Бу муносабат билан лойиҳага тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди.
Лойиҳа Хитой томонидан ажратилган 28 миллион АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри беғараз ёрдам (грант) асосида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳани 2025–2026 йиллар давомида амалга ошириш режалаштирилган.
Лойиҳа доирасида 20 МВт қувватга эга шамол электр станцияси қурилади. Бу орқали йилига ўртача 50 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган. Шу билан бирга, 30 та янги иш ўрни яратилади.
Қурилиш ишлари юзасидан Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони Савдо департаменти томонидан ўтказилган танловда «TBEA Co., Ltd» компанияси бош пудратчи сифатида ғолиб бўлди.
Айни пайтда Бўстонлиқ туманидаги Бўрчмулла ҳудудида Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарорига асосан ажратилган 10 гектар ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Хитойдан замонавий технологик ускуналар олиб келиниб, босқичма-босқич монтаж қилинмоқда.
Ушбу шамол электр станцияси орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси йилига 811,1 минг куб метр табиий газ ёки 3,15 минг тонна кўмирни тежаш имконини беради. Бу эса нафақат экологик жиҳатдан, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали ечим ҳисобланади.
Зулҳумор Акбарова
Hamkorlik materiali








