2022 йилда етакчи аёллар Мулоқотига Туркманистон раислик қилади

    Мамлакатимизда 22 декабр 2021 1308

    Шу кунларда пойтахтимизда бўлиб ўтаётган минтақавий форумда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқотига раислиги якунлари сарҳисоб қилинди.

    Сўзга чиққанлар 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқоти минтақа давлатлари аёлларининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва барқарор ривожланиши, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги маданий-гуманитар жараёнларда янада фаолроқ роль ўйнашга бўлган интилишларини юқори даражада эътироф этиш ва қўллаб-қувватлашга муваффақ бўлганини таъкидладилар.

    Наталья Герман, БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари:

    – Мулоқот минтақадаги аёллар ўртасида барча даражадаги салоҳиятни ошириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишида муҳимлигини таъкидлайман.

    Мулоқот иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитнинг деградацияси каби экзистенциал таҳдидларга жавоб чораларини ишлаб чиқишга ҳисса қўшиш имкониятига эга. Бу энг жиддий минтақавий таҳдидлардан бири – хусусан, минтақада тинчлик ва хавфсизликка таҳдиддир. Аёллар ва қизлар учун ушбу жараёнларнинг хавф-хатарларини кўпроқ таҳлил қилиш ва атроф-муҳит деградацияси оқибатларининг олдини олиш ва бартараф этиш учун инклюзив ва гендер сиёсатни амалга ошириш учун кўпроқ ҳаракат қилиш зарур.

    Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти Ўзбекистон раислигида сермаҳсул ва самарали бўлганини қайд этмоқчиман. Минтақавий платформа фаолиятининг биринчи йилида белгиланган суръат Мулоқотни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

    А. Эл-Ясир, «БМТ-Аёллар» ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори:

    – Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти ташкил этилганининг биринчи йилида энг муҳим сиёсий платформага айланди. Мулоқот одамларни дунёдаги энг муҳим масалалар: барқарор ривожланиш, аёлларнинг сиёсий етакчилиги, «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартиби, иқтисодий имкониятлар масалаларини ҳал қилиш учун бирлаштирди.

    Биз унинг таъсирини, жумладан, яқинда бўлиб ўтган Евроосиё аёллар форумида ҳам, Мулоқот аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокига алоҳида эътибор қаратганини, Аёллар мақоми бўйича сўнгги комиссия бўйича маслаҳатлашувларда кўрдик.

    БМТ-Аёллар Мулоқот ишини фахр билан қўллаб-қувватлайди. Бугун «Мулоқот» ўз фаолиятининг биринчи йили якунларини сарҳисоб қилиб, келажакка назар ташлар экан, у билан фахрланадиган жиҳат бор. Мулоқот 2022 ва ундан кейинги йилларда ижобий ўзгаришлар етакчи кучига айланиши мумкин.

    Мулоқотда раислик муддати бир йил бўлгани сабабли форумда 2022 йилда раисликни бошқа давлатга ўтказиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

    Шу тариқа консенсус асосида келаси йил Мулоқотга раисликни Туркманистонга топширишга қарор қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    Т.Нарбаева, Олий Мажлис Сенати Раиси, Марказий Осиё давлатлари етакчи аёллари мулоқоти раиси:

    – Мулоқотимиз ўзининг қисқа даври мобайнида мамлакатларимиз ва халқларимизни бир-бирига яқинлаштиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини, гендер тенглик ва дунёда барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича минтақавий ёндашувларни ривожлантиришнинг ўзига хос катализатори бўлиб хизмат қилиши, шунингдек, Марказий Осиё, ҳаётнинг барча жабҳаларида минтақа аёлларининг салоҳиятини рўёбга чиқаришда муҳим роль ўйнаши мумкинлигини кўрсатди.

    Президент Шавкат Мирзиёев ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ғамхўрлиги ва кўмагисиз хотин-қизлар ҳаракатини бундай фаол ривожлантиришнинг имкони бўлмас эди.

    Мен амалдаги раис сифатида туркманистонлик ҳамкасбимнинг келгуси йил Мулоқотимизга раислик қилиш ҳақидаги аризасини қўллаб-қувватлайман.

    Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёда гендер тенглик ва барқарор ривожланиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам давом эттиришини қайд этмоқчиман.

    Биз Ўзбекистон томонининг Мулоқотдаги раислиги тажрибасини унинг барқарорлиги ва изчиллигини сақлаб қолиш учун шерикларимиз, авваламбор, минтақавий платформанинг навбатдаги раиси билан ўртоқлашишга тайёрмиз.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates