Алла айтган етар муродга

    “Эсингиздами, ойи, сиз укамга алла айтардингиз. Мен алланинг оҳангига маст бўлиб ухлаб қолардим. Ўша бешикда мен ҳам ётганман. Аллангиздан мен ҳам ором олганман”.

    Бир муқаддас кўшиқ борки, у бутун дунё оналари дилидан тилига кўчган. Севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов ёзганидек, дунёнинг исталган бурчагида жаранглайдиган, таржима қилинмаса ҳам тушуниладиган қўшиқдир алла! У қайси тилда айтилмасин, чақалоқ вужудига илоҳий бир озуқа каби она сути билан қўшилиб сингади.

    Эътиборли жиҳати шундаки, алла билан бола нафақат жисман ва қалбан ором олади, балки унинг онги ривожланиб ҳам боради. Алла неча минг йиллик қадриятимиз сифатида миллийлигимизнинг ўзаги, кўрки, бебаҳо намунаси бўлиб қолаверади.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2021 йил 26 февраль куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилиши баёни ҳамда тегишли топшириқлар ижросини таъминлаш, қадимий халқ қўшиқлари, урф-одатлари, маросимлар ва анъаналарни ўрганиш, ёшларнинг алла ижрочилиги санъатига бўлган қизиқишини кучайтириш ҳамда янги иқтидорли ҳаваскор ижрочиларни кашф этиш, уларнинг санъатини кенг тарғиб қилиш мақсадида Маданият ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирликлари ҳамкорлигида “Алла айтган етар муродга” кўрик-танлови ўтказилди.

    Кўрик-танловнинг республика босқичи Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолибликни қўлга киритган жами 7 та жамоа ва 34 нафар якка иштирокчи халқ қадимий аллалари, бастакорлар томонидан басталанган замонавий аллалар, хиргойи аллалар ҳамда театрлаштирилган урф-одат ва анъаналарни ўз ичига олган томоша дастурлари билан қатнашди. Институт фаоллар хонаси том маънода бешикка айландию, барча томошабинлар узоқ ва давомли ижро этилган аллалар сеҳридан бола каби ором олдилар.

    Якуний натижаларга кўра, “Энг яхши муаллифлик асар ижрочиси” номинацияси бўйича фарғоналик Н.Маҳсудова, “Энг ёши улуғ алла ижрочиси” йўналишида сурхондарёлик З.Маматқулова, “Энг яхши маросим ижрочиси” номинациясида андижонлик З.Абдиева ғолибликни қўлга киритди. Шунингдек, “Ҳудудга хос энг яхши алла ижрочиси” номинациясида Қашқадарёнинг “Ойдиной” жамоаси, “Энг ёш алла ижрочиси” йўналишида Тошкент вилоятининг “Кўзмунчоқ” болалар жамоаси ғолиб бўлди.

    Кўрик-танловнинг III даражали дипломига навоийлик Ф.Нуржонова, II даражали дипломига Қорақалпоғистоннинг “Мийрос” жамоаси, олий соврин — Гран-прига эса бухоролик З.Муродова лойиқ кўрилди.

    — Бугунги кўрик-танловда алладек жозибали миллий қадриятимиз турли кўринишда ўзининг сеҳрини янада яққол намоён этганидан ғурурланиб кетдим, — дейди танлов совриндорларидан бири Феридигул Нуржонова. — Агар ғолиб бўлмаганимда ҳам мана шундай ажойиб танловда қатнашганимдан ҳеч афсусланмас эдим.

    Маданият вазирлигининг маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий методик маркази бўлим бошлиғи Мўминмирзо Холмўминов танлов таассуротлари билан ўртоқлашар экан, бундай деди:

    — Кўрик-танлов кутганимиздан ҳам кўтаринки руҳда ўтди. Негаки, фақат иштирокчиларни кутган эдик. Аммо олислардан бўлса-да, танловга келганлар сони юздан ошиб кетди. Бу, албатта, халқимизнинг миллийлигимизга, муқаддас алламизга бўлган юксак ҳурмати белгисидир. Бундай кўрик-танловларни мунтазам давом эттириш керак. Зеро, бўлажак оналаримизнинг маънавиятини ўстира олсак, бутун миллат маънавиятини юксалтиришга эришишимиз осонроқ бўлади.

    Сўзимиз ниҳоясида яна Ўткир Ҳошимовнинг алла ҳақидаги қуйидаги жумлаларини ёдга олишни жоиз топдик: “Эсингиздами, ойи, сиз укамга алла айтардингиз. Мен алланинг оҳангига маст бўлиб ухлаб қолардим. Ўша бешикда мен ҳам ётганман. Аллангиздан мен ҳам ором олганман”.

    Муножат Раҳимжон қизи,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates