Абдулазиз Камилов Халқаро ҳамкорлик бўйича Еврокомиссар билан учрашди

    2021 йил 15 ноябрда Брюссель шаҳрида Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Европа Иттифоқининг Халқаро ҳамкорлик бўйича комиссари Ютта Урпилайнен билан учрашув ўтказди.

    Мулоқот чоғида Европа томонига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, республикамиз замонавий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ва эришган ютуқлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

    Томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, жумладан, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасидаги алоқаларни муҳокама қилдилар.

    Илгари қабул қилинган қўшма ташаббус ва дастурларни амалга ошириш жараёни, шунингдек, турли даражадаги ҳамда шаклдаги бўлажак учрашувлар жадвали кўриб чиқилди.

    Делегациялар Афғонистондаги вазият ва халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатлари доирасида ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш имкониятлари юзасидан фикр алмашдилар, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.