Келажак олдидаги масъулияти

     Шу кунларда юртимизда муҳим сиёсий тадбир – Президент сайловига тайёргарлик жараёни ҳам қизғин паллага кирди. 

    Айтиш жоизки, Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш БМТнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пакти асосида ишлаб чиқилган бир нечта халқаро ҳужжатлар асосида ташкил этилади. Бу ҳужжатлар умумлаштирилиб Халқаро сайлов стандартлари деб аталиши ва унда белгиланган қоидалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, хусусан, Сайлов кодексига имплементация қилингани мамлакатимиз сайлов қонунчилиги барча демократик тамойилларга мос келишининг яққол далилидир.

    Умумийлик, тенглик, тўғридан-тўғри ва яширинлик тамойилларига қай даражада амал қилинаётгани сайловни кузатиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларда ўз аксини топган. Сайлов жараёнларининг очиқлиги ва ошкоралиги эса сайловчиларнинг тўғри танлови амалга ошишида муҳим роль ўйнайди.

    Айни пайтда сайлов кампаниясининг муҳим босқичлари бошланмоқда. Бу, биринчи навбатда, сайлов ҳуқуқига эга бўлган Ўзбекистон фуқароларининг сайловчилар рўйхатига киритилгани ҳамда номзодларнинг сайловолди ташвиқоти жараёнлари билан аҳамиятлидир. Сайлов участкалари сайловчиларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар томонлама шинам ва кўркам биноларга жойлаштирилди. Бунда кейинги йилларда бунёд этилган янги бино ва иншоотлар участка сайлов комиссиялари учун ажратилгани эътиборга молик.

    Шунингдек, сайловчилар рўйхати ягона электрон рўйхатдан сайлов участкаларига босқичма-босқич тақсимланмоқда. Энг муҳими, бир сайловчи фақат битта рўйхатда бўлади. Бу, албатта, тенгликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, хизмат, таътил ёки ўқиш сабабли бошқа ҳудудда вақтинча истиқомат қилаётган сайловчиларни шу ҳудуддаги сайловчилар рўйхатига киритиш ишлари округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан назорат қилиб борилади.

    Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган сайлов участкасини аниқлаш ва ўзгартириш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва веб-сайтдан фойдаланиш қоидалари бугунги замонавий иш юритиш услублари асосида амалиётга киритилган.

    Сайловолди ташвиқоти давомида сайловчиларга номзоднинг сайловолди дастурини таништиришнинг энг қулай усулларидан фойдаланишга шароитлар яратилган. Сайловчи хоҳласа телевидение ёки радио орқали, хоҳласа тарғибот материаллари, баннерлар ва электрон таблолар орқали, бевосита номзод ёки унинг ишончли вакили билан учрашув орқали номзодлар ҳақида ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олиши мумкин бўлади. Буларнинг барчаси сайловчиларнинг сайлов ҳуқуқини таъминлашга қаратилган.

    Марказий сайлов комиссияси томонидан эълон қилинган “Сайлов- 2021”мобил иловаси эса сайлов қонунчилиги ҳамда сайлов кампанияси тадбирлари ҳақида ахборотлар билан тўлдирилган. Бир сўз билан айтганда, сайловчи сайлов ҳақида маълумот олиши учун барча имкониятлар ишга солинган.

    Бўлажак сайловнинг аҳамияти ва ундаги жараёнлар ҳақида матбуот орқали узлуксиз ахборот бериб борилмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказиш қизғин бораётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Ҳозиргача ОАВнинг 907 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди. Бу, биринчи навбатда, сайлов жараёнининг ошкоралиги ва транспарентлигини таъминлашда муҳим. Зеро, сайлов кампаниясида оммавий ахборот воситалари тезкор, ҳозиржавоб ва ҳаққоний кузатувчи сифатида намоён бўлади.

    Сайловнинг натижаси, албатта, сайловчининг электорал маданияти билан чамбарчарс боғлиқ. Бу ҳар бир сайловчининг ўзининг сайлов участкасида шахсан овоз беришда иштирок этиши билан баҳоланади. Сайловчининг сайловда иштироки ихтиёрий. Яширин овоз беришда сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш қонунга хилоф саналади.

    Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа бўлган Президент сайловини халқаро стандартлар ва умуминсоний тамойиллар асосида ўтказиш учун барча имкониятлар етарли. Ишончимиз комилки, халқимиз баҳамжиҳат бўлиб сайловни юксак савияда ташкил этиш ва ўтказишга ўз ҳиссасини қўшади. Бу сиёсий тадбир халқимизнинг жипслиги, Ватан тақдирига дахлдорлиги, келажак олдидаги масъулияти, янги Ўзбекистонни барпо этишда собитқадамлигининг яққол кўзгусига айланади.

    Баҳодир ЮНУСОВ,

    Марказий сайлов комиссияси аъзоси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates