Абдулла Қаҳҳор – ХХ аср ўзбек адабиётининг забардаст адиби

    Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор таваллуд топган кун (17 сентябрь) муносабати билан Адиблар хиёбонида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво-кучлари қўмондонлиги ҳамда Тошкент ҳарбий прокуратураси ҳамкорлигида “Абдулла Қаҳҳор – ХХ аср ўзбек адабиётининг забардаст адиби” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

    Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзо очиб берди. У Абдулла Қаҳҳорнинг ўзбек адабиётига ҳикоя жанрининг тенгсиз устаси бўлиб кирганлиги, қолаверса, уни ҳатто “ўзбек Чехови” деб ҳам номлашлари, унинг ҳикояларида ўзбек халқининг энг яхши жиҳатлари — соғлом ақли, ҳажвийликка йўғрилган ҳаётий донолиги намоён бўлганлигини таъкидлади.

    Анжуманда Ўзбекистон санъат арбоби Иброҳим Ғофуров сўзга чиқиб, Абдулла Қаҳҳор ўзига хос услуби билан чинакам миллий рассом ҳисобланиши, мавзу ва воқеликни у ўзбекчилик ҳақиқатидан олганлиги, унинг қаҳрамонлари ушбу муҳитни илгари сурган рўзғори, маросимлари, одатлари ва хулқи билан узвий боғлиқлиги хусусида ўз мулоҳазаларини билдиришди.

    Анжуманда Ўзбекистон халқ артистлари Дилбар Исмоилова ҳамда Доно Бобохоновалар томонидан Абдулла Қаҳҳор қаламига мансуб “Аяжонларим” комедиясидан ижро этилган саҳна кўриниши даврага янада ўзгача кайфият, кўтаринки руҳ бағишлади.

    Тадбирда сўз олган Абдулла Қаҳҳор уй музейи директори Санобар Матлубова, Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво-кучлари қўмондонлиги хотин-қизлар ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутаххассиси – Дилбар Ҳусановалар Абдулла Қаҳҳор ижодида тинчлик ва барқарорлик мавзуси алоҳида маҳорат билан қаламга олингани, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ижодий меросининг ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида муҳим аҳамиятга эга эканлиги борасида фикр -мулоҳаза билдирдилар.

    Мухтасар ҚОДИРОВА,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази

    Ахборот хизмати мультимедиа бўлими етакчи мутахассиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates