баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Андижон вилояти Асака туманини ободонлаштириш ва архитектура қиёфасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ҳужжатлар 2 апрел 2021 631

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Андижон вилояти Асака туманининг архитектура қиёфасини янада яхшилаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги ПҚ–4937-сон қарори билан тасдиқланган 2021 йилда инвестиция лойиҳалари доирасида инвестиция ва кредитларни ўзлаштириш бўйича йиғма манзилли дастурга мувофиқ “Asaka city” турар жой мажмуасини қуриш” лойиҳасини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

    1. Қуйидагилар:

    Андижон вилояти Асака тумани “Чек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Asaka city” замонавий кўп функцияли мажмуани (кейинги ўринларда – “Asaka city” мажмуаси) барпо этиш учун 53,3 гектар ер майдони танланганлиги;

    “Avtosanoat-Injiniring” МЧЖ “Asaka city” мажмуаси лойиҳасининг (кейинги ўринларда – Лойиҳа) бош режасини (батафсил режалаштириш лойиҳасини) ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи этиб, “Tashgiprogor” АЖ эса танлов асосида бош лойиҳа ташкилоти этиб белгиланганлиги;

    2020 йил 31 декабрга қадар Лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар (лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ишларига рухсат олиш, тайёргарлик ишлари ҳамда Лойиҳани амалга ошириш бўйича бошқа харажатлар) “Avtosanoat-Injiniring” МЧЖ томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилганлиги;

    “Avtosanoat-Injiniring” МЧЖ томонидан автомобилсозлик саноати ходимларини арзон турар жойлар билан таъминлаш мақсадида “Asaka city” мажмуасида бир қатор намунавий кўп квартирали уйларни қуриш ишлари бошланганлиги;

    2021 йилдан бошлаб “Asaka city” мажмуасида объектларни қуриш инвесторларнинг маблағлари, шу жумладан кредитлар, ҳомийлик хайриялари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.

    2. Андижон вилояти ҳокимлиги ва “Ўзавтосаноат” АЖнинг Андижон вилояти, Асака тумани, “Чек” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги туман ҳокимлиги захирасида бўлган, қишлоқ хўжалигида фойдаланиш учун яроқсиз аҳволга келиб қолган 53,3 гектар суғориладиган тошлоқ ва унумдорлиги паст бўлган ер майдонида Лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

    Андижон вилояти ҳокимлиги Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда Лойиҳани амалга ошириш учун ушбу банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган ер майдони “Avtosanoat-Injiniring” МЧЖга ажратилишини таъминласин.

    3. Белгилансинки, Лойиҳани амалга ошириш доирасида:

    “Avtosanoat-Injiniring” МЧЖ танланган ҳудудда “Business city” замонавий ишбилармонлик марказлари қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида дирекциялар учун қонунчиликда назарда тутилган объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси функциялари ва вазифаларини, хусусан, буюртмачи функцияларини бажариш, қурилишни мувофиқлаштириш ва назорат қилиш ҳамда объектлардан фойдаланишни амалга оширади;

    инвесторлар “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Avtosanoat-Injiniring” МЧЖ вакиллари иштирокида Андижон вилояти ҳокимлиги қошидаги “Business city” замонавий ишбилармонлик марказлари ҳудудида лойиҳалар ташаббускорларини танлаб олиш ва жойлаштириш бўйича танлов комиссияси томонидан ўтказиладиган энг яхши инвестиция таклифларининг танлови якунлари бўйича жалб қилинади;

    Лойиҳани амалга оширишда иштирок этувчи – дирекция функцияларини бажарувчи юридик шахс, инвесторлар, бош пудрат ташкилотлари ҳамда ташкилотлар-норезидентларга нисбатан “Business city” замонавий ишбилармонлик марказлари қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш доирасида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган солиқ ва божхона имтиёзлари татбиқ этилади;

    Лойиҳани амалга ошириш учун суғориладиган ер майдони ажратилиши билан боғлиқ қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича тўланадиган компенсация тўловлари, истисно тариқасида, ундирилмайди.

    4. Андижон вилояти ҳокимлиги:

    а) Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва “Ўзбектелеком” АК билан биргаликда:

    бир ой муддатда Лойиҳани амалга оширишда муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларини ташкил этиш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилишини ва тасдиқланишини;

    Лойиҳа объектларининг жойлашувига мувофиқ, Андижон вилоятининг маҳаллий бюджети, шунингдек, хизматларни етказиб берувчилар маблағлари ҳисобидан Лойиҳанинг бўлиниш чегарасига қадар зарур муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларини қуриш ва модернизация қилиш ишлари бажарилишини;

    б) суғориладиган ер майдонлари қисқариб кетишининг олдини олиш мақсадида Лойиҳа учун ажратилаётган суғориладиган ер майдонига тенг миқдорда янги ерлар ўзлаштирилишини таъминласин.

    5. Қурилиш вазирлиги Лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуддаги объектларда қурилиш-монтаж ишлари шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилган ҳолда бажарилиши устидан белгиланган тартибда назорат ўрнатсин.

    6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

     

    Ўзбекистон Республикаси Президенти           Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 2 апрель

    No date selected
    April 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates