Амрилло Иноятов: “Энди шифокорлар хонадон аъзосига айланади”

    Саломатлик 13 январ 2021 1714

    Шу кунларда вазирлик раҳбарияти мамлакатимизнинг турли минтақаларига бориб, ҳудудларда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг ижроси билан яқиндан танишмоқда, бу борадаги муҳим вазифаларнинг ҳаётга татбиқ этилишини янада жадаллаштириш учун катта амалий ёрдам кўрсатмоқда.

    Жумладан, вазирнинг биринчи ўринбосари Фарғона водийси вилоятларида бўлди. Сафар Наманган вилоятида давом этмоқда.

    Наманганда ҳам соғлиқни сақлаш тизими ишини янги босқичга кўтариш, айниқса бирламчи бўғин фаолиятини янада такомиллаштириш борасида муайян ишлар қилинмоқда. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш, халқнинг тиббий хизматдан розилигига эришиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар пировардида ижобий натижалар қўлга киритилмоқда.

    Вазирнинг биринчи ўринбосари дастлаб Тўрақўрғон туманидаги “Шоҳидон” оилавий шифокор пунктига ташриф буюрди. Муассаса жамоаси 8 минг нафардан зиёд аҳоли саломатлигини таъминлашга масъулдир. Ўтган ойда ҳудудда жойлашган учта маҳаллада яшовчи фуқаролар тиббий хатлов ва антропометрик ўлчовлардан ўтказилганди.

    ОШП мудири Мавлуда Муродова бу жараённинг якунлари, маълумотларнинг жамланиши ва улар асосида саломатлик ҳамда касалланиш кўрсаткичларининг шакллантирлиши ҳақида сўзлаб берди. Мулоқот чоғида Амрилло Иноятов шифокор ва ҳамшираларнинг кейинги босқичлардаги долзарб вазифаларига эътиборни қаратди.

    Шундан сўнг фаолият натижадорлигини ўрганиш аҳоли яшаш жойларида давом этди. “Гулистон” маҳалласининг Мустақилик кўчасидаги хонадонларга кирилди. 7-уйда яшовчи 65 ёшли Нафиса Тўхтаназарова хонадонида кечган суҳбат чоғида А. Иноятов: “Жорий йилда тиббиёт ходимлари деярли хонадон аъзосига айланишади, чунки энди оилавий шифокорлар тез-тез уйларга келишиб, одамлар саломатлигини қатъий назоратга олишади”, — деганида онахон ғоят тўлқинланиб кетди.

    — Давлатимизга, юртбошимизга мингдан-минг раҳмат, аҳоли соғлиғи учун шу қадар ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бунга жавобан биз нуронийлар маҳаллада соғлом турмуш тарзи, айниқса соғлом овқатланиш ва жисмоний фаолликни тарғиб қилишда астойдил фаоллик кўрсатяпмиз, — деди Н. Тўхтаназарова.

    А. Иноятов аҳоли вакиллари билан учрашув пайтида соҳада кечаётган янгиланишлар ҳақида сўзлаб берди.
    Маҳаллада яшовчи фаол аёлларнинг бир гуруҳига саломатлигини тиклаш учун дори-дармонлар тўпламлари ва “Косонсой” сиҳатгоҳига йўлланмалар топширди.

    Кейинги йилларда вилоятда тиббиётнинг нодавлат сектори ҳам жадал ривожланмоқда. Уларнинг сони кескин ортиб, хизмат доираси ҳам кенгайиб бормоқда. Тўрақўрғон тумани марказида қад ростлаган “Hayot medical” хусусий шифохонаси замонавий биноси кўркам ва шинамлиги билангина эмас, хизмат кўрсатиш салоҳиятининг баландлиги жиҳатидан ҳам эътиборга лойиқдир. Тадбиркор Аброржон Мамажоновнинг саъй-ҳаракати билан 4 миллиард сўм маблағ сарфланиши эвазига вужудга келган 40 ўринли янги шифохона тақдимотида қатнашган Амрилло Иноятов давлатимиз домонидан яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, нодавлат тиббиёт муассасалари тармоғи салмоғини ўстириш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

    Намангандаги ташриф чоғида вазирнинг биринчи ўринбосарига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдилходи Иминов ҳамроҳлик қилди.

    Вилоятга ташриф давомида Наманган шаҳри ва Поп туманидаги даволаш-профилактика муассасалари фаолияти ҳам ўрганилди. Бирламчи тиббий-санитар ёрдамини кўрсатиш тизими ишини янада юксалтириш, аҳолини тўлиқ тиббий хатловдан ўтказиш, бу жараён шаффофлигини таъминлаш ва бошқа долзарб вазифалар ижроси таҳлил этилди. Мавжуд муаммоларни жойида хал этиш чоралари кўрилди.

    Булардан кутилган мақсад — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да тиббий хизмат сифатини тубдан яхшилашга эришишдан иборат.

    Наманган вилояти соғлиқни сақлаш

    бошқармаси Ахборот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates