Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

    Ҳужжатлар 23 март 2021 7576

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

    Сўнгги йилларда аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизими ислоҳ қилиниб, ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

    Жумладан, айрим турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди, маъмурий тартиб-таомиллардан ўтиш муддатлари сезиларли равишда қисқартирилди, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан бериладиган бир қатор маълумотномалар бекор қилинди.

    Шу билан бирга, давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа давлат ташкилотларида эскирган бюрократик тартиботлар, шу жумладан электрон тизим орқали олиш имконияти мавжуд бўлган маълумотларни қоғоз кўринишида сўраб олиш, иш фаолиятини ташкил этиш учун муҳим бўлмаган ҳужжатларни талаб қилиш натижасида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини овора қилиш амалиёти сақланиб қолмоқда.

    2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш мақсадида:

    1. 2021 йил 1 июндан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади;

    нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ барча маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизими орқали олинади;

    тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;

    хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхона ходимини аккредитация қилишда унда одамнинг иммунитет танқислиги вируси касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинади;

    давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек, давлат хизматини тезлаштирилган тартибда кўрсатиш учун қўшимча тўланган йиғимлар суммаси (тезлаштирилган тартибда кўрсатилмаган тақдирда) соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда қайтариб берилган маблағлар Агентлик томонидан тегишли давлат органлари ва ташкилотларидан регресс тартибида ундириб олинади;

    давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар QR-код (матрик штрихли код) қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда, ушбу ҳужжатлар электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади.

    2. Қуйидагилар:

    Айрим турдаги маълумотлар ва электрон кўринишдаги ҳужжатларни “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда бериш учун масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати 1-иловага мувофиқ;

    2021 йил 1 майдан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг хоҳишига кўра кўрсатилган давлат хизматининг натижаси почта алоқаси орқали етказиладиган давлат хизматлари рўйхати 2-иловага мувофиқ;

    Айрим турдаги давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва оптималлаштириш бўйича “Йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    3. Бош вазир маслаҳатчиси О.М. Умаров мазкур Фармонга 1-иловада кўрсатилган вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 майга қадар ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этган ҳолда уларнинг идоравий ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларида мавжуд ва давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган ахборот ва маълумотларнинг “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига интеграция қилинишини таъминласин.

    Бош вазир маслаҳатчиси О.М. Умаров ҳамда вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига электрон маълумот базаларини ўз вақтида ва сифатли шакллантириш, маълумотларни рақамлаштириш, маълумотлар ҳамда электрон кўринишдаги ҳужжатларни муддатида бериш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

    4. Белгилансинки, 2021 йил 1 июндан бошлаб давлат органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан аҳолидан, шу жумладан тадбиркорлик субъектларидан:

    а) қуйидаги фактларни тасдиқловчи ҳужжатларни:

    руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;

    наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги;

    судланганлик;

    манзил-маълумот ахбороти;

    фуқаронинг номида шахсий уй-жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

    турар жойнинг майдони;

    солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

    солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйилганлиги;

    пенсия ва нафақа миқдори;

    пенсия ва нафақа олувчилар рўйхатида мавжуд ёки мавжуд эмаслиги;

    никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги;

    б) қуйидаги ҳужжатларни:

    шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси;

    шахснинг белгиланган шаклдаги фотосурати;

    тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари;

    меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);

    иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномалари (фуқароларга пенсия тайинлаш жараёнида ушбу ҳужжатни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси орқали олиш имконияти мавжуд бўлмаган ҳолларда сўраш бундан мустасно);

    кадастр ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш бекор қилинади.

    Бунда, давлат органлари ва ташкилотлари жисмоний шахсларга давлат хизматларини кўрсатишда, ишга қабул қилиш жараёнида ва бошқа маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишда мазкур бандда назарда тутилган ҳужжат ва маълумотларни ушбу Фармонга 1-иловада белгиланган масъул давлат органлари ва ташкилотларидан мустақил равишда, шу жумладан “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олади.

    Ушбу бандда кўрсатилган ҳужжат ёки маълумотларнинг давлат органлари ва ташкилотлари томонидан аҳолидан талаб қилиниши давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларини бузиш деб ҳисоблансин.

    5.Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

    2021 йил 1 майдан бошлаб хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божи тўловини электрон тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш имконини яратиш;

    2021 йил 1 июндан бошлаб 16 ёшга тўлган шахсларга идентификация ID-карталари бериш уларни давлат солиқ хизмати органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш ҳамда фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтнинг ўзида амалга ошириш тизимини жорий этиш;

    2021 йил 1 июлдан бошлаб солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамидан фойдаланган ҳолда амалга оширишга ўтиш. Бунда, солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш ва фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш бекор қилинади.

    Белгилаб қўйилсинки:

    жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор ҳисобланади;

    давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритиш тақиқланади.

    6. Давлат солиқ қўмитаси Давлат персоналлаштириш маркази ва Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар:

    Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мавжуд солиқ тўловчининг идентификация рақамини уларнинг жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами билан ўзаро боғлаш ишларини якунласин;

    солиқ тўловчининг идентификация рақами мавжуд бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилишини таъминласин.

    7. Белгилаб қўйилсинки, 2021 йил 1 июндан бошлаб:

    Агентлик юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган ҳисобланади;

    давлат органлари ва ташкилотлари, юридик шахслар бирлашмалари, боғдорчилик-узумчилик ширкатлари, матлубот, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.

    8. Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат персоналлаштириш маркази ва Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2021 йил 1 майга қадар ўзларининг ахборот тизимларини “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига интеграция қилишни таъминласин. Бунда, жисмоний шахснинг ўлими қайд қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида:

    Ички ишлар вазирлиги – вафот этган шахснинг фуқаролик паспорти ёки ID-картаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатлари, ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳисобдан чиқарилишини, агар фуқаро қидирувда бўлса, қидирув ва жиноят-процессуал ишларига (ҳужжатларига) тегишли маълумотлар киритилишини;

    Мудофаа вазирлиги – вафот этган шахс ҳарбий рўйхатдан чиқарилишини;

    Ташқи ишлар вазирлиги – вафот этган чет эл фуқаролари ва чет элда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар бўйича тегишли хорижий давлатга ёки унинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига хабар берилишини;

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги – вафот этган шахс ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилишини;

    Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги – вафот этган шахс “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси ҳисобидан чиқарилишини;

    Давлат солиқ қўмитаси – солиқ қарзи мавжуд бўлмаган вафот этган шахс солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан чиқарилишини;

    бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси – вафот этган шахснинг дафн маросими учун бир марталик нафақа тайинланишини ва унга бошқа турдаги пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўхтатилишини;

    Давлат хизматлари агентлиги – вафот этган якка тартибдаги тадбиркорнинг Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестрида фаолияти тугатилган мақомига ўтказилишини таъминласин.

    2021 йил 1 майдан бошлаб ФҲДЁ органларининг ушбу бандда белгиланган органларга жисмоний шахснинг ўлими қайд қилинганлиги ҳақидаги маълумотни тақдим этиш мажбурияти бекор қилинсин.

    9. 2021 йил 1 июндан бошлаб:

    фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор қилинсин.

    Бунда, давлат статистика органлари “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ахборот тизимига ўзларининг электрон тизимларини интеграция қилган ҳолда ушбу маълумотларни реал вақт режимида олади ва статистик ҳисоботларни шакллантиради;

    ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни Агентлик ва давлат хизматлари марказларидан сўраш тўхтатилсин. Бунда, мазкур ташкилотлар тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотларни Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидан мустақил равишда олади.

    10. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги:

    мазкур Фармонга 1-иловада назарда тутилган давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликда икки ой муддатда уларнинг “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасига уланишини ҳамда барча давлат органлари ва ташкилотларига мазкур тизимдан фойдаланиш имкони яратилишини таъминласин;

    уч ой муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат хизматларидан фойдаланишда ариза-сўровномаларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш талабини бекор қилиш ҳамда идентификация қилишнинг замонавий воситаларини жорий қилиш орқали фойдаланувчиларга тизимга кириш ва ундан фойдаланиш учун қулай имкониятларни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

    11. Адлия вазирлиги:

    Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда фуқаролар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, ваколатли идоралар томонидан ўз вақтида кўриб чиқилмаган ҳамда рад этилган мурожаатлар бўйича, шунингдек, тезлаштирилган тартибда давлат хизмати кўрсатилмаганлиги учун қўшимча ундирилган йиғимлар суммасини соддалаштирилган тартибда қайтариш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

    манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

    айрим турдаги давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва оптималлаштириш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижроси бўйича барча зарур чоралар кўрилишини, мазкур Фармоннинг ўз вақтида ижро этилишида масъул ташкилотларга ҳар томонлама услубий ва амалий ёрдам кўрсатилишини таъминласин, шунингдек, ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига унинг амалга оширилиши жараёни тўғрисида батафсил маълумот тақдим этсин.

    12. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда мазкур Фармоннинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

    13. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир маслаҳатчиси О.М. Умаров, адлия вазири Р.К. Давлетов ҳамда Давлат хизматлари агентлиги директори У.И. Мухаммадиев белгилансин.

    Мазкур Фармон ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июль ва 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2021 йил 23 март

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates