Агротрансформация — ёшлар учун имкониятлар майдони

    Ҳозирда мотивацион лойиҳа ташаббускорлари Сурхондарё вилоятида ўтадиган навбатдаги ушрашувларга ҳозирлик кўрмоқда.

    Қишлоқ хўжалиги, аллақачон, илғор технологияларга асосланган замонавий соҳалардан бирига айланди. Унда фаолият олиб боришни истаётган ёшларнинг билимини ошириш, соҳага кенгроқ жалб этиш, хориж тажрибаси асосида агротадбиркорликни ривожлантириш юртимизда йил сайин фаоллашиб боряпти. Айниқса, бу борадаги халқаро ва маҳаллий йирик лойиҳалар минглаб йигит-қизларда қизиқиш уйғотмоқда.

    Ўтган йили сентябрь ойида илк бор ўтказилган “Агромарафон” мотивацион лойиҳаси ҳам юртимиз бўйлаб 8 мингдан ортиқ ёшларни жалб эта олганди. Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан ўтказилган лойиҳа доирасида деҳқон ва фермерлар учун қизиқарли тадбирлар, агротур ва кўргазмалар ташкил этилиб, янги ғоялар учун қулай платформа яратилди. Соҳанинг етакчи мутахассислари томонидан ўтказилган учрашувлар, семинар-тренингларда йигит-қизлар фаол қатнашиб, кейин ҳам бу борада қизғин муҳокамалар қилинган. Иштирокчилар орасида лойиҳанинг давомини кутганлар кўп бўлди.

    Шу боис, лойиҳа ташаббускорлари бу йил ҳам аграр соҳа ёшлари учун янги платформа ҳозирлади. Деҳқон ва фермерлар учун йиғим-терими палласи — куз мавсумида ана шундай мотивацион лойиҳаларни ўтказиш яхши анъанага айланиб боряпти. Айни шу даврда “Агромарафон”нинг давоми сифатида “Агротрансформация” лойиҳаси ўз ишини бошлади. Бу гал лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида старт олди ва иштирокчилар 12—17 сентябрь кунлари 16 та туманда бўлиб, 2 мингга яқин ёшлар билан учрашди.

    Лойиҳага 20 га яқин мутахассис-спикерлар жалб этилган бўлиб, уларнинг сафи бу йўналишда билимга эга янги волонтёрлар билан тўлиб бормоқда. Иштирокчиларнинг қорақалпоқ ёшлари билан илк учрашувлари Амударё туманидан бошланди. Очилиш тадбирида ёш фермер ва деҳқонлар, қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиқадиган йигит-қизлар, агротадбиркорлар жам бўлди.

    Лойиҳа бошидан охиригача қишлоқ хўжалиги соҳасига бағишлангани табиий. Унда ёшларни энг кўп қизиқтирган “Ер олиш тизими ва тартиби”, “Агробизнесда стратегик менежмент”, “Замонавий деҳқончиликда маркетинг ва брендинг” каби мавзуларда сўз борди. Спикерлар ўзларининг шахсий тажрибалари билан ўртоқлашиш баробарида, аграр соҳадаги бугунги имкониятлар, қонунчилик асослари ҳамда соҳани ривожлантиришда қўл келадиган дунёдаги илғор тажриба ва замонавий воситалар ҳақида маълумот берди. Семинарларга катта қизиқиш билдирган ёшлар орасида янги бизнес лойиҳалар бўйича таклифлар билан чиққанлари ҳам бўлди.

    — Бугунги кунда аграр соҳадаги лойиҳалар ёшларда катта қизиқиш уйғотяпти. Сабаби, ҳозир қишлоқ хўжалигига оғир ва эскича меҳнат тури эмас, балки тадбиркорликнинг янги ва замонавий йўналиши сифатида қаралмоқда, — дейди Ўзбекистон ёш фермерлари Кенгаши раиси, “Агротрансформация” лойиҳаси муаллифи Маҳмуд Иноятов. — Натижада тармоқда ёшлар улуши ортиб боряпти. Биргина мисол, айни дам юртимизда 27 мингдан ортиқ ёш деҳқонлар ҳамда 11 мингдан зиёд фермер йигит-қизлар фаолият юритмоқда. Шу жиҳатдан, биз бошлаган навбатдаги лойиҳа аграр соҳада меҳнат қилаётган ёки энди иш бошлаш истагидаги йигит-қизлар, юқори натижаларга эришган агротадбиркорлар, ёш деҳқон ва фермер учун катта мотивация бера оладиган қулай платформа, тажриба алмашинув майдончаси бўлиб хизмат қилади.

    Лойиҳа доирасида республика бўйлаб 20 000 дан ортиқ ёшлар учун 150 дан зиёд учрашувлар, семинар-тренинглар ташкил этиш кўзда тутилган. Бу ўтган йилги лойиҳага нисбатан икки баробар кўп қамров. Асосийси, мазкур учрашувларда соҳа мутахассислари, агротадбиркорлар томонидан ёшларга энг замонавий воситалар ёрдамида қишлоқ хўжалигига доир муҳим мавзуларда билимлар берилмоқда. Ҳозирдан барча ҳудудларда йигит-қизлар лойиҳага юқори қизиқиш билдириб, қатнашиш истаги билан чиқяпти. Албатта, лойиҳанинг эшиклари барча учун бирдек очиқ бўлади.

    “Ер олишнинг ўзи билан иш битмайди”

    “Агротрансформация” сўзи тўғридан-тўғри таржима қилинганда қишлоқ хўжалигидаги янгиланиш, ўзгаришларни англатади. Буни ҳозир юртимиздаги барча соҳаларда кечаётган ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари билан боғлаш мумкин. Қишлоқ хўжалиги ҳам унинг бир қисми бўлгани ҳолда, аграр соҳага энг замонавий техникалар, илғор технологияларга асосланган кластер тизими ҳамда уруғни ерга қадашдан то ҳосил олингунга қадар қўлланилаётган илмий ёндашувлар кириб келмоқда. Лойиҳа асосчилари мамлакатимиз деҳқон ва фермерларини ана шу жараёнда фаол жалб этишни, соҳада натижани шунчаки кутиш эмас, балки ташаббускор бўлишга чорлашни мақсад қилган.

    Лойиҳанинг Қорақалпоғистон Республикасидан бошлангани ҳам бежиз эмас. У ердаги маҳаллий ёшлар ҳудуднинг мавжуд муаммоларидан келиб чиққан ҳолда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан самарали фойдаланиш, юқори ҳосилдорликка эришишда замонавий технологияларни қўллаш ва агротадбиркорликни ривожлантиришга интилмоқда. Айниқса, Орол бўйида истиқомат қиладиган аҳоли учун бу янада долзарб аҳамиятга эга.

    Охирги йилларда қорақалпоқ элида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар қишлоқ хўжалигида ҳам кўзга ташланмоқда. Ҳудудда аграр соҳани ривожлантириш учун кенг имкониятлар бериляпти. Аҳолига субсидия, имтиёзли кредит, грантлар ажратиляпти, томорқачиликни ривожлантиришга шароитлар яратиляпти. Аммо маблағларни тўғри йўналтириш, ҳосилни бир неча баробарга ошириш бугунги кун деҳқон ва фермеридан янги билимларга эга бўлишни талаб этмоқда. Шу боис, ҳудудларда агробизнесда фаолиятни бошлашдан то барқарорликка эришишгача бўлган жараёнлар бўйича тренинглар ташкил қилиш муҳим. Бундай учрашувларда ёшлар ўзига керакли билимларни эгаллаш баробарида, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлмоқда.

    — Бир неча йил олдин ишсиз бўлганим сабабли, қўшни давлатга ишлашга кетиб, 4 йил давомида иссиқхонада меҳнат қилдим, — дейди Амударё туманидаги ёш агротадбиркор Азизбек Гаипов. — Доим ўзимнинг қишлоғимда ўз ерим бўлса, болаликдан севган соҳам деҳқончилик билан шуғуллансам дердим. Вақт ўтиб юртимизда ёшларга шундай имкониятлар яратилди, ер ажратила бошлади. Буни эшитиб, 2019 йилда юртимга қайтдим. Мени “Ёшлар дафтари”га киритишди ва аукцион орқали укаларим билан бирга ер олдик. Оиламизда 6 нафар ёш бор. Ҳар биримизга 25 сотихдан ер ажратилди. Апрель ойи бошида ерни ҳайдаб, плёнка остида тарвуз етиштирдик. Ҳосилни сотишни июнь ойидан бошлаган бўлсак, ҳозиргача давом этяпти. Агротадбирларни амалга оширишга 30 миллион сўмга яқин харажат қилганмиз. Лекин даромад анча кўп бўляпти. Тарвузларни бошқа вилоятларга ҳам сотяпмиз. Яширмайман, даромадимдан, ҳатто, автомобилга тўлов қилиб қўйдим.

    Бир нарсани айтаман, деҳқончилик осон эмас, аммо қаровини топсанг, қор ҳам ёнади, дейди халқимиз. Ҳар ким ўзи тушунган ишни қилиши керак. Бу йил сабзи қиммат бўлади, сабзи экаман, келаси йили карамни синаб кўраман, деган билан иш бўлмайди. Масалан, мен тарвуз етиштиришдаги агротехнологияларни яхши биламан, қовун ёки бошқа сабзавотни етиштиришда тажрибам йўқ. Ҳозир деҳқончилик билимга таяняпти. Ёшларга маслаҳатим, ер олишнинг ўзи етмайди, соҳани тушуниш ва меҳнат қилиш керак. Очиғи, ҳозирги 25 сотих ер мен учун камлик қилади. Давлатимиз раҳбари келаси йилдан ёшларга 2 гектардан ер ажратилишини айтдилар. Мен биринчилардан бўлиб олмоқчиман. Чунки бу биз, ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришимиз учун катта имконият ва ундан тўғри фойдаланишимиз керак. Ҳозирги вақтда анча ривожланиб бораётган қишлоқ хўжалиги эса кўпроқ ўрганиш, янги билимларга эга бўлишни талаб этади. Бу борада бизга “Агротрансформация” лойиҳаси мутахассисларининг маслаҳатлари қўл келяпти. Лойиҳа давомида ўзимизга керакли маълумотлар, “янги ғоялар” олдик.

    Катта мақсадлар учун кичик “туртки”

    Лойиҳанинг кейинги кунлари ҳам қизғин руҳда давом этди. Беруний туманидаги Ёшлар марказида соҳа экспертлари агробизнесда бошланғич қадам ва барқарорликка эришиш ҳақида гапирди. Мавзулар ҳар бир туманнинг ўзига хослиги, қишлоқ хўжалиги имкониятларидан келиб чиқиб танланган. Мўйноқ туманида амалга оширилган лойиҳалар таҳлил қилиниб, янги таклифлар кўриб чиқилди. Мутахассислар Кегели, Чимбой, Бўзатов ва бошқа туманларда ҳам ёш фермерлар билан ўз билим ва тажрибаларини бўлишди.

    Учрашувлар давомида кичик кўргазмалар ҳам ташкил этилди. Унда соҳа вакиллари маҳаллий ёшларнинг ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифати ва мазасига юқори баҳо берди. Полизидан олиб келган қовунларни меҳмонларга улашган деҳқон йигит 20 хилга яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришини айтганида кўпчилик ишонмади. Экспертлар, ҳатто, йигитнинг кетма-кет тахланган маҳсулотлари турини эринмай санади. Чиндан, 20 турга яқин мева-сабзавот бор экан. Бўлганда ҳам, бари иштахани очадиган, сифатли ва маромида пишиб етилган.

    Қорақалпоғистонда ана шундай ишнинг кўзини биладиган ёш агротадбиркорлар сони ортиб боряпти. Тармоққа энди кириб келаётган йигит-қизлар эса уларга ҳавас қилиб, эргашаётгани ҳам рост. Лойиҳа давомида бундай ёшлар билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг янги ғоялари бўйича маслаҳатлар, амалий кўмаклар ҳам бериляпти.

    Шундай қилиб, Қорақалпоғистон Республикасининг 16 та туманида ўтказилган “Агротрансформация” лойиҳаси юқори кайфиятда якунланди. Ҳозирда мотивацион лойиҳа ташаббускорлари Сурхондарё вилоятида ўтадиган навбатдаги ушрашувларга ҳозирлик кўрмоқда. Шу тариқа “Агротрансформация” то йил охирига қадар бошқа ҳудудларда давом этади.

    Бу гал мутахассислар семинар-тренинг, агротурлар ўтказишдан ташқари, каттароқ вазифаларни олдига қўйган. Яъни, лойиҳа тадбирлари давомида замонавий қишлоқ хўжалигига оид 3 турдаги қўлланмани тайёрлаш ҳамда консультацион хизмат тизимини йўлга қўйиш режалаштирилган. Улар янада кўпроқ ёшларни қабраб олишга хизмат қилади.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 05.10.22, 204-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates