Агар дунёда битта аёл қолганда ҳам заргарлар учун, албатта, иш топилади

    Олтинни ингичка сим сифатида чўзиш ва хамирдек юпқа пластинка шаклида ёйиш мумкин.

    Ушбу азалий иборанинг аҳамияти бугунги кунда ошса ошиб боряптики, асло камайгани йўқ. Маълумотларга қараганда, жаҳон заргарлик саноатида ишлаб чиқариш ҳажми йилига 5-6 фоизга ўсяпти, товар айланмаси 250 миллиард доллардан ошиб кетди. Ушбу рақамлар соҳанинг салоҳиятини кўрсатган ҳолда, табиийки, уларнинг асосий харидори бўлган аёлларнинг истак-иштиёқининг қамровидан ҳам далолат беради. Хуллас, заргарлик тармоғи нафосат маликаларининг орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ бири-биридан ноёб, нафис, қимматбаҳо зебу зийнат, дуру гавҳарларни таклиф этмоқда.

    Айни пайтда дунё бозорида олтиннинг 50 фоиздан, яъни 2200 тоннадан зиёди, кумушнинг 20 фоиздан, яъни 6500 тоннадан ортиғи заргарлик буюмларини ишлаб чиқаришга ишлатилади. Юртимизда эса йилига икки тонна атрофида заргарлик маҳсулотлари сотилади. “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмасининг маълумотида айтилишича, жорий йилнинг январь-май ойларида ички бозорда 300 килограмм олтин ва 255 килограмм кумуш харид қилинган.

    Бу кўпми ёки озми? Албатта, жаҳонда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқаришда етакчилар қаторида турган, ўтган йили олтин экспорти бўйича ҳар қандай мамлакатни ортда қолдирган Ўзбекистон учун бу миқдор жуда оз. Табиийки, бунинг сабаблари ҳам кўп эди.

    Зар қадрини заргар билади

    Бу нақл тилга олинганда, қалб илҳоми, катта сабр билан яратилган нафис ва гўзал заргарлик маҳсулотлари кўз ўнгимизда намоён бўлади. Улар заргарнинг наинки бой истеъдоди фарази, балки нодир металлар илмини, кимёвий хоссаларини ва уларнинг миллиграммларидан қандай миқдорда фойдалана билиш санъатини яхши ўзлаштирганлиги туфайли дунёга келади. Масалан, кумуш яхши силлиқланади, ишлов бериш учун юмшоқ, чўзилувчан бўлиб, ундан ясалган заргарлик ва санъат буюмлари юқори даражада нур қайтариш хусусиятига эга. Мис ва кумуш буюмлари устига юпқа олтин қоплама берилса, улар янада чирой очиши баробарида узоқ йиллар давомида ўз ҳуснини йўқотмайди.

    Олтин ҳам кумуш каби хоссаларга эга бўлгани учун уни ингичка сим сифатида чўзиш ва хамирдек юпқа пластинка шаклида ёйиш мумкин. Мутахассисларнинг ёзишича, замонавий технологиялар асосида 1 грамм соф олтиндан узунлиги 3 километргача бўлган соч толасидай нозик сим ёки 50 квадрат метрга етадиган ўта юпқа қоплама тайёрласа бўлади. Бунда олтиннинг ранги билинар-билинмас мовий-яшил тусга киради...

    Умиджон Ҳикматов бу каби фикрларни устози Рустам Пўлатовдан жон қулоғи билан тинглаган, амалий машғулотларда металлар хоссаларини, улардан оддий тақинчоқлар ясаш сирларини қунт билан ўрганган. 2011 йилгача Сағбондаги касб-ҳунар коллежида таҳсил олиши баробарида заргарлик тўгарагига ҳам қатнади. Олинган билим ва орттирилган муайян кўникма ўз уйида уста сифатида дастлабки тақинчоқларни ясашда қўл келди. Аниқроғи, улар рисоладагидек чиқмаган бўлса-да, келгуси ишларига ишонч уйғонди. Уқиган амалларини сабр-тоқат билан сайқаллаштира бориб, кўп ўтмай яқин қариндош ва қўшниларидан буюртма оладиган устага айланди.

    —Яқин пайтгача хомашёни буюртмачининг ўзи келтирарди ёки “қора бозор”дан олишга тўғри келарди, — деб эслайди заргар. — Шу боис ҳадик билан ишлардик. Бунинг устига якка тартибдаги заргар-тадбиркорлар ўз маҳсулотларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқига эга эмас эди. Айрим пайтлар воситачи дўконларга топширишга мажбур бўлардик.

    Ҳақиқатан, заргарлар ана шундай чекловлар “занжири” остида ишлашган. Тўғри, давлат корхоналари томонидан заргарлик буюмлари ва ҳар хил тақинчоқлар ишлаб чиқарилган. Лекин бир “қолипдаги” зеб-зийнатлар кўпинча кўнгли нозик, диди юксак харидорларнинг истагига тўғри келмаган. Бунинг устига заргарлик корхоналари асбоб-ускуналарининг 80 фоизи эскирган, айримларида ишлаб чиқариш тўхтаган эди. Шунингдек, асиллик даражасини белгилаш, тайёр заргарлик буюмларини чет элга олиб чиқишга оид тартибларнинг мураккаблиги ҳам аҳоли ва тадбиркорларга ноқулайлик туғдирарди.

    Айниқса, қимматбаҳо металларни заргарларга сотишдаги мавжуд чекловлар соҳа ривожига катта тўсиқ эди. Шу боис уни бартараф этиш мақсадида 2019 йил йил 1 мартдан бошлаб қимматбаҳо металларни ишлаб чиқарувчиларга биржа орқали тўғридан-тўғри сотишга рухсат берилди. Лекин тилла, платина ва кумуш нархининг юқорилиги боис уларни харид қилишга тизим корхоналари айланма маблағи етишмасди...

    Четда қолган соҳага эътибор ўзгаргач...

    2019 йил 8 май санаси соҳа тарихида тубдан бурилиш ясаган кун сифатида муҳрланди. Худди шу куни Президентимиз заргарлик тармоғини ривожлантириш, заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга шароитни кенгайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда соҳани чинакам саноат даражасига олиб чиқиш вазифасини қўйди.

    Кўп ўтмай, ўша йили 18 майда давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, соҳага чет эл инвестицияларини фаол жалб этиш, рақобатбардош ва сифатли заргарлик буюмларини тайёрлашда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

    — Мен ўша пайтда заргарлик буюмлари тайёрлаш учун лицензияга эга бўлган якка тартибдаги тадбиркор эдим, —дейди Умиджон Ҳикматов. — Фармон билан бизга ўзимиз ишлаб чиқарган маҳсулотни мустақил равишда чакана тартибда сотиш, аҳолидан қимматбаҳо металл парчалари, тошлар ва улардан ясалган буюмларни сотиб олиш ҳуқуқига берилди. Истаган пайтда бу борада брокер орқали биржага ҳам мурожаат қилишимиз мумкин.

    Яна бир қулайлик шундаки, заргарлик буюмларимизга асиллик даражасини мустақил белгилаш ва уларга бу белгини ўзимиз қўйиш ҳуқуқига ҳам эга бўлдик.

    Бу каби рағбатлардан руҳланган уста Чилонзор туманининг Мақсуд Шайхзода маҳалласида ўзининг заргарлик устахонасини очди. Унга дунёдаги энг жибилажибон, сайроқи, гўзал қушча бўлган “Кодибри гольд” номини қўйди ва шу ном остита ўнлаб заргарлик маҳсулотлари тайёрлаяпти. Беш шогирдни ишга олган. Аввалги ҳадик ва чекловлар эркин ишлаш ва янгидан-янги ғояларни ишга солиш иштиёқига алмашган. Лекин ҳар бир заргарлик буюми, хоҳ у сирға, билагузук ёки ҳадя этиладиган буюмлар бўлсин, сифатига ўзлари кафил. Шу боис масъулият ҳам шунга яраша катта.

    — Яқинда Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Афғонистон ишбилармонларининг бизнес форумида, Тожикистондаги ана шундай кўргазмаларда иштирок этдим, — дейди заргар. — Уларда юртимизда тайёрланган бошқа маҳсулотлар каби заргарлик буюмларига ҳам қизиқиш катта бўлди. Эндиги мақсадим ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, заргарлик буюмларимиз экспортини йўлга қўйиш, Бу борада ҳам тадбиркорларга етарли шарт-шароитлар яратилган.. Ҳозир бир қатор келишувлар устида иш олиб боряпмиз.

    — Кўргазма ва фестиваллар миллий анъналаримизни кенг тарғиб қилиш, тармоққа замонавий технологияларни жалб этиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда маҳаллий заргарларнинг дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилади, — дейди “Ўзбекзаргарсаноати” уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Мираҳмедов. — Жумладан, Президентимизнинг шу йил 29 апрелдаги “Халқаро зардўзликва заргарлик фестивалини ўтказиш тўғрисида” қароига биноан, 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда май ойида Бухоро шаҳрида Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали, унинг доирасида илмий-амалий конференция, кўрик-танлов, тақдимот ва кўргазмалар, театрлашган концерт-томоша дастурлари, маданий-маърифий ва тарғибот-ташвиқот тадбирлари ташкил этилади. Фестивалга уйғун равишда Тошкент шаҳрида хорижий мамлакатларнинг заргарлик тармоғи вакиллари, хорижий инвесторлар, экспертлар ва мутахассисларни жалб этган ҳолда, “Uzbek Jewellery Fair” заргарлик саноатининг замонавий асбоб-ускуналари, технологиялари ва буюмларининг йиллик халқаро кўргазма-савдоси ўтказилади.

    Шу билан бирга, Дубай (БАА) шаҳрида бўлиши режалаштирилган “World Expo – 2021”, кейинчалик хорижий давлатларда ташкил этиладиган барча нуфузли кўргазмалар доирасида заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари намойиш этилиши кўзда тутилган.

    Чинакам саноат даражасига чиқиш йўлида

    Президентимиз шу йил 15 январь куни пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ишга туширилган “Gold Moon Tashkent” масъулияти чекланган жамияти билан танишди. Қиймати 20,8 миллион АҚШ долларилик маблағ жалб этилган лойиҳанинг салоҳияти катта. Италия, Германия ва Туркиядан келтирилган замонавий асбоб-ускуналар орқали йилига 6 тонна заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш қувватига эга.

    — Бизнинг мақсадимиз ёшларни замонавий технологиялар ва дизайнга ўргатиб, камида 10 минг нафар йигит-қизни иш билан таъминлаш, — деган эди давлатимиз раҳбари корхона билан танишиш чоғида. — Ўзбекистон миллий брендини жаҳон бозорига чиқариш. Юртимизда хомашё, қўли гул ҳунармандлар бор. Бу соҳа миллий анъаналарни тиклаш, ўзлигимизни англаш нуқтаи назаридан ҳам катта пойдевор

    Корхона айни кунда ўзбек анъанавий заргарлик буюмларини Европа ва Италия дизайни билан янада бойитяпти. Бунинг учун италиялик дизайнерлар билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти. Асиллик даражаси ва сифатини кафолатлаш, олтинга ишлов бериш усулларини янгилаш асосида ноодатий зеб-зийнатлар ишлаб чиқаряпти, ҳар хил ўлчамдаги ёмбилар савдосини йўлга қўйишни, Ҳиндистон, Африка ва Шри-Ланкада ишлов берилган қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан фойдаланиб, тақинчоқлар яратишни йўлга қўйган

    Заводга хомашё мамлакатимиздаги йирик тоғ-кон саноати корхоналаридан биржа савдолари орқали сотиб олинади. Заргарлик буюмлари “Фонон” бренди остида улгуржи ва чакана савдо орқали бозорга чиқариляпти. Шу ернинг ўзида жойлашган савдо дўконидан қимматбаҳо металл ва тошлардан ясалган жозибадор заргарлик буюмларини харид қилиш мумкин.

    Фахриддин Рўзиев бундан 33 йил муқаддам ўша кезда Марказий Осиёда ягона бўлган Тошкент заргарлик заводида муҳандис сифатида иш бошлаган. Кейинчалик унинг номи “Фонон”га айланганда ҳам раҳбарлардан бири сифатида фаолиятини давом эттирди. Тадбиркорлик салоҳиятини синовдан ўтказиш мақсадида 2011 йилда “Берилл гольд” хусусий ишлаб чиқариш корхонасига асос солди. Унга ўрнатилган асбоб-ускуналар ҳар қандай услубдаги заргарлик буюмларини тайёрлаш имкониятига эга.

    Коронавирус пандемиясининг салбий оқибатлари соҳани ҳам, унинг корхонасини ҳам четлаб ўтмади. Энг аввало, маҳсулотга буюртмалар камайди. Мана энди астта-секин ишлар юришиб боряпти. Авваллари аҳолининг олтин тақинчоқларга эҳтиёжи катта бўлса, кейинги пайтда кумушдан ясалган буюмларга буюртмалар ортган. Бундан ташқари, ўттиздан ортиқ хусусий тадбиркорларнинг заргарлик дўконига шартнома бўйича ўнлаб турдаги зеб-зийнатлар етказиб берилади.

    Давлатимиз раҳбарининг заргарлик соҳасини ривожлантиришга кўрсатаётган эътибори, айниқса, шу йилнинг 22 февралида имзолаган “Заргарлик саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган имтиёзлардан жуда мамнун.

    — Мен узоқ йиллар ишлаган ва кейинги пайтда тўхтаб қолган “Фанон”нинг бугунги замонавий салоҳияти, тайёрлаётган маҳсулотлари саноатимизнинг ривожланиш даражасидан далолат беради, — дейди Фахриддин Рўзиев. — Буни соҳамиздаги ҳар бир ишлаб чиқарувчи амалда ҳис қиляпти. Бир пайтлари биргина рухсатнома олиш азобларини тортган, сиқиб сувингни ичадиган текширишларни бошидан ўтказган ҳунармандлар ҳозирги яратилган имкониятлар қадр-қимматини яхши билади. Бундай имконият интилиш, изланиш, янги лойиҳаларни ишга туширишга руҳлантиради. Биз ҳозир туркиялик ҳамкорларимиз билан мавжуд ишлаб чиқаришимизни кенгайтириш, хорижнинг ўта замонавий дастгоҳлари билан жиҳозлаш режасини ниҳояга етказиш арафасида турибмиз.

    Президентимизнинг шу йил 22 февралдаги қарорида белгиланган бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Унда ҳозирги кунда қимматбаҳо металлар тўғридан-тўғри шартнома асосида ёки товар-хом ашё биржаси орқали нархнинг 15 фоизлик аванс тўловини амалга оширган ҳолда, 180 кунга кечиктириб тўлаш шарти билан сотилиши кўзда тутилган. Бу жараёнда мутасадди банк кафолат бўлади. Ушбу қулайлик тадбиркорларга, айниқса, ўз ишини энди бошлаган ҳунармандларга ўз айланма маблағларини тўлдириш, хомашёни олиш ва ўз ишини юритишда катта молиявий кўмак бўляпти. Қолаверса, бизга 2022 йилнинг 1 июлига қадар қимматбаҳо металлар ва маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш айланмаси қўшилган қиймат ва акциз солиғидан озод этилган.

    Палатанинг янги лойиҳаси

    Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси реализация қилишга мўжалланган қимматбаҳо металлар ва тошлардан ясалган заргарлик буюмларини асиллик даражасини аниқлаш ва Ўзбекистон Республикаси давлат тамғалари билан тамғалашни таъминлаб берувчи ваколатли орган ҳисобланади. Улар сотувга қўйилганда, амалдаги қонунга биноан, ўрганиш ва тамғалаш тартибидан ўтиши керак.

    Мазкур идора заргарлик маҳсулотларни сотадиган бизнес вакилларини амалда ҳам қўллаб-қувватлаб келади. Бугунги кунда мамлакатимизда 522 та тадбиркорлик субектида ушбу фаолиятни амалга ошириш учун рухсатнома мавжуд.

    “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”. Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган ушбу тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига ва ишлашига замин яратмоқда.

    — Ишга туширилган янги намунавий лойиҳанинг моҳияти ҳам ана шу мақсадга қаратилган, — дейди Давлат асиллик даражасини белгилаш палатаси раиси Бахтиёр Худойбердиев. — Бунда сифатсиз ва қалбаки маҳсулотларни сотувдан чиқариш, заргарлик буюмларининг қонуний савдоси учун шароит яратиш, соҳада яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, уларнинг сотиб олинган маҳсулотларнинг сифати ва қонунийлигига ишонч ҳосил қилишини таъминлаш асосий ўрин тутади.

    Биринчи босқичда, палатанинг мобиль гуруҳи Тошкент шаҳрида жойлашган Олой бозоридаги ихтисослашган дўконларда ишловчи тадбиркорлик субектларига кўмаклашди. Улар билан очиқ мулоқот йўлга қўйилиб, юзага келаётган масала ва муаммоларни ҳал этишга кўмаклашилди. Уларнинг ихтиёрига кўра, сотувдаги заргарлик буюмларини синаш ва тамғалаш ишлари олиб борилди.

    Шунингдек, лойиҳа доирасида тадбиркорлик субектларига ҳужжатлар билан ишлашда амалий ёрдам кўрсатилди. Бунинг учун мобил гуруҳга лицензиялаш бўлими мутахассислари киритилган. Масалан, бозорда рўйхатдан ўтган 28 та тадбиркорлик субектидан 8 таси шу папйтга қадар мазкур фаолиятни амалга оширмаган, 4 таси эса ваколатли органни хабардор қилмаган ҳолда иш юритган. Палата ходимларининг ёрдами билан улар тегишли рухсатномалар расмийлаштирди ва эндиликда ўз фаолиятини қонуний асосда амалга оширадиган бўлди. Бу Ўз навбатида, уларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари ҳисобида жарима тўлашдан сақланиш имконини берди.

    Лойиҳанинг иккинчи босқичида мобиль гуруҳ Чилонзор туманидаги “Гольд центр” савдо марказида, учинчи босқичда эса пойтахтимизнинг Шайҳонтоҳур туманидаги “Чорсу” савдо мажмуасида тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатади. Кейинги ойлар давомида вилоятлар ҳамда сайёҳлик марказларидаги йирик савдо мажмуаларида ана шундай ишлар давом эттирилади.

    Хуллас, тизимнинг саноат даражасига кўтарилиши ва қулай ишбилармонлик муҳитида фаолият кўрсатиши учун ҳуқуқий асослар молиявий имконият ва рағбатлар етарли. Кўҳна нақлларга амал қилган ҳолда,

    дунёнинг машҳур брендлари билан рақобтлашиш, миллийликка уйғун замонавий заргарлик буюмлари билан дунё бозорларини эгаллаш асосий вазифа. Зар қадрини яхши биладиган касб эгалари яхши билади, уч ярим миллиарддан ортиқ аёллар яшаётган бу дунёда заргарлар учун иш миқёси жуда катта, лекин улар қалбига йўл топиш, нозик дид ва хилқатларига муносиб дурдоналар ясаш осон иш эмас. Шу боис ўта юксак масъулият, катта қунт-сабр ва изланишлар эвазига ноёб ҳамда бетакрор заргарлик буюмлари яратилган ва бундан кейин ҳам олам аҳлини ҳайратда қолаверади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates