Аждодлар мероси - бағрикенглик пойдевори

    Бугунги глобаллашув жараёнларида турли маданиятлар ва динлар вакиллари ўртасидаги ўзаро муносабатлар масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.

    Диний қадриятларни нотўғри талқин қилиш оқибатида юзага келаётган низо ва қарама-қаршиликлар жамиятлар барқарорлигига жиддий таҳдид солмоқда. Шу нуқтаи назардан, ислом динининг тинчлик, бағрикенглик ва инсонпарварликка асосланган асл таълимотларини чуқур ўрганиш ҳамда уни кенг оммага етказиш муҳим вазифалардан бирига айланган. Шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда инсоният олдида турган энг улкан вазифалардан бири – бу турли маданиятлар, миллатлар ва динлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва тотувликни асраб қолишдир. Ўзбекистон каби юзлаб миллат ва элат вакиллари, турли диний конфессиялар бир оиладек яшаб келаётган юрт учун бу масала ҳаётий аҳамиятга эга.

    Мовароуннаҳр ҳудудида шаклланиб, асрлар давомида минтақа мусулмонларининг эътиқодий асоси бўлиб хизмат қилган мотуридийлик калом мактаби айнан шундай мўътадил ва бағрикенг таълимот сифатида алоҳида ажралиб туради. Ушбу мактаб нақлий далиллар билан бир қаторда ақлий мулоҳазага ҳам кенг ўрин бериши билан танилган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: “Буюк ватандошимиз асос солган мотуридийлик мактаби ва таълимоти эса эътиқод борасида асрлар давомида бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат тимсоли бўлиб келаётгани таҳсинга сазовордир”.

    Давлатимиз раҳбари томонидан “Учинчи Ренессанс” пойдеворини қуриш вазифаси илгари сурилаётган бир пайтда, биз ўз тарихимизга, илмий-маънавий меросимизга янгича назар ташлашимиз ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Чунки биз излаётган кўплаб саволларга жавоб, бугунги куннинг таҳдид ва муаммоларига ечим аслида ўзимизнинг буюк ўтмишимизда, аждодларимизнинг беқиёс асарларида мужассам.

    Халқимиз неча асрлар оша фиқҳда ҳанафий мазҳабига, ақидада эса Имом Мотуридий асос солган мактаб мотуридийлик таълимотига эргашиб келади. “Мотуридийлик” деганда фақат диний қоидалар йиғиндисини эмас, балки инсонни фикрлашга, ақлни ишлатишга, мўътадил бўлишга чорлайдиган бутун бир маънавий-маърифий тизимни тушуниш лозим.

    Шунингдек, мотуридий таълимотида диний матнларни тушунишда инсон ақлининг ҳам ўрни бор экани, кишини динга кўр-кўрона эргашиш ёки оят ва ҳадисларни юзаки тушуниш каби ҳолатлардан йироқ тутади. Мазкур таълимотнинг ўзига хос хусусияти сифатида мўътадиллик тамойини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз. Мўътадиллик бир жиҳатдан динни бутунлай инкор этиш ёки ҳаддан ташқари дунёга ружу қўйишдан, иккинчи жиҳатдан эса ўта мутаассиблик, радикаллик ва ўзгалар фикрни бутунлай инкор этишдан сақланишга чақиради. Бу олтин ўрталик йўлидир. Айнан шу икки хусусият, ақлга таяниш ҳамда мўътадиллик Мовароуннаҳр халқларининг минг йиллар давомида турли маданиятлар ва динлар чорраҳаси бўлган Буюк Ипак Йўли бўйида ҳам илм-фанни, ҳам ўзликни сақлаб қолишига замин яратган.

    Имом Мотуридийдан кейин ҳам бу таълимот тўхтаб қолмади, балки унинг шогирдлари ва издошлари томонидан асрлар давомида ривожлантирилиб борилди. Ана шундай етук олимлардан бири, XIII-XIV асрларда яшаб ўтган Рукниддин Убайдуллоҳ ибн Муҳаммад Самарқандийдир. Самарқандда таваллуд топиб, илм-фаннинг илк пойдеворини шу муқаддас заминда олган бу олим, кейинчалик илмий фаолиятини Бағдод ва Дамашқ каби ўша даврнинг йирик илм марказларида давом эттиради. У Дамашқдаги машҳур “Зоҳирия” ва “Нурия” мадрасаларида бош мударрис сифатида фаолият юритиб, Мовароуннаҳр калом мактабининг илғор ғояларини бутун ислом оламига тарқатган.

    Рукниддин Самарқандийнинг биз учун аҳамияти шундаки, у ўз даврининг энг йирик мутакаллимларидан бири сифатида мотуридийлик таълимотининг энг нозик ва муҳим жиҳатларини тартибга солиб, бир неча асарлар ёзиб қолдирган. Унинг “ал-Ақидату ар-Рукния” номли китоби мотуридийликнинг ижтимоий-фалсафий асосларини, жумладан, айнан бағрикенгликка оид қарашларни ўзида мужассам этган муҳим манба ҳисобланади. Бугунги кунда турли бузғунчи оқимлар дин номидан муросасизлик, ўзгаларни “кофир”га чиқариш ва зўравонликни тарғиб қилаётган бир пайтда, етти аср олдин яшаб ўтган бобокалонимизнинг асарларига мурожаат қилиш, уларнинг асл моҳиятини англаш биз учун муҳим аҳамият касб этади.

    Рукниддин Самарқандий ўз асарларида бағрикенгликни шунчаки чиройли шиор ёки ижтимоий келишув сифатида эмас, балки бузилмас эътиқодий асослар сифатида талқин этади. Бағрикенгликнинг илк ва энг асосий пойдевори инсонни ҳурмат қилишдир. Мотуридийлик таълимоти бу масалага кенгроқ ва чуқурроқ қарайди. Унга кўра, инсоннинг қадри унинг эътиқоди ёки амалидан олдин, унинг “инсон” бўлиб яратилганидадир. Қуръони каримдаги “Дарҳақиқат, Биз Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик...” (“Исро”сураси, 70-оят) ҳамда “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик” (“Тийн” сураси, 4-оят) каби оятлар бунинг асоси бўлиб хизмат қилади.

    Бугунги кунда дунёнинг турли нуқталарида дин номидан содир этилаётган хунрезликлар, мутаассиблик ва экстремизм авж олаётган бир пайтда, аждодларимизнинг мазкур муаммоларнинг илдизига болта урадиган мукаммал ақлий-маърифий тизимни яратиб кетгани таҳсинга сазовор. Исломда инсоният орасидаги дин, тил, ранг ва маданиятлардаги фарқлар низо ва адоват учун эмас, балки ўзаро танишув ва ҳамжиҳатлик учун илоҳий ҳикмат асосида яратилгандир. Мовароуннаҳр калом мактаби бўлмиш мотуридийлик таълимоти ва унинг Рукниддин Убайдуллоҳ Самарқандий каби намояндалари мероси ислом динининг бағрикенглик, инсонпарварлик ва тинчликсеварликка асосланган асл моҳиятини ўзида мужассам этган. Ушбу таълимот инсон қадрини улуғлаш, фикрий хилма-хилликни қадрлаш, эътиқод эркинлигини ҳурмат қилиш ва мусулмонлар орасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш учун мукаммал ақидавий асосларни тақдим этади.

    Динни ниқоб қилиб олган турли экстремистик ғоялар авж олаётган бир пайтда, Рукниддин Самарқандий каби буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ва унинг инсонпарварлик тамойилларини кенг тарғиб қилиш жамиятимизда соғлом диний муҳитни шакллантириш, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш учун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир. Бу мерос асрлар синовидан ўтган, ақл ва нақлни уйғунлаштирган, бағрикенгликка чорловчи бебаҳо маънавий хазинадир.

    Суннатулла Абдуллаев

    Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси таянч докторанти,

    Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими


    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates