Вазирлик баёнотида муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракат номақбул экани таъкидланган.

«Саудия Арабистони Подшоҳлиги билан тўлиқ бирдамлигимизни билдирамиз ҳамда муқаддас қадамжолар, тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни номақбул деб ҳисоблаймиз», — дейилади ТИВ баёнотида.

Ўзбекистон ТИВ барча томонларни максимал даражада вазминлик намоён этишга, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилишга, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга чақирган.

Шунингдек, Ўзбекистон кескинликни камайтириш, можаронинг янада тарқалишининг олдини олиш ҳамда минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Маълумот ўрнида, Саудия Арабистони томони 16 сентябрь куни ҳаво мудофааси кучлари Макка шаҳри яқинида дронни уриб туширганини маълум қилган. Саудия томони дронни ҳусийлар учирганини билдирган бўлса, ҳусийлар Маккани нишонга олганини рад этган.