Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
"Қирғизистон божхона хизматидан олинган тезкор маълумотга кўра, «Хитой-Қирғизистон» йўналишида Бишкек шаҳрига олиб келинган халқаро курьерлик жўнатмасида Ўзбекистон Республикаси акциз маркаларининг 2,5 млн дона қалбаки нусхалари борлиги аниқланган", дейилади хабарда.
Маълум бўлишича, Хитойда тайёрланган ушбу сохта маркалар дастлаб Қирғизистонга, сўнгра Ўзбекистонга олиб кирилиши режалаштирилган.
Ўтказилган тезкор тадбирнинг дастлабки босқичида Бишкек шаҳрида акциз маркаларни Ўзбекистонга олиб кетиш мақсадида қабул қилиб олган қўшни мамлакат ва Ўзбекистон фуқаролари божхона ходимлари томонидан қўлга олинган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир Андижон вилоятининг Бўстон туманида давом эттирилиб, қалбаки акциз маркаларни қабул қилиб олаётган маҳаллий фуқаро ҳам ушланган. Ушбу шахс қалбаки акциз маркаларни Самарқанд вилоятида яшовчи фуқарога етказиб бериши керак керак бўлган.
Тезкор тадбирнинг якуний босқичи Самарқанд вилоятида ўтказилиб, ниҳоят қалбаки акциз маркаларни қабул қилиб олувчи асосий шахс ҳам фош этилган. Ушбу фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида ердан ҳам 710 минг дона қалбаки акциз маркалар борлиги маълум бўлган.
«Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида жами 3 млн 210 минг дона Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларини қадоқлаш учун фойдаланиладиган қалбаки акциз маркалар айланмасига чек қўйилди. Бунинг натижасида эса давлат бюджетига 34,2 млрд. сўм зарар етказилишининг олди олинди. Шу билан бирга, минглаб юртдошларимизнинг саломатлиги асраб қолинди», дейилади қўмита хабарида.
Қайд этилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.









