Тошкент вилоятида томорқадан фойдаланиш ҳолати қандай?

    Жойларда 467 та аҳоли хонадонида бўлиб, 16 минг сабзавот кўчатлари, 280 кг сабзавот уруғлари тарқатилган ҳолда экиш жараёнлари кўрсатиб берилди.

    Ўзбек халқи азалдан ерга меҳр қўйиб, фарзандларини меҳнатга ўргатиб келган. Боиси, бугунги оғир дамларда серҳосил еримиз, даромад олишга томорқамиз бўла туриб ундан самарали фойдаланмасдан аҳоли рўзғорининг бутлигига эришиш мушкул.

    Давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқларига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари, Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ходимларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллабай ва хонадонбай юриб, аҳолига томорқадан фойдаланиш сирларини ўргатмоқда.

    Эътиборли жиҳати, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида тажриба алмашиш мақсадида Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларидан 60 нафар тажрибали “Намунали томорқачи”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Илғор фермер” кўкрак нишонлари билан тақдирланган деҳқонлар таклиф этилди.

    Тажриба алмашиш жараёнида водий вилоятларидан келтирилган 35 минг туп, Тошкент вилоятидаги “Томорқа хизматлари” МЧЖлар орқали 50 минг тўп помидор, булғор қалампир, аччиқ қалампир, бақлажон, карам кўчатлари ҳамда 1 тонна 800 килограмм сабзавот уруғлари экиш учун захира қилинди.

    – Юртимиз тупроғи олтинга тенг. Фақатгина ундан унумли фойдаланиш лозим. Бунда эса томорқанинг ўрни беқиёс, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раҳбари спикери ўринбосари А.Ҳаитов. – Шу сабабли семинар давомида деҳқонлар, малакали томорқачилар аҳоли билан деҳқончилик сир-асрорлари борасида тажриба алмашиб, ўзларининг иш-фаолияти ҳақида уларга гапириб берди. Жойларда 467 та аҳоли хонадонида бўлиб, 16 минг сабзавот кўчатлари, 280 кг сабзавот уруғлари тарқатилган ҳолда экиш жараёнлари кўрсатиб берилди. Ўз навбатида, 31 та хонадондаги 42 сотих томорқа ер майдони “Томорқа хизмати” корхоналари томонидан мотокультиваторлар билан ҳайдаб берилди.

    “Бир маҳалла – бир маҳсулот тамойили” асосида Қибрай, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ туманларидаги бир қатор маҳаллаларнинг мева-сабзавотчиликка ихтисослашганидан келиб чиқиб, асосан 3-5 сотихли интенсив боғ, 1-2 сотихли ихчам иссиқхоналар қуриш, аҳоли гавжум масканларида эса, “Дала дўконлари”ни ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларда ташкил этиладиган “Томорқа хизмати” МЧЖларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун Кенгаш ҳузуридаги Жамғарма маблағларидан молиявий кўмак берилиши тушунтириб ўтилди.

    Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ташкил этилган семинарда яқинда қабул қилинган “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги ва “Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

    Суҳбат жараёнида туманда экин майдонларидан самарали фойдаланиш, “Томорқа – даромад манбаи” тамойили асосида томорқачиликни кенг ривожлантириш бўйича фикр алмашилиб, томорқа ер эгаларининг мавжуд муаммолари ва уларнинг даромадини оширишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

    – Бугун бозорларимизга етказиб берилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда нафақат деҳқон ва фермерлар, балки аҳолининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, – деди А.Ҳаитов. – Охирги йилларда давлатимиз раҳбарининг аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишига оид бир қатор қарорлари асосида мазкур йўналишга кенг имтиёзлар берилиб, одамларга зарур кўмак кўрсатилмоқда. Ҳудудларда ташкил этилган “Томорқа хизмати” МЧЖлари эса одамларнинг томорқаларга экин экиб, олинган ҳосилни харидорга етказгунига қадар уларга кўмакдош бўлиб келяпти.

    Семинарда соҳада амалга оширилаётган ишлар, рақобатбардош маҳсулотлар етиштириш ҳажмини ошириш, аҳолининг қўшимча даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, энг муҳими, халқимиз дастурхонига сифатли ва арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беришга хизмат қилаётгани айтилиб, бундай семинарларни республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил қилишга келишиб олинди, деб хабар беради Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates