17 ёшли ўсмирларимизнинг Осиё кубогидаги ғалабаси, оширивормаганда ҳам, бутун дунёни ҳайратда қолдирди. Кўп чет эллик (қозоқ бовурларимиз, тожик биродарларимиз, инглиз дўстлар, руслар ва, ҳаттоки, индонезияликлар ва таиландликлар видеоларини кўрдим) таҳлилчилар, шарҳловчилар, оддий одамларнинг гап-сўзлари ва таҳлилларини кўриб, эшитиб ғурурга тўлдим.
Наҳотки, бу мен яшаётган Ўзбекистон эришаётган ютуқлар бўлса....
Бундан сал олдин Абдуқодир Ҳусановнинг “Mancity”га ўтиши ва у ерда ёрқин ўйин кўрсатиб, инглизу французлар, қўйингки, бутун жаҳонни “uzbek uzbek”, деб такрорлашга мажбур қилганди. Албатта, Элдор Шомуродовга ҳам офтоб чиқиб (Моуринью касофатидан қутулиб), итальянларнинг севимли фарзандига айланиб қолганини ҳам айтиш керак.
Бир видеода “Рома”нинг мухлислари стадионни тўлдириб, “Шо-му-ро....доу” дея жўр бўлиб ҳайқирганини, клубнинг бир фанати уйида кўзи ёшга тўлиб, “Элдор-Элдор”, дея бақириб чайқалганини кўрдик.
Энди футбол ҳақида гапирганда, рус остонасини қизитаётган Аббос, турк, форс ва бошқа чемпионатларни “қайнатаётган” ҳамюртларимиз ҳам кўнглимизни бўшаштираётгани бор гап. Бу жуда гўзал ҳолат. Яқин яқингача битта мода гап бор эди: “етти ухлаб, тушимизга ҳам кирмаганди”.
Хўўп, ғурурланиб бўлдикми?... Бардавом бўлсин!
Энди танганинг бошқа томонига ҳам бир қарайлик...
Охирги кунларда Абдуқодир Ҳусановнинг “Mancity”дан бошқа жамоага ижарага берилиши, ҳатто, сотилиши ҳақида кўплаб гаплар чиқди.
Сўнгги бир неча ўйинда “захира ўриндиғини иссиқ қилиб турган” ҳамюртимиз нимага бундай ҳолатга тушди? Бу яхшими ёки ёмонми? Нега яхши ўйнаб турган бола, бирдан мухлисга айланиб қолди?..
Ҳар хил фикрлар бор, улар баъзида бир бирига қарама-қарши. Кўпчилик бу вазиятни Абдуқодирнинг март охирида Ўзбекистон термасининг ўйинларида қатнашиш учун келганида, уни бир тўп блогеру журналистлар, мухлисларнинг “паррак қилиб ўйнатгани” ва унга бўлган ортиқча тавозе билан боғлашяпти. Нима эмиш, Абдуқодир Ўзбекистонга келганда унга бўлган “меҳримиз”, бундан унинг ўзини тутиши Гвардиола акамизга ёқмаганмиш.
Энди ўртоқлар, Абдуқодир-ку жуда ёш йигит.. Бундай “кўтар-кўтар”ни унча-мунча ёши улуғ инсон ҳам ҳазм қилиши ўта қийин масала...
Абдуқодирга муносабат, худдики “салфетка” услубида бўлди (узр сўрайман бу гап учун). Керак пайтида олиб, қўл-оёқ артишда фойдаланиб, улоқтиргандай гап.
Мана энди асосий масала!!!
Биз нега шундаймиз? Нега ўз манфаатимиз йўлида бошқани бунчалик шафқатсизларча “эксплуатация” қиламиз?
Шунга ўхшаш ҳолатларни кўрганда, доим ичим эзилиб кетади, мия бўлса 2011 йилни кўз олдимга “катта экран” қилиб қўяди...
Нимага дейсизми?
Ўша йили 17 ёшлилар ўртасида Жаҳон чемпионати бўлганди. Ўзбекистонлик ўсмирлар мана-ман, деган командаларнинг бошини ерга қаратиб, ЧОРАК финалгача борганди. Вой-бўўў, деб бақирганди ўшанда жуда кўпчилик...
Ўшанда дунёнинг кўп нашрлари ўзбек футболининг ёрқин келажаги пайдо бўлди, Ҳакимов, Махсталиев (шундай иқтидорлар бўлган) ва бошқа ўсмирларимизни “Барселона”, “Бавария”, “Реал” ва бошқа клублар талашаётгани ҳақида кўп ўқидик, эшитдик.
Бир пайтлар миллий термамизга мураббий бўлган, ўзи россиялик Валерий Непомняший ўша мамлакат ТВсига берган интервьюсида “Яқин 4-5 йил ичида Ўзбекистон бутун дунёни титратади, кўрасизлар” деганига ўзим гувоҳман...
Улар қайтишганда, ҳар бир боланинг тагига Малибу-ю, чўнтагига жарақ-жарақ пуллар тиқилаверилди. Энг ёмони “кўтар-кўтар ва яна кўтар” бўлиб кетганди.
Ҳатто, Гиннесс китоби ҳам бурчакда хижолат тортиб турди...
