Аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар

    Ўзбекистоннинг МДҲдаги ҳамкорлари билан икки томонлама савдо ҳажми қарийб ўттиз фоиздан зиёд ошди.

    Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлар ва минтақамиздаги давлатлар билан турли соