Давлатимиз раҳбари ватандошларимиз ва Жўқорғи Кенгес депутатларига мурожаат қилди

    Ҳукумат 3 июл 2022 649

    Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашув ўтказмоқда. Давлатимиз раҳбари ватандошларимиз ва Жўқорғи Кенгес депутатларига мурожаат қилди.

    "Бугун мен Ватанимизнинг тақдири ва келажагига, қутлуғ заминимиздаги тинчлик ва барқарорликка бефарқ бўлмаган барча инсонларга мурожаат қилмоқчиман.

    Қорақалпоғистон Республикасида содир этилган ташвишли воқеаларни ҳар биримиз, барча Ўзбекистон фуқаролари юрагимизда чуқур дард ва изтироб билан қабул қилмоқдамиз.

    Маълумки, шу кунларда мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича умумхалқ муҳокамаси давом этмоқда.

    Конституциявий ислоҳотлар мамлакатимизни ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, “инсон қадри учун” деган эзгу ғояни амалда қарор топтиришга қаратилгандир.

    Фуқароларнинг ўз фикри ва хоҳиш-иродасини демократик принциплар ва ҳуқуқий нормалар асосида эркин билдириш бўйича яратилган шарт-шароитларга қарамасдан, айрим ғаразли кучлар конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида тажовузкорлик ва зўравонлик йўлини танлаб, Ўзбекистондаги вазиятни беқарор этиш ва издан чиқаришга уринмоқда.

    Сохта ахборотларни тарқатишнинг синалган технологияларидан, ижтимоий тармоқлар имкониятидан фойдаланган ҳолда, бузғунчи кучлар аниқ мақсадни кўзлаб, фуқароларни Конституцияга хилоф фаолиятга жалб этмоқда.

    Уларнинг асосий мақсади жамиятни пароканда қилиш, давлатимиз томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик сиёсатига бўлган ишончни сусайтириш, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига путур етказишдан иборат", деди Президент.

    "Илгари хабар қилинганидек, бир гуруҳ шахслар 2022 йил 1 июль куни Нукус шаҳрида сохта шиорларни ўзига ниқоб қилиб олган ҳолда, фуқароларнинг ишончига кириб, уларнинг фикрини чалғитиб, ҳокимият вакилларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, тартибсизликлар келтириб чиқарди, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларини эгаллаб олишга уринди.

    Улар 2022 йил 2 июль куни жамоат тартибини бузишга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш ҳақидаги талабларга қулоқ солмасдан, республиканинг маъмурий марказидаги асосий кўчаларда бузғунчи ҳаракатларни давом эттирди.

    Бундан ташқари, тартибсизликларда қатнашган айрим кимсалар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари билан тўқнашувларни келтириб чиқаришга, қўриқланадиган ҳудудларга зўравонлик билан бостириб киришга уринди, биноларга тош ва турли буюмлар отишди.

    Шаҳар бўйлаб юриш давомида улар инфратузилма объектларига сезиларли даражада зарар етказишди. Биноларнинг ойналарини синдириб, ёнғинлар содир этишди. Бир нечта гуруҳлар қурол-яроғларни қўлга киритиш мақсадида Нукус шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ва Миллий гвардия бошқармаси биноларини эгаллашга уринишди.

    Ушбу кимсалар сон жиҳатига кўра нисбий устунликдан фойдаланиб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ҳужум қилишди, уларни аёвсиз калтаклаб, оғир тан жароҳатлари етказишди.

    Минг афсуски, тинч аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари орасида қурбонлар бор".

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates