Академик Ўткир Ҳасанович Расулев

    Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.

    Физика соҳаси бўйича йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Ўткир Ҳасанович Расулев 82 ёшида вафот этди.

    Ў.Расулев 1939 йил 11 июлда Тошкент шаҳрида туғилди. 1961 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)ни тамомлади.

    У ўз меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Фанлар академиясининг Физика-техника институтида стажёр-тадқиқотчи сифатида бошлади, сўнгра Россия Фанлар академиясининг Ленинград шаҳридаги Иоффе номидаги Физика-техника институти аспирантурасида таҳсил олди. Дастлаб номзодлик, кейин эса докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.

    Истеъдодли олим ўзининг 60 йилдан ортиқ илмий-педагогик фаолияти давомида Россия Фанлар академияси Физика-техника институтининг катта илмий ходими, Ўзбекистон Фанлар академияси Электроника институти (ҳозирги Ион-плазма ва лазер технологиялари институти)нинг лаборатория мудири, директори, Фанлар академиясининг ҳайъат аъзоси, физика-математика фанлари бўлими раиси, вице-президенти каби масъул лавозимларда самарали меҳнат қилди ва юртимизда физикавий электроника соҳасининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ишига муносиб ҳисса қўшди.

    Ў.Расулев – физикавий электроника ва қаттиқ жисмларнинг сиртқи қисмларининг физик ва кимёвий хусусиятлари бўйича йирик мутахассис, Ўзбекистонда кўп атомли заррачаларнинг ташқи томондан ионлашувига доир йўналишга асос солган олимлардан биридир. Унинг 200 дан зиёд илмий мақолалари, 25 дан ортиқ ихтиро ва патентлари республикамиз ва хорижий мамлакатлар олим ва мутахассислари ўртасида яхши маълум.

    Атоқли олим мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этди. Хусусан, 1996-1999 йилларда Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати сифатида фаолият кўрсатиб, миллий парламентаризм асосларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди. Унинг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан номзодлари ва фан докторлари тайёрланди.

    Академик Ў.Расулев мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари учун Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнат шуҳрати” ордени ва “Шуҳрат” медали билан мукофотланган эди.

    Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Ўткир Расулевнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

    Ш.Мирзиёев, Т.Норбоева, Н.Исмоилов,

    А.Арипов, Б.Йўлдошев

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates