Унда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқарув раиси, журналист Шерзодхон Қудратхўжа ҳам иштирок этмоқда.
Форумнинг очилиш маросимида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев барча қатнашчиларни медиа соҳасида муҳим аҳамиятга эга “Шуша глобал медиа форуми”нинг навбатдаги йиғилиши билан қутлади.
Нуфузли халқаро анжуманда 50 та давлатдан 150 дан ортиқ хорижий меҳмонлар, 30 та мамлакатдан ахборот агентликлари, 3 та халқаро ташкилот ҳамда 82 та маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаси вакиллари қатнашмоқда.
“Ўзбекистон номидан Медиа-форумда Миллий медиа бирлашмаси Бошқарув раиси сифатида шахсан иштирок этдим ва Президент Илҳом Алиевга савол йўлладим. Қайд этиш жоизки, ўтган йили сўзга чиқиш имкони бўлмаган эди“, дея хабар беради Шерзодхон Қудратхўжа ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифасида.
Шерзодхон Қудратхўжа форум давомида Озарбайжон Президентига бир неча саволлар берди. Жумладан,
- Абу-Дабида Озарбайжон Президентининг Арманистон раҳбари Никол Пашинян билан учрашуви,
- Тўркий дунё учун Зангезур коридорининг истиқболлари,
- Ҳатто шахсий мазмундаги “Бугунги Қорабоғни кўрганида, биринчи Президент Ҳейдар Алиев ўғлига нима дерди?” деган саволни йўллади.
Бу саволларга жавоб берар экан, Илҳом Алиев қуйидагиларни таъкидлади:
«Ўзбек биродарларимизнинг қўллови биз учун жуда муҳим. Қорабоғни тиклаш йўлидаги илк совғани Ўзбекистон берган. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Фузулийда 960 ўқувчига мослашган Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очгандик», – деди Алиев саволга жавоб бераркан.
Шунингдек, Шерзодхон Қудратхўжа Зангезур коридори ҳақида сўради.
“Бу артерия нафақат Озарбайжоннинг асосий қисми билан Нахичевон автоном республикасини боғлайди. Бу — халқаро транзит коридори. Биз бу лойиҳа орқали «Шимол–Жануб» йўналишининг яна бир тармоғини очамиз…”
Унинг сўзларига кўра, коридорнинг дастлабки юк ташиш салоҳияти 15 миллион тонна деб баҳоланмоқда. Ҳозирда Озарбайжон томонидан Арманистон ва Эрон чегарасигача темир йўл қурилиши деярли якунланмоқда.
Отаси ҳақида саволга эса Алиев таъсирланиб жавоб берди.
«Ватанимиз учун қийин дамларда халқимизнинг бахтига Ҳайдар Алиевдек одам бор эди. У ўша вақт ёш эмас, 70 га кирганди, саломатлигида ҳам муаммолар бор эди. Лекин у вазиятни изига тушира олди. Отам Қорабоғ озод қилинишини энг кўп истаган одам эди, лекин, афсус, бу кунларни кўра олмади», – деди Илҳом Алиев.
Маълумот учун, форум доирасида уч кун давомида қуйидаги йўналишларда панел сессиялар ташкил этилади:
- Таъсирни баҳолаш: кенг кўламли дезинформацияни тушуниш;
- Барқарор жамият қуришда дезинформацияларга қарши сиёсат ва ташаббуслар;
- “Технология ва дезинформация”;
- Сунъий интеллект: реаллик, оммавий ахборот воситалари ва дезинформацияга таъсири — медиа саводхонликни ошириш масалалари;
- Минтақавий таъсир ва ОАВ мавзулари юзасидан кенг муҳокамалар.