Айтиб қўяй, у пайтда блогерлар деярли йўқ эди. Лекин уларни бутун республика бўйлаб ўтаётган тадбирми, йиғинми, ҳа олинг, тўйми-маъраками бўлса, ҳатто, ГАПларга ҳам ёқасини йиртгудек, ташиб кетишди.
Айтмоқчи, 2011 йилда ҳам жуда кўп “донишманд”лар бу болаларни асраб-авайлаш кераклигини, уларни тадбирма-тадбир юришга қўймаслик, улар тренировка қилишини, психологлар ишлаши зарурлигини кўп-хўп айтишганди.... Охири нима бўлди?
Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов айтганларидек;
Парво қилма, бўлмаганни бўлдирамиз,
Паймонаси тўлмаганни тўлдирамиз,
Бир пайтлар отар эдик, осар эдик,
Энди эса мақтаб, мақтаб ўлдирамиз.
Энг қизиғи, ўша пайтда ҳам ЎФА бор эди, вазирлик бор эди, жамоатчилик ҳам тирик эди...
Хўўп, улар ҳозир қани? Нима бўлди? Ким айбдор?
Улар ҳозир қаердалиги ўзимга ҳам қизиқ. Улар футболда “қумга тушган томчи”дек кўринмай кетди. Ўша собиқ мураббий айтганидек, дунё ҳам титрамади, балки кулгандир... Титраган бўлса ҳам, кўпчилик аламдан йиғлади, холос.
Ўша қоракўзларимизнинг мислсиз мақтовлар шиддатига дош беролмай, “қурбон” бўлганига ўзимиз айбдор эмасмизми..?
Уларнинг уволи тутмайдими?..
Жиммизми?..
Мана бугун ҳам кеча Осиё кубогини ютган болалар тадбирларнинг тўрига, тўйларнинг саҳнасига, йиғинларнинг бошловчисига, блогеру журналистларнинг “мўмай интервью”чисига айланишни бошлади. Бир боламиз “чотдан гол ургич”, яна бири “қош қоқиш” бўйича мемлар яратишга жалб қилинган бўлса, ажабмас.
Уларнинг жасорати, матонатини инкор қилмаган ҳолда сўрайлик: ҳали нима улкан иш қилиб қўйдик-да, бунча ўзимизга сиғмаймиз? Нима, катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлдикми, ё дунёни ағдариб юбордикми? Замон тез, эрта-индин хорижликларнинг жуда кўпи бу воқеани унутади. Масалан, охирги жаҳон чемпионати ғолиби қайси жамоа бўлганини ким бир, деганда эслайди..?
Чунки бошқа янгиликлар бисёр. Биз бўлса, бирор кичик ютуққа эришмайлик-да; қайталаб мақтаб, осмону фалакка кўтариб, “носни кайфидай кайф” қилаверамиз.
Нега ҳар сафар битта хатони такрорлайверамиз?
Ишонаман, мана шу ерда ҳаммамиз бирлашишимиз керак...
Ажойиб ўсмирларимизга раҳматимизни айтдик, совғаю мукофотларни бердик. Офаринларни ҳам ўрнига қўйдик.
Ҳамма обрў-эътиборга, ҳалол бойликка тинимсиз меҳнати билан эришади. Энди уларни тинч қўяйлик... Ҳали уларнинг олдида ҳам кўўўп марралар турибди...
ЎФАю, амалдорлару, психологидан тортиб, ҳамма ваколатлилари ишласин...
Сизу биз ҳам қараб турмайлик.... Ҳеч бўлмаса, уларга халақит бермайлик.
Яна марҳум Ҳожибой Тожибоев айтганларидек, “путболинггаям, кубогинггаям”, деб қолмайлик...
Келинг, футболчи бўладими, шахматчими, математикми, тилшуносми, кимёгарми тер тўкиб, билим ва маҳоратини ошириб, нимагадир эришганни “кипригимга ўтқазаман”, деявериб, уларни ИЗИдан чиқарвормайлик.
Бошқа давлатларнинг фуқаролари, ёшлари ҳам катта-катта ютуқларга эришаяпти-ку. Бизчалик уларнинг “оёғига болта” урмаётгандир.
Айтгандай, биз севиб такрорлайдиган “бу борада жаҳоннинг илғор тажриба”ларидан ҳам фойдаланайлик. Ахир, Ламин Ямал, Жуд Белингем, деган ёш йигитчалар ҳам “Барса”, "Реал"нинг “қоплонлари” бўлиб юрибди-ку. Нега улар ўзидан кетиб қолмайди экан...?
Чунки уларда бу борада тажриба бор, илмий ёндошув бор, мураббий бор ва жамоатчилик ҳам пиар учунмас, ўз фарзандининг келажагини ўйлаб ҳаракат қилади...
Айтадиган гап жуда кўп, ёзадигани унданам...
Бир донишманд, тарих шуниси билан муҳимки, у бизни ҳеч нарсага ўргатмайди... деган экан.
Ҳеч бўлмаса, шу сафар ўргатсин, сабоқ чиқаришни ўрганайлик, илтимос....
фейсбук саҳифасидан олинди