Абдурауф Фитрат Шарқ ва Ғарб мусиқасини қандай таққослаган?

    Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Соибжон Бегматов билан суҳбатимиз улкан мусиқий меросимиз билан боғлиқ шу каби саволлар атрофида кечди.

    “Сараҳбори дугоҳ”. Ҳазрат Навоий ғазали билан айтиладиган бу ашула оҳанглари кўнглимизга алланечук бир ёруғлик, осойишта кунларимизга бўлган соғинч ёлқинини, ажиб бир орзиқишни олиб киради.

    Ҳолу хатинг хаёлидин, эй сарви гулузор,

    Гаҳи кўзимга хол тушубдир, гаҳи ғубор...

    Айни синовли кунларда руҳиятимизга ҳаловат бахш этгувчи, ҳаёт пўртаналарига, талотўпларига мардонавор боқишга ундагувчи бу илоҳий оҳангларнинг сири нимада? Нима учун кейинги пайтда ўзбек мусиқа ва санъатига бутун дунё санъаткорлари томонидан жуда катта қизиқиш билдирилмоқда? Шарқ мумтоз санъатининг ажиб бир тантанасига айланиб улгурган Халқаро мақом фестивали бу йил қандай мезонлар ва талаблар асосида ўтказилади?

    Ўзбек миллий мақом санъати маркази бош директори, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Соибжон Бегматов билан суҳбатимиз ана шу саволлар атрофида, ёруғ кунлар умиди, аждодларимиз бизга қолдирган бу улкан мероснинг руҳиятимизни ёритгувчи, юксалтирувчи пардаларида кечди, десак адашмаган бўламиз.

    Аввало, мақом санъати тарихига бир назар ташласак... Устоз санъаткор Юнус Ражабий катта меҳнат эвазига жамлаган бу хазинамиз нима учун жуда катта эврилишлардан омон чиққан, деб ўйлайсиз?

    Ҳар бир халқ руҳиятини ифодаловчи миллий куй-оҳанглар азиз она тилимиз каби қадрли ва муқаддасдир. Миллатнинг ўтмиши ва бугуни, асрий орзу-истаклари ва гўзал туйғуларини мужассам этган оҳанглар она аллалари, умрбоқий қўшиқлару мумтоз куйларда ранг-баранг жилоланадики, уларни тинглаган инсон ўзлигини англайди, руҳан юксалганини ҳис қилади.

    Мақом ижрочилиги энг қадимий санъат турларидан. Унга IХ-Х асрларда Марказий Осиё ва Шарқ мамлакатларида ижтимоий-маданий ҳаётга таъсир кўрсата олган жонбахш омил сифатида қаралган. Ўзбек мақом санъати минг йиллик тарихга эга. Юртимиздаги Шашмақом, Хоразм, Фарғона-Тошкент мақомлари куйнинг ўзига хос мавқеи ва ижрочилик йўли билан ажралиб туради. Унинг ривожланиши ва асрлар оша сайқал топишида давр, замон, ижтимоий воқелик муҳим унсур сифатида ўз таъсирини кўрсатган.

    Юртимизда мақомчилик санъатининг тараққий этишида академик Юнус Ражабийнинг ҳиссаси жуда катта. Хусусан, у кишининг интилишлари туфайли 1959 йили илк бор ўзбек тилида “Ўзбек халқ мусиқаси” номли олти жилдлик Шашмақом антологияси тузилди. Табиатан серзавқ, зукко ва билимга чанқоқ бу инсоннинг қадам-бақадам юксалиб боришида унинг ноёб мусиқий истеъдоди – нозик идроки, ҳайратомуз ҳофизаси ҳамда ҳақиқий ўзбекона одоби муҳим ўрин тутган эди.

    Юнус Ражабий бир тинглаган мусиқий асарини, ҳажми катта ё кичик бўлишидан қатъи назар, хотирасига ёзиб олиш ва ёддан чолғуда ёки овозида бехато такрорлаб бериш салоҳиятига эга бўлганки, бу ҳол мусиқа тарихида камдан-кам учрайди. Бу ўринда устоз Ражабий феномени бутун жаҳон композиторлари орасида фавқулодда истеъдоди билан ажралиб турувчи Вольфганг Амадей Моцарт даҳоси билангина қиёсланиши мумкин. Савқитабиийсидаги шундай фазилати боис унинг мусиқий фаолияти жадал ва самарали кечди. Янги авлод мақомчиларига устозлик қилиб юрган кезлари шогирдларига қарата “Кўпроқ диққат билан тингла, шунда куй дилингга кўчади”, деб айтган таъкиди Юнус Ражабийнинг ўзига хос шиорига айланган эди.

    Мақомларимиз илоҳий мўъжиза. Чунки уларда асл ишқ тараннум этилган. Шу боис, бу кўҳна ва ўлмас тароналар ҳар қандай давр ўзгаришлари ва эврилишларидан омон чиқди. Шу билан бирга, ўзбек ҳофизлик санъати бир қатор дилбар, хуш овозли, билимли, ибратли хонандаларига эгадир. Улар, аввало, авлодлар орасида кўприк, маънавият бобида кўзгу, замон учун ибратли ҳофиз, ёш авлод учун устоз, мусиқа меросимизга нисбатан сақловчи ва ўтказувчилардир. Халқимиз Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов, Мулла Тўйчи Тошмуҳамедов, Ҳамроқул қори, Маматбува Сатторов, Юнус Ражабий, Домла Ҳалим Ибодов, Ҳожихон Болтаев, Мадраҳим Шерозий, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Очилхон Отахонов, Орифхон Ҳотамов каби замонасининг билимдон ва бетакрор овоз соҳибларини доимо эъзозлаб келадилар. Сабаби, улар қадриятлар кўринишида халқимизнинг неча асрлик маънавиятида муҳрланган азалий анъаналарини соф ҳолатида авлодларга етказиб берганлар.

    Шукрки, мақом санъатига муносабат ўзгарди. Турли фестиваллар, анжуманлар ташкил этилиб, ажодларимизнинг ушбу ноёб меросини ўрганишга, тарғиб этишга қулай шароит яратилди. Ўзбек мақомларининг янги тўлдирилган кўринишдаги замонавий талқинларини яратиш, чолғу ва ашула йўлларини аудио ва видеоларга ёзиб олиш ҳамда “Шашмақом” нота матнларининг замонавий намунасини шакллантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар илмий-маданий аҳамиятга эгалигини эътироф этиш лозим.

    Юртимизда мақом ансамбллари, мақом жамоалари ташкил этилди, Ўзбекистон давлат консерваториясида шу йўналишда махсус кафедра фаолият кўрсата бошлади. Шунга қарамай, миллий ўзлигимизни англаш, маданиятимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқимиз, аввало, ёш авлодни юксак инсоний туйғулар руҳида тарбиялаш, уларнинг эстетик диди ва тафаккурини шакллантиришда мақом санъатининг кенг имкониятларидан етарлича фойдаланилмай келинаётганди.

    Соҳадаги мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, ўзбек мақом санъатини чуқур ўрганиб, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарни янги босқичда равнақ топтириш, унинг “олтин фонди”ни яратиш ва бойитиш, халқаро нуфузини ошириш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида 2017 йил 17 ноябрда Президентимизнинг “Ўзбек миллий мақом санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Мазкур ҳужжат мақом санъатига доир чуқур илмий-назарий тадқиқотлар, ўқув-услубий адабиётлар яратиш, мақом устозлари, соҳа олимлари ва мутахассислари, иқтидорли ва истиқболли ёш ижрочилар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтиришга туртки бўлди.

    Ушбу қарор нафақат тарихга, балки халқимиз қалбига муҳрланди. Кейинги уч йилда мақомларга эътибор юксак босқичга кўтарилди. Ўзбек миллий мақом санъати маркази тузилди. Марказ зиммасига мақомларнинг азалий анъаналарини тиклаш юзасидан бир қатор вазифалар белгиланди.

    Президентимиз қарори негизида, аввало, халқимизнинг маънавий бойлиги бўлган мақомнинг қадрини янада ошириш, мақом билимдонлари бўлган устозларни излаб топиш, ушбу санъат намуналаридан халқимизни баҳраманд қилиш, унинг тарбиявий томонларидан фойдаланиб, соғлом авлодни шакллантириш, келажакда улуғ мутафаккир, алломаларнинг янги авлодини тарбиялаш ғояси ўз аксини топган.

    Ана шундай эзгу мақсад йўлида марказ томонидан аждодларимизнинг маданий бойлигини илмий тадқиқ этиш, уларнинг асл ҳолда ўзлаштирилиб, мукаммал устозона талқинларда тўлдирилган янги замонавий намуналарини яратиш, мақомларнинг нота намунаси, аудио ҳамда видеоёзувларининг янги авлодини халқимизга, илм, ижод аҳлига тақдим этиш каби долзарб ишлар амалга оширилмоқда.

    – Президентимиз фармонига кўра Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институтининг ташкил этилиши нафақат санъат аҳлини, балки ўзини ҳурмат қилган ҳар бир юртдошимизни қувонтирди...

    – Жуда тўғри. Бу ўзлигини англаган, юртини чиндан ҳам севган инсонларнинг асл шодиёнасига айланди. Айниқса, биз санъаткорлар минг бора хурсанд бўлдик, минг бора шукрона айтдик. Ўзбек миллий мусиқа санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар анъаналари, буюк бастакорлар, ҳофиз ҳамда созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш учун катта имконият, дегани бу... Ана энди санъатимизнинг теран илдизларини қайта тиклаш ва тарғиб қилиш, халқимизни миллий мусиқа меросининг энг гўзал анъаналаридан баҳраманд этиш, ёш авлодни миллий мусиқа санъати дурдоналари билан мунтазам таништириш орқали уларда миллий ўзликни англаш туйғусини янада камол топтиришга астойдил бел боғланди.

    Ўзбекистонда мақом, халқ мусиқаси, бахшичилик ва катта ашула ижрочилигини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш бу институтнинг асосий вазифаси этиб белгиланди. Мазкур институтда мумтоз мусиқа меросимиз намуналарини нотага олиш, мавжуд ёзувларни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш, мақом санъатининг ижтимоий-тарихий илдизлари, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини юртимиз олимлари ва чет эллик мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиш ишлари амалга оширилади.

    Мақом санъатини ўрганиш учун алоҳида руҳий тайёргарлик зарур, дейишади. Шундай экан, Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида ёш мақомчилар учун таълим қандай мезон ва талаблар асосида йўлга қўйилади?

    Мақом халқимизнинг бебаҳо маънавий мероси. Ушбу санъат ривожланишнинг узоқ даврини босиб ўтган, кўплаб санъаткорлар, бастакорлар унинг тадрижий тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган. Уларда инсон кечинмаларининг энг нозик оҳанглари жамланган. Шу сабаб мақомни ҳис қилиш, тушуниш учун муайян тайёргарлик зарур. Бунинг учун киши ёшликдан мусиқага меҳр қўйиши, руҳий камолотини айни шу жиҳат билан боғламоғи керак. Эски ўзбек ёзувини, араб ва форс тилларини ўрганиши даркор. Мақомни эшитиш уни тугал тушунишни англатмайди. Ижро йўлига келсак, у алоҳида санъат, алоҳида маданият. Таълим жараёнида ана шу мезонларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

    Абдурауф Фитрат ўз мақолаларидан бирида бундай деб ёзган: “Оврўпо мусиқаси ўзининг энг кейинги давриға бориб еткан. Бундан илгари бора олмайди. Оврўпо мусиқа олимлари ўз илмларини илгари бостиришқа тиришадирлар, турли йўллар билан тушуниб ахтарадирлар. Кўплари бизнинг Шарқ мусиқийларимизға мурожаат қилиб, уларнинг асосларидан фойдаланишдан бошқа чора қолмағанини сўйлайдирлар. Шунинг учундир Шарқ мусиқийсининг аҳамияти Оврўпонинг ҳам санъат доираларида кундан-кун ошмоқда”. Бу эътироф ортида бизни астойдил изланишга, ижод қилишга, меҳнат қилишга ундайдиган жуда катта маъно бор. Биз шундоққина ёнимизда турган чексиз ва бебаҳо бойлигимиз манбаини шу кунгача бор бўй-басти билан кўра олмадик. Президентимиз таъкидлаганидек, агар биз асл, ҳақиқий санъатни билмоқчи, ўрганмоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини билишимиз, ўрганишимиз керак. Агар биз санъатни, маданиятни кўтармоқчи бўлсак, аввало, мумтоз мақом санъатини кўтаришимиз керак.

    Биринчи халқаро мақом анжумани сизда, умуман, кенг жамоатчиликда қандай таассуротлар қолдирди?

    – Ушбу санъат байрамида дунёнинг 73 давлатидан келган 300 га яқин иштирокчи ва меҳмон қатнашди. Бирлашган Араб Амирликларидан келган санъат вакили Анвар Абдулланинг мунозаралар чоғида билдирган фикрлари мени жуда ҳаяжонга солди: “Ўзбек миллий мақомлари чиндан ҳам илоҳий мўъжиза экан. Интернет орқали уларни тинглаганимдаёқ бутун вужудимга нур ёғилгандек бўлди. Қанчалар дилтортар ва ўзига жалб қилувчи санъатингиз бор. Оқсарой обидаси ва унинг атрофида ўзбек халқининг миллий санъати, либослари, ҳунармандчилиги ва таомлари мужассамланган экспозицияларни кўриб ўзимни жаннатга тушиб қолгандек ҳис қилдим. Мақом санъати анжумани аллақачон биз санъатсеварларнинг кўнглимиздан чуқур жой олди. Кейинги сафар, албатта, оиламни ҳам олиб келишга аҳд қилдим”. Бу каби эътирофлар инсонга ғурур ва фахр бағишлайди.

    Фестиваль доирасида ўтказилган илмий конференцияга 30 га яқин давлатдан мусиқашунос олимлар ташриф буюришди. Мақом санъати тадқиқотларига бағишланган баҳсу мунозаралар жуда кўп муаммоларга ойдинлик киритди. Тадқиқотчиларнинг санъатимиз борасида олиб борган илмий изланишларидаги ўзига хос янгиликлардан баҳраманд бўлдик. Конференцияда бир мавзуга барча олимлар томонидан жуда катта эътибор қаратилди. Яъни Шарқ халқлари мақомоти амалиётининг асосий масалаларидан бўлган парда тизимига хос маърузалар қизғин муҳокама қилинди. Бу тизим, албатта, мақомларнинг асл ҳолича ижро этилишида асосий омил ҳисобланади. Энг муҳими, ҳар бир миллатнинг мақомот санъатини тўла намойиш этадиган, ўзига хос оҳангларини тўлақонли ифодалашда асос бўладиган товуш қаторлари эканлигига катта эътибор берилди. Келгусида айни мавзуда йирик тадқиқотларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

    II Халқаро мақом анжумани иштирокчилари учун қандай янгиликлар ва қулайликлар ҳозирланмоқда?

    Кейинги йилларда юртимизда мақом санъатига берилган эътибор туфайли мақом ижрочилиги анча тикланди. Ёшлар орасида мақом ижрочилиги маҳоратини эгаллайман деган истеъдодлар кўпая бошлади. Шу боис, бу йилги анжуманда Шашмақом, Хоразм мақомлари ва Фарғона-Тошкент мақом йўналишлари бўйича ёш ижрочиларимиз иқтидорларини намойиш этишлари учун кенг имкониятлар яратилади.

    Давлатимиз раҳбари ушбу оламшумул анжуманнинг нашидаси дунё бўйлаб авж олаётган бир пайтда мақом санъатининг илмий асосларини ўрганиш, азалий ва замонавий намуналаридан жаҳон халқларини баҳраманд этиш, Шарқ халқлари мақомотининг гўзал анъаналари ва моҳир мақом санъати намояндалари ижодини янада мукаммал ўрганиб, тарғиб қилиш мақсадида “II Халқаро мақом санъати анжуманини ўтказишга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишни имзолади. Бу мақом устозлари, ижрочилари, ушбу нодир санъатнинг ривожида фаолият юритаётган ҳар бир кишига катта қувонч ҳамда янги илҳом бағишлади.

