Янги олийгоҳда имтиҳонларни Кембриж университети ўтказади

    Ўқув режа ва дастурлар Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ишлаб чиқилади.

    Тарихнинг гувоҳлик беришича, биз икки Ренессанс даврини бошдан кечирганмиз — дастлабкиси IX-XII асрларда, иккинчиси XIV асрнинг сўнгги ва XVI асрнинг биринчи чорагида. Олти асрдан сўнг Ўзбекистонда тараққиётнинг янги босқичи — Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор қўйилмоқда. Уйғониш даври пойдевори сифатида илму маърифат йўли танланди ва таълим тизимида умидбахш ислоҳотларга старт берилди.

    Жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги, тараққиёти, келгусидаги ривожини етук билимли кадрлар ва малакали мутахассислар яратиши рост. Сўнгги йилларда юртимизда ана шундай ёшларни тарбиялаш мақсадида Президент мактаблари, “Темурбеклар мактаби”, “Ал-Хоразмий” номидаги халқаро физика ва математика мактаб-интернати каби нуфузли таълим даргоҳлари ташкил этилмоқда. Уларда охирги технологиялар асосида ўқувчиларга замонавий билим бериш, таълим тизимида ривожланган давлатлар тажрибаларини қўллаш йўлга қўйиляпти.

    Шуларнинг узвий давоми сифатида мамлакатимизда йирик олий таълим муассасалари сони ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, “Янги Ўзбекистон” университетининг ташкил этилиши тўғрисидаги қарор юртимиз тарихидаги катта воқелик бўлди. Президентимиз 2020 йил 29 декабр куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Иқтидорли ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш ҳамда рақобатбардош миллий кадрларнинг янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкент шаҳрида алоҳида университет ташкил этамиз. Ушбу олийгоҳда чет элдаги етакчи олимлар ва профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб, ёшларга энг замонавий дастурлар асосида таълим-тарбия берилади”, деб айтиб ўтган эдилар. Орадан кўп вақт ўтмай — 23 июнь куни “Янги Ўзбекистон” университетига асос солинди.

    Замонавий, халқаро стандартларга мос тарзда бунёд этиладиган университетга нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни шакллантириш каби бир қатор муҳим вазифалар юклатилади. Бунда дунёнинг энг номдор олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган. Хусусан, олийгоҳда қабул имтиҳонларини Кембриж университети ўтказса, ўқув режа ва дастурлар Массачусетс технология институти ҳамда Мюнхен техника университети билан биргаликда ишлаб чиқилади. Дунёнинг мазкур етакчи олий ўқув юртлари таълим сифатини назорат қилиш, лаборатория ва кутубхоналарни тўлдиришда ҳам кўмаклашади.

    Шу ўринда савол туғилади. Хўш, нима учун айнан юқоридаги хориж олийгоҳлари тажрибаси танланмоқда? UNESCO маълумотларига кўра, Исроил, Жанубий Корея, Япония, АҚШ ва Германияда тадқиқот ва илмни ривожлантириш мамлакат ялпи ички маҳсулотининг асосий қисмини эгаллайди. Мазкур давлатлар бу жабҳада ўсиш тенденцияси томон ҳаракатланмоқда.

    Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, кучли олий таълим муассасасининг сири 3 та омилга чамбарчас боғлиқ. Булар — иқтидорларни топиш ва жамлай олиш, молиявий ресурслар билан таъминлаш ҳамда самарали бошқарув тизимини жорий этишдан иборат.

    Массачусетс технология институтининг иқтисодий қудратига муҳим ҳисса қўшадиган қобилият — бу унинг истеъдодли жамоаси ва ундаги академик тадбиркорлик экотизимининг тўғри йўлга қўйилганидир.

    Умуман олганда, АҚШда профессор-ўқитувчиларнинг мажбуриятлари одатда учта асосий тоифага бўлинади: ўқитиш, илмий-тадқиқот ва кампус ёки жамоа ишида иштирок этиш. У ерда академик эркинликка алоҳида урғу берилади. Илмий-педагогик ходимлар фаолиятини ҳимоя қилиш ва қонунийлаштириш, улар сифатли таълим олишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиш, ҳамжиҳатликка хизмат қилувчи мунозараларни қўллаб-қувватлаш ва академик жамоатчилик ичида очиқ фикр алмашинувини таъминлаш академик эркинликнинг асосий мақсад-вазифаси саналади. Самарали бошқарув тузилмасининг энг муҳим бўғини эса — бу аниқ мақсад сари академик жамоани эргаштира оладиган, тўғри йўлга бошлайдиган ватанпарвар ректордир. Бизда ҳам бу тизимни шакллантириш долзарб масала саналади. Бежиз Президентимиз “... агар олийгоҳда билимли ректор бўлса, бу — халқнинг бахти”, деб айтмадилар.

    Яна бир жиҳати, АҚШдаги университетлар докторлик илмий даражасини берувчи муассасалар гуруҳига кириб, аксарияти турли миллий ва дунё университетлари рейтингида биринчи ўринларни эгаллайди. Уларда иккита кўрсаткич — тадқиқот фаолиятининг ҳажми ва 1 нафар профессор-ўқитувчига тўғри келган илмий тадқиқот фаолиятига оид тушумлар юқори кўрсаткичларга эга. Ушбу университетлар глобал иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни таъминловчи илмий кашфиётлар ва технологик инновацияларнинг асосий манбаи бўлиб хизмат қилади. Бунинг натижаси қанчалик юқори эканлигини биргина Массачусетс технология институтининг фонди 68 миллиард АҚШ долларини ташкил этишида ҳам кўришимиз мумкин. Айланма маблағлари милиардлардан ошадиган дунёга машҳур компанияларнинг вужудга келиши ва фаолият юритиши ҳам мазкур институтда амалга оширилаётган илмий кашфиётлар ва технологик инновацияларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасидир.

    Буюк Британия университетлари ҳам жаҳонда етакчи ўринларни эгаллаб келмоқда. Айниқса, Кембриж университети юқори илмий салоҳиятли кадрлари билан дунёга машҳур. Жамоа ўз талабаларини юқори чўққиларни забт этишга ундайди, улар устидан қаттиқ назорат ўрнатади ҳамда ҳар бир талаба учун мураббийлик қилади. Мураббийларнинг асосий вазифалари талабалар ижодий ишларини назорат қилиш ва уларга амалий кўмак беришдан иборат. Талабалар билимни нафақат маъруза ёки семинарлардан, балки индивидуал машғулотлардан оладилар.

    Университет илмий тадқиқот ишлари турли илмий мактаблар томонидан шакллантирилган бўлиб, уларнинг ҳар бири бир нечта факультетларнинг илмий тадқиқот институтлари, лабораторияларига аъзо бўлган талаба ҳамда докторантлардан иборат. Кембридж университетининг 800 йил давомидаги тарихида ушбу мактаблардан юзлаб Нобель мукофоти совриндорлари, халқаро олимпиада совриндорлари ва мамлакатнинг бир неча нафар бош вазирлари етишиб чиққан. Унинг молия манбаи асосан давлат грантлари, талабалар ҳамда докторантларнинг стартап ва илмий лойиҳалари, университетнинг нашриёти каби бошқа манбалардан шакллантирилади.

    “Янги Ўзбекистон” университетининг яна бир хориж олийгоҳи — Мюнхен техника университети билан ҳамкорлиги ҳам аниқ мақсадларга асосланади. Таълим даргоҳи нафақат Германия, балки бутун Европанинг етакчи тадқиқот марказларидан бири ҳисобланади. Университетнинг нанотехнология, биоинформатика, муҳандислик, фотоника, неврология, биоинжиниринг ва радиокимё сингари бир нечта долзарб муаммоли илмий-тадқиқот марказлари мавжуд. Унинг ўзига ҳос ўқитиш сиёсати шундаки, университет асосан амалиётга урғу берган. Биргина техник фанлар йўналишида 4 та институт (астрофизика, ердан ташқари физика, плазма физика ва квант оптикаси)да узлуксиз изланишлар олиб борилади.

    Шу ўринда, Германия таълим тизимига тўхталар эканмиз, бевосита ҳаёлимизга “немисча ҳисоб-китоб” ибораси келади. Бу давлат ўзининг мукаммал ҳамда пухта технологиялари, тиббиёт ва фармацевтикаси билан дунёда етакчи. Шубҳасиз униинг Мюнхен техника университети ана шундай фан тармоқлари, табиий ҳамда техник фанлар бўйича етук мутахассисларни тарбиялаб келмоқда.

    Университет техника, технология йўналишлари бўйича дунёдаги машҳур илмий-тадқиқот ва инновацион марказ ҳисобланади. Жумладан, “Siemens”, “BMW”, “Audi” каби йирик компаниялар билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар олиб боради. Ҳар йили саноат корхоналари билан биргаликда юздан зиёд янги ихтиро ва патентларга муаллифлик ҳуқуқини расмийлаштиради. Унинг битирувчилари орасида 17 та Нобель мукофоти, 20 та Лейбниц медали совриндорлари бор.

    Бир сўз билан айтганда, халқаро тажриба асосида ташкил этилаётган “Янги Ўзбекистон” университетида истеъдодларнинг жамланиши, молиявий ресурслар билан тўлақонли таъминланиши ва замонавий бошқарув тизимига асосланган ўқув, илмий ва инновацион фаолиятнинг йўлга қўйилиши келажакда ушбу байроқдор олийгоҳда ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган, дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллайдиган истиқболли раҳбар ёшларнинг униб-ўсишига хизмат қилади.

    Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

    Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates