Ижарага ажратилган ерни 100 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган фирибгарнинг режаси "ўхшамади"

    У 590 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

    Фуқаро А.Б. Қашқадарё вилояти ИИБ ЖҚБ Ер ресурслари талон-торож қилинишига қарши курашиш бўлинмасига қилган мурожаатига асосан, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

    Тадбир жараёнида фуқаро М.М. Косон тумани "Гулбоғ" маҳалласи ҳудудидан туман ҳокимининг қарори билан “Ғ.А” фермер хўжалигига 49 йил муддатга ижара ҳуқуқи асосида ажратилган 50 гектар ер майдонини 100 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, келишилган пулдан 590 млн. сўмини ариза муаллифидан фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

    Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Косон тумани бўлими томонидан М.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган.