақсимоти, тирбандлик сабаблари ва қабул қилинаётган чоралар самарадорлигини ўрганмоқда.

Янги ўқув йилининг биринчи куни натижаси

Автомобиллар сони 30 фоизга ошганига қарамай:

тирбандлик кўрсаткичи 6 балл даражасида сақланди;

тирбандликларнинг кескин ортишига йўл қўйилмади;

ҳаракатдаги қийинчиликлар тезкор аниқланиб, зарур чоралар кўрилди;

муҳим чорраҳалар доимий назорат остида бўлди.

Яқин кунларда мониторинг кучайтирилган тартибда давом эттирилади. Олий таълим муассасалари, академик лицейлар, техникумлар ва бошқа таълим муассасаларида машғулотлар бошланиши билан транспорт юкламаси босқичма-босқич ортиши мумкин.