1000 градусдан ортиқ ҳарорат

    Мамлакатимиз олимлари қуёш нуридан фойдаланиб сувдан юқори ҳарорат (1600 градус)да водород олиш бўйича тадқиқотлар олиб боради.

    Маълумки, табиий қазилма бойликлар захираси чекланган ва эртами кечми қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга мажбур бўламиз. Бу борада қуёш, шамол ва водород энергиясидан фойдаланиш энг истиқболли йўналишлардан ҳисобланиб, қайта тикланувчи энергия манбалари туркумига киради.

    Ўзбекистон 2018 йилда иқлим ўзгаришлари бўйича Париж битимини имзолади ва ҳароратнинг мунтазам ошиши билан боғлиқ ўсиб бораётган глобал таҳдидларга комплекс жавоб қайтариш мақсадида ялпи ички маҳсулотда углерод ҳажмдорлигини 2030 йилда 2010 йилдагига нисбатан 10 фоизга камайтириш мажбуриятини олди. Уни бажариш мамлакат ёқилғи-энергетика мажмуасини углерод ёқилғиларига қарамлигини камайтириш, энергия манбаларини диверсификациялаш ва тизимларни интеллекутализациялаш каби барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда муҳим аҳамият касб этади.

    Водород энергияси иқтисодиётнинг турли сохаларида, жумладан, энергетика, кимё саноатида ва транспорт инфратузилмасидаги ўрни беқиёсдир. Хусусан, уни ички ёнув двигителларига ёқилғи сифатида ишлатиш учун бошқаларига нисбатан юқори самарадорликка эга. Шу билан бирга, водород энергиясини ишлатишда атмосферага заҳарли карбонат ангидрид газларининг (СО2) чиқарилмаслиги уни экологик жиҳатдан ҳам афзаллигини таъминлайди. Мамлакатимиз олимлари қуёш нуридан фойдаланиб сувдан юқори ҳарорат (1600 градус)да водород олиш бўйича тадқиқотлар олиб боради.

    Шуни ҳам унутмаслик керакки, водородни ишлаб чиқаришда барибир анъанавий ёқилғи манбаларидан фойдаланишга тўғри келади. Бироқ, охирги йилларда олиб борилаётган изланишлардан маълумки, қуёш ва шамол электр станцияларидан фойдаланган ҳолда, “яшил” водород олиш ва уни иктисодиётимизнинг турли соҳаларида қўлланилиши катта имкониятлар яратади. Республикамизда йирик ана шундай станцияларни қуриб, ишга туширилиши натижасида яқин келажакда электр энергияси танқислиги муаммосини тўла ҳал қилинади. Бинобарин, йилдан йилга, улар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг таннархи арзонлашмоқда ва водород олиш технологиялари такомиллашиб, атмосферага чиқариладиган СО2 газининг улуши тобора камайиб бормоқда. Бунинг натижасида Ўзбекистон электр энергияси экспортини бир неча баравар ошириш ва “яшил” водород ишлаб чикариш имконига эга бўлади. Бундан ташкари, бу соҳада ўн минглаб юқори технологик ишчи ўринлари яратилади.

    Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида худди шу каби муҳим жиҳатлар инобатга олингани ҳолда, Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ҳамда ушбу институт тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот маркази, қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораториясини ташкил этиш кўзда тутилган.

    “Йўл харитаси”да ушбу соҳадаги етакчи илмий муассаса фаолиятининг устувор йўналишлари қамраб олинган бўлиб, бунда, авваламбор, соҳа ривожига қаратилган илмий-тадқиқот изланишларини мақсадли ва тизимли ташкил қилиш ҳамда уларнинг натижаларини, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини янада оширишга, ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга эътибор қаратилган. Водород технологиялари бўйича илмий-техник кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш, ушбу йўналишдаги илмий изланишларга хорижий мутахассисларни жалб этиш, юқори малакали кадрларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўйиш ҳам устувор вазифалар сирасига киради. Тошкент давлат техника университетида “Муқобил энергия манбалари” бакалавриат таълим йўналишига қабул параметрларини ошириш, 2024/2025 - ўқув йилидан бошлаб университетда “Водород энергетикаси ва технологиялари” магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлаш ва водород энергетикаси технологиялари ихтисослиги бўйича докторантура фаолиятларини ташкил этиш чоралари ҳам кўзда тутилган.

    Маълумки, соҳани ривожлантиришда “яшил” водород энергиясини олиш қанчалик муҳим бўлса, уни сақлаш ҳамда тақсимлаш манзилларига етказиб бериш ҳам шунчалик масъулиятни тақозо этади. Бу борада хорижий ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қўлланилаётган технологияларни халқаро андозалар, стандартларга мос келишини синаш ва сертификатлаштиришни йўлга қўйиш соҳа ривожи ва инфратузилмасининг кафолати ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораторияси норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва (ёки) уларни халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар талабларига мослаштириш ишларини йўлга қўювчи ва тартибга солувчи муҳим таркибий тузилма бўлиб хизмат қилади.

    Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбалари каби водород энергетикаси ҳам энди ривожланиб келаётган соҳа бўлиб, бу борада дунёда етакчи саналган АҚШ, Япония, Евроиттифоқи мамлакатлари, Жанубий Корея, Хитой каби давлатлар компанияларининг фаолиятини ўрганиш, уларда ёш, умидли олимлар, илмий тадқиқотчиларимизнинг малака оширишини таъминлаш мазкур соҳа бўйича институционал муҳитни жадал ривожлантиришда асқотади.

    Нураддин МАТЧАНОВ,

    техника фанлари доктори

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates