АКТни ривожлантириш масалалари австриялик мутахассислар иштирокида муҳокама қилинди

    Рақамлаштириш 18 ноябр 2020 1996

    Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Абдулла Азизов бошчилигидаги соҳа вакиллари Австриянинг “AME International GmbH” компанияси ходимлари билан Сирдарёда тиббий суғуртани пилот тарзида тадбиқ этиш мақсадида учрашувлар ташкил этишмоқда. 

    Илк учрашув жараёнида томонлар соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ҳолати ва уларнинг устувор йўналишларини муҳокама қилишди ҳамда дастлабки баҳолаш анкетасини кўриб чиқишди.

    Шунингдек, экспертлар томонидан тиббиёт ходимларининг ахборот тизимларидан фойдаланишдаги ахборот хавфсизлиги талаблари, рақамли имзодан фойдаланиш тартиблари ва бу борадаги мавжуд меъёрий ҳужжатлар ўрганилди.

    Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизимида мавжуд, қўлланилаётган регистрлар, жумладан, туғилиш ва ўлим ҳолатларини қайд қилиш, “Электрон поликлиника”, “Bemor”, “Электрон ҳужжат алмашиш”, “Кадр ресурсларини бошқариш” каби ахборот тизимларининг имкониятлари ва уларни такомиллаштириш заруратлари кўриб чиқилди.

    Учрашув доирасида соғлиқни сақлаш тизимида келгуси 6 ой давомида амалга оширилиши зарур бўлган лойиҳаларнинг моҳияти ҳам ўрганилди. Жумладан, ахборот-коммуникация технологиялари инфраструктурасини янгилаш, электрон поликлиника ва туғилиш-ўлимни қайд этиш тизимларини модернизация қилиш, тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ошириш тизимини яратиш ҳамда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш учун мобил илова ва хизматларни йўлга қўйиш каби лойиҳалар келтириб ўтилди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.