50 минг доллар эвазига АҚШга жўнатмоқчи бўлган шахс ушланди

    У "аванс" сифатида 10 минг АҚШ долларини олётган вақтида қўлга олинди.

    ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 1996 йилда туғилган, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро Ж.Й. маҳаллий фуқарони 50 минг АҚШ доллари эвазига "Тошкент — Европа Иттифоқи — Мексика — АҚШ" йўналиши орқали АҚШга жўнатишни ваъда қилиб, зарур ҳужжатларни расмийлаштириш учун фуқаро Н.Т.дан "аванс" сифатида 10 минг АҚШ долларини олётган вақтида қўлга олинди.

    Фуқаро Ж.Й.га тегишли автомашина кўздан кечирилганида фуқаро Н.Т.га тегишли хорижга чиқиш паспорти, унинг қизининг ИД-картаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ва ҳоказолар борлиги аниқланиб, ашёвий далиллар тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

    Ҳозирда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дея хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.