    Иккинчи анжуманни аввалгисидан ҳам юксак савияда ташкил этиш масъулияти нақадар улканлиги фармойишда кўзланган вазифаларда ўз ифодасини топган.

    Ҳозирги кунда мазкур ҳужжат асосида тадбирга тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда. Бунга бутун Ўзбекистондан мутахассислар жалб этилиб, ҳар бир ҳудуд вакиллари ўзларининг ўзига хос локал услубларини санъатнинг барча соҳаларида намойиш этиш учун илк намуналарни муҳокамага тавсия қиляпти. Айниқса, икки йил давомида мақом намуналарини муайян даражада ўзлаштирган вилоятлардаги намунавий мақом ансамбллари мақом санъатининг сирли дунёсини ўзига хос талқинларда бутун дунёга тараннум этиш учун тайёргарлик қилмоқдалар.

    Нуфузли тадбирга республика ва жаҳон миқёсида муносиб мақомшунос олимлар ва мақомот ижрочиларини жалб этишга катта эътибор қаратилмоқда. Ҳудудларда мақом ансамблларининг концерт дастурлари, ёш ижрочилар ўртасида “Ёш мақом ижрочилари”, бастакорлар ўртасида “Мақом йўлида яратилган энг яхши асар” номинациялари бўйича республика танловлари ташкил этилиб, таниқли мақомшунос олимлар, тажрибали мақом ижрочилари иштирокида ижодий учрашувлар ва маҳорат дарслари ўтказиляпти.

    Шаҳрисабз шаҳри аҳли бугунги кунда Халқаро мақом анжумани ҳавоси билан нафас олмоқда, десак янглишмаймиз. Бундан ташқари, ушбу санъат байрамида республикамизнинг ҳар бир ҳудудининг тарихи ва маданияти ҳам намойиш этилади. Шу билан бирга, ҳудудга мос таомлар турларини тайёрлаш ва бундан меҳмонларнинг баҳраманд бўлиши таъминланади.

    Оқсарой атрофидаги майдонлар ҳудудлар кесимида тақсимланиб, миллий анъана ва қадриятларимизни акс эттирувчи сценарий ва дастурлар лавҳалари устида иш олиб борилмоқда. Саҳна декорацияси ва майдонни ободонлаштириш ишлари ҳам авжида.

    Анжуман доирасида уюштириладиган илмий конференцияни “Мақом санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусига бағишлаш ва унга хорижий ҳамда маҳаллий мусиқашунос олимларни, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар, фахрий меҳмонларни жалб этиш келгусида биз кутган натижаларни беришига ишонамиз.

    Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги Мақом музейини ушбу санъатга оид тарихий, илмий-ижодий манбалар, қадимий ва замонавий чолғу асбоблари ва бошқа янги экспонатлар билан бойитиш чоралари кўриляпти.

    Бу борадаги барча ишлар нуфузли тадбирни юқори савияда ташкил этиш билан бирга, жаҳон ҳамжамиятида мақом санъати нуфузини янада оширишга хизмат қилади.

    Ҳозирги пандемия даврида барча тадбирлар ва мулоқотлар онлайн тарзида амалга оширилмоқда. Бироқ биз умид қиламизки, мақом санъати анжумани дунё халқлари пандемиядан халос бўлган кунларда жонли тарзда ўтказилади. Ахир, дўстлар билан дийдорлашиб, кўҳна оҳангларни биргаликда ижро этишнинг ўзгача гашти бор. Илоҳим, умумбашарият халқлари ҳаёти тинчлик ва фаровонликка чулғансин. Жаннатмакон юртимизда азиз меҳмонларимизни эзгу ниятлар ва хурсандчилик билан кутиб олайлик!

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates