200 га яқин тадбиркор давлат рўйхатидан қайта ўтказилди

    Бизнес 11 май 2020 984

    Карантин ҳолати бироз эркинлашаётгани туфайли мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларига аста-секин “қон югирмоқда”.

    Давлат хизматлари агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси маълумотларига кўра, охирги икки-уч кунда 200 га яқин тадбиркор қайта давлат рўйхатидан ўтиб, ўз фаолиятини бошлади.

    Вилоятда 154 мингга яқин тадбиркор давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, уларнинг аксарияти карантин сабабли фаолиятини вақтинчалик тўхтатишга қарор қилганди. Яна айримлари масофадан туриб ишлашга ўтганди.

    Бугунги кунда вилоятдаги кўплаб корхоналар фаолияти тикланмоқда.

    Олмалиқ шаҳридаги собиқ “Чевар текстиль” корхонаси ўрнида иш бошлаган “Elegant garment textile” масъулияти чекланган жамияти ҳам фаолият кўрсата бошлади. Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган корхонада ҳозир 400 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Жорий йил сентябрь ойида эса иш ўринлари сонини 1 минг 200 тага етказиш кўзда тутиляпти.

    Қуйичирчиқ туманида фаолиятини бошлаган “Umid biziness gardens” масъулияти чекланган жамияти боғдорчиликка ихтисослашган. 30 миллион сўм бошланғич устав фондига эга бўлган ушбу корхона яқинда Давлат хизматлари марказининг вилоят бошқармасида давлат рўйхатидан ўтиб юридик мақомга эга бўлди. Натижада 6 та янги иш ўрни яратилди. Бу ерда келгусида мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва қадоқлаш, экспорт қилиш режалаштирилган.

    Оҳангарон шаҳрида яқинда “Flour-International” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Корхонада нон ва макарон маҳсулотлари ишлаб чиқариш мўлжалланган бўлиб, тез орада оҳангаронлик 100 нафар ёш доимий иш жойига эга бўлади.

    — Радиоэлектр жиҳозлари, маиший техника, офис машиналари ва ҳисоблаш техникаларини таъмирлаш билан шуғулланамиз, — дейди бўкалик тадбиркор Ҳожиакабар Ботиров. — Карантин сабаб фаолиятимизни вақтинча тўхтатиб туришга ариза берган эдик. Вазият барқарорлашаётгани боис Давлат хизматлари маркази орқали ўз фаолиятимизни қайта тикладик.

    Давлат хизматлари агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси мутахассислари маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида фуқароларга 200 мингдан ортиқ давлат хизмати кўрсатилган. Шундан ҳам кўриш мумкинки, аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда.

    — Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йўналиши мослашувчан бўлиб, фаолиятини тез ўзгартириши мумкин, — дейди Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари Бекзод Қобулов. — Тошкент вилоятида тадбиркорлик соҳасида хўжалик юритувчи мавжуд 40 407 та субъектнинг аксарияти каратин туфайли ишламаётганди. Аммо бугунги кунда уларнинг кўпчилиги фаолиятини тиклади ва иш юритаётганлари сони 28 809 тага етди. Улар саноат, қурилиш, савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона хўжалиги, логистика, ахборот ва алоқа, ижтимоий хизматлар каби соҳаларда фаолият кўрсатмоқда.

    Тадбиркорлик субъектларининг аста-секин ўз фаолиятини тиклаётгани юртимизда ишбилармонлик муҳити тобора жонлаётганидан даракдир.

    Аброр УМАРҚУЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates