Амир Темурнинг шахси ва унинг саломатлиги архив ҳужжатларида акс этган

    Ўзбекистон Илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари миллий архиви тиббиёт ҳужжатлари асосида касаллик тарихини ўрганиш, йўқ бўлиб кетган касалликлар ҳақидаги ҳужжатларни сақлаш, келажак авлод бу ҳужжатлардан илмий ишлар, монографиялар ёзишда фойдаланишларига имконият яратиш мақсадида ташкил этилган.

    Бундан ташқари, архивда илм-фан, техника, саноат, транспорт, алоқа, конструкторлик, ирригация, қишлоқ ва халқ хўжалиги, шунингдек, илмий-лойиҳавий соҳаларга таалуқли ҳужжатлар, шу билан бирга фан тармоқлари ривожига салмоқли ҳисса қўшган фан арбоблари, академик, профессор ва олимларнинг шахсий ҳужжатлари сақланади.

    Бугунги кунга қадар архивда 300 000 мингдан ортиқ йиғма жилдда 1925 йилдан буёнги маълумотлар сақланади. Булардан 20 000 га яқин ҳужжат алоҳида қимматли ҳужжатлар ҳисобланади. Улардан бири Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор С. Молчановнинг буюк Амир Темур тўғрисида ёзган мақоласидир. Унда жумладан, шундай қизиқарли маълумотлар келтирилган:

    “Маълумки, Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолияти тўғрисида жуда кўплаб тарихий асарлар яратилган. Ушбу асарлар ҳар бири муаллифнинг нуқтаи назари ва Темур шахсига муносабатига кўра бир-биридан фарқ қилади. Албатта Амир Темур шахси ва унинг ҳукмронлик фаолияти тўғрисида яратилган асарлар орасида у билан замондош бўлган, айни шу даврда яшаб ижод қилган тарихчиларнинг асарлари муҳим тарихий аҳамиятга эгадир.

    Амир Темур ибн Амир Торағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) шаҳрининг Хўжа илғор қишлоғида барлос уруғига мансуб бек амир Муҳаммад Тарағай хонадонида дунёга келган. Амир Темурнинг отаси баҳодир жангчи бўлишига қарамай, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган. У ёшлигидан хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Соҳибқирон ёрқин хислатларга эга, хотираси ўткир, шижоатли ва қатъиятли, бир сўзли, зўр руҳий қудрат эгаси, салобатли инсон сифатида таърифланади. У ёшлик чоғлариданоқ буюк саркарда бўлишга интилгани боис ўз тенгдошлари орасида мувафаққият қозонган. Узун бўйли, салобатли, моҳир чавандоз бўлган Темур ташкилотчилик ва ҳарбий исътедодда ҳам беназир эди. Тинимсиз юришлар, жанглар оқибатида саркарда 26 ёшида ўнг қўли ва ўнг оёғидан жароҳат олган. Ўнг қўли тирсак қисмидаги жароҳати туфайли қўли қайрилмаган ҳамда бармоқ қисми зарарланган бўлган. 1362 йил Сеистон жангида ўнг оёғи оғир жароҳатланган, бунинг оқибатида буюк саркарда оқсоқланиб қолган. Шунга қарамай, саркарда қиличининг зарби жуда кучли эди. Ёши ўтган пайтларда ҳам Амир Темур соғлом ва кучли бўлган.

    Саркарда 1404 йилнинг 27 ноябрида 200 минг қўшин билан Самарқанддан Хитой сафарига чиқди. Юриш вақтида Амир Темур хасталаниб қолади. Хитой устига юриши Амир Темурнинг 69 ёшида тўсатдан вафот этиши (1405 йил 18-феврал) туфайли амалга ошмай қолди. Саркарданинг жасади Самарқандга олиб келинган. Буюк саркарда “Гўр-Амир” мақбарасига кўмилган. Гўри Амир мақбараси жаҳонга машҳур ва Ўрта Осиё меъморчилигининг ноёб асари сифатида эътироф этилади. Мақбара қурилиши 1403 йилда Амир Темурнинг вориси Муҳаммад Султоннинг вафот этиши муносабати билан бошланган, Мирзо Улуғбек даврида тугалланган ҳамда Амир Темур ва темурийлар хилхонасига айлантирилган.

    1941 йил 19 июнда собиқ иттифоқ даврида Амир Темур шахсини ўрганиш мақсадида махсус комиссия тузилиб, гуруҳга тилшунос олим А.Семёнов, антрополог олим М. Герасимов, таниқли ёзувчи С. Айнийлар киритилди (ўша пайтлар Амир Темур ҳақида асар ёзиш С. Айнийнинг орзуси эди). Таниқли кинорежиссёр Малик Қаюмов эса иш жараёнини тасвирга олувчи бош оператор этиб тайинланди. М. Герасимов бошчилигида “Гўр-Амир” мақбараси очилган. Тобутда Амир Темурнинг бир неча қават мато ва кимхоб билан ўралган суяги ётган, боши қиблага қаратилган, қўллари тўғриланган, панжалари ёйилган бўлган. Антрополог олим М. Герасимов тобут устидаги охирги тахталарни олаётганида қандайдир тасвирлаб бўлмас хушбўй ҳид атрофга таралган. Қабр ичида бир бақувват баҳодир одам ётганлиги сезилиб турарди. Буюк лашкарбошининг ўнг оёғидан яралангани излари унинг суякларида ҳам сақланиб қолган эди. Антрополог олим М. Герасимов илмий-тадқиқот ишларини олиб борган ҳамда саркарданинг бош суяги ёрдамида унинг қиёфасини ишлаб чиққан. Профессор С. Молчанов томонидан Амир Темур суяклари рентгенологик текширувлардан ўтказилган. Натижалар ўрганиб чиқилганда ўнг тирсак бўғини ва ўнг тизза бўғинида жароҳат излари бўлган. Чап қўл суяклари ва чап оёқ суяк бўғимларида ҳеч қандай патологик ўзгаришлар аниқланмаган.

    Рентгенологик текширувлар натижасида Амир Темурнинг ўнг тирсак ва ўнг тизза бўғинидаги ўзгаришлар олинган жароҳатлар оқибатида келиб чиққани аниқланган. Темурнинг кучли, бақувват организми бу жароҳатларга дош бера олган. Тадқиқот натижаларидан Амир Темур жисмонан бақувват бўлганлиги ва жуда кам касал бўлганини билиш мумкин эди.

    Амир Темур 35 йил давомида мамлакатни бошқарди. Кўпдан-кўп ҳарбий юришлар ва жангу жадалларни амалга оширди. Кўп мамлакатлар забт этилди. Оқибатда Ҳиндистон ҳамда Хитойдан Қора денгизга қадар ва Орол денгизидан Форс қўлтиғига қадар бўлган ғоят катта ҳудудни қамраб олган улкан салтанатни вужудга келтирди. Бундан ташқари, Кичик Осиё, Сурия, Миср ва Қуйи Волга, Дон бўйлари, Балхаш кўли ва Ила дарёси, Шимолий Ҳиндистонгача бўлган мамлакатларни ўзига бўйсундирди. Бу мамлакатлардан Амир Темур катта ўлжалар билан бир қаторда кўзга кўринган олимлар, ҳунармандлар ва моҳир усталарни Самарқанд, Шаҳрисабз ва Бухорога кўчириб, олиб келди. Бу шаҳар ва қишлоқлар обод қилинди. У нафақат Мовароуннаҳр ва Туркистонни обод қилди, балки бўйсундирилган мамлакатларнинг шаҳарларини ҳам қайта қурдирди.

    Саодат КУЧКАРЕВА,

    Ўзбекистон илмий-техника ва тиббиёт ҳужжатлари

    миллий архиви катта илмий ходими

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates