16 минг 500 та аттестация комиссияси фаолияти тугатилмоқда

    Таълим 22 сентябр 2021 1432

    Бугун АОКАда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев, бош бошқарма бошлиқлари Анваржон Маҳмудов, Дилшод Темиров, бўлими бошлиғи Сафарали Ҳамроев иштирокида ўтказилган матбуот анжумани ўтказилди.

    Унда Вазирлар Маҳкамаси қарори мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берилди:

    Сўнгги 3 йилда 300 минг нафардан зиёд педагог ўз ихтиёри билан муддатидан аввал аттестацияда иштирок этиш учун ариза билан мурожаат қилган.

    Натижада 2018 йилдан бери олий тоифали ўқитувчилар 2 баробарга, биринчи тоифалилари эса бир ярим баробарга ошди.

    Бироқ шунга қарамай мазкур жараён бўйича йиллар давомида ўқитувчиларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб келаётган бюрократик тартиблар ва турли ҳисоботлардан иборат қоғозбозлик мавжуд эди. Масалан, тоифа олиш истагида бўлган ўқитувчи ҳужжатларини мактаб директори ўринбосари томонидан туманга, туман вилоятга ва ундан сўнг республикага етиб келар эди.

    Ушбу жараёнда иштирокчилар сони кўплигидан турли тамагирлик ҳолатлари ёки хатоликлар учраб тураётганди. Ўқитувчининг фаолияти самарадорлигига баҳо бериш тизими қоғозбозлик ва ҳисобот тўлдиришга асосланган эди. Бу эса ўз навбатида ўқитувчиларга турли оворагарчиликларга учрашига, алданишига ёки коррупция ҳолатларининг юзага келишига сабаб бўлаётганди.

    Энди педагогларга уйида ёки ишхонасида туриб ўзи электрон тизим орқали тўғридан-тўғри ҳужжат топшириш имконияти яратилди ва бунда инсон омили бўлмайди.

    Хусусан, янги қарор билан вазирликлар ва идоралар ҳамда таълим муассасалари миқёсидаги аттестация комиссияларини тузиш ва йиғма жилд орқали ҳужжат топшириш амалиёти бекор қилинмоқда. Яъни 16 минг 500 та комиссия фаолияти тугатилмоқда.

    Бунинг ўрнига ўқитувчи аттестациядан ўтиш учун давлат хизматлари маркази, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Таълим инспекциясининг веб-сайти орқали мурожаат қилиш тартиби жорий этилмоқда.

    Қоғозбозлик ва оворагарчиликни камайтирадиган яна бир янгилик педагог кадрларга қоғоз шаклдаги аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификат бериш амалиёти бекор қилиниб, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификат бериш тартиби жорий этилади. Бунда, ўқитувчи хоҳлаган пайтида QR-код қўйилган электрон шаклдаги сертификатни ўзининг шахсий кабинетидан юклаб олиши мумкин.

    Таълим инспекциясининг “pedkadr.tdi.uz” платформаси UzASBO ҳамда мактаб бошқарув (ERP) дастурлари билан интеграция қилинмоқда. Бу ўз навбатда, мактаб бухгалтериясига ўз тоифасини оширган ўқитувчилардан ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмасдан, уларнинг иш ҳақини автоматик тарзда қайта ҳисоблаш ва тўлаб боришга имкон беради.

    Ўқитувчилардан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони 9 тадан 3 тагача қисқармоқда. Бунда, Таълим инспекцияси зарур ҳужжатларни электрон ахборот алмашинуви орқали бошқа вазирликлардан мустақил олади.

    Таълим инспекцияси томонидан педагог кадрлар ва уларнинг аттестация натижалари тўғрисидаги маълумотлар жамланган махсус электрон база (pka.tdi.uz) яратилди. Эндиликда педагог шахсий идентификация рақами (PINFL), паспорт серияси ҳамда рақамини киритиб, аттестация натижалари билан танишиши мумкин.

    Мазкур базада 600 минг нафардан ортиқ педагогларнинг малака тест синови натижалари, дарс ўтиш маҳорати ҳамда меҳнат самарадорлиги бўйича олинган баллар, аттестация комиссиялари томонидан чиқарилган қарорлар ва малака тоифа сертификати ҳақидаги маълумотлар жамланган.

    Шунингдек, педагог кадрларнинг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат серияси ва рақамини киритиш орқали сертификатнинг кимга тегишлилигини ҳам текшириш мумкин. Бу эса ўз навбатида шаффофликни таъминлаб, турли фирибгарликларнинг олди олинишига хизмат қилади.

    Педагог кадрларга ушбу қарор қабул қилингунга қадар берилган аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги сертификатлар ўз кучида қолади ҳамда амалдаги малака тоифасини (лавозимини) тасдиқлашда ва амал қилиш муддати тугагунга қадар сертификатда кўрсатилган малака тоифаси (лавозими) бўйича базавий тариф ставкалари асосида ҳақ тўлашда ҳисобга олинади.

    Яна бир муҳим ўзгартириш бу оилавий шароити ҳамда тажрибаси инобатга олиниб, устоз-мураббийларга қулайликлар яратилди. Яъни таълим ташкилотларида 15 йиллик узлуксиз иш стажига эга бўлган олий малака тоифали (бош ўқитувчи лавозимидаги) педагог кадрлар, уч ёшгача болалари бор аёл ўқитувчилар, пенсионерлар ҳамда ҳомиладор аёллар навбатдаги мажбурий аттестацияга жалб этилмайди.

    Янги қарорда фаоллиги ва меҳнати билан ютуқларга эришган педагог кадрларни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

    Яъни Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирланган педагог кадрлар, “Устоз” миллий мукофоти ғолиблари, Worldskills мусобақалари совриндорларини тайёрлаган таълим ташкилотларининг педагог кадрлари, республика миқёсидаги фан олимпиадалари ва кўрик-танловларда ғолибликни қўлга киритган ўқувчиларни тайёрлаган педагог кадрларнинг малака тоифаси (лавозими) бир поғонага оширилади.

    Шу билан бирга, қарорда нодавлат таълим ташкилотлари педагогларига аттестациядан ўтиб тоифа олиш ҳуқуқи берилиши ҳам назарда тутилган.

    Бунда педагогларнинг малака тоифалари улар бошқа таълим ташкилотига, таълим ташкилотининг бир туридан бошқасига ёки нодавлат таълим ташкилотидан давлат таълим ташкилотига ишга ўтганда сақлаб қолинади.

    Маълумот учун, бугунги кунда мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларида 655 минг нафардан ортиқ педагоглар фаолият юритмоқда.

    Уларнинг 30 минг нафари олий, 88 минг нафари биринчи, 153 минг нафари иккичичи малака тоифасига, 246 минг нафари мутахассис лавозимига эга, 137 минг нафари эса малака тоифасига эга эмас.

    2020 йилда аттестацияда қатнашган қарийб 6000 нафар ўқитувчига олий малака тоифаси берилган бўлса, жорий йилда уларнинг сони 10 500 нафарга етди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates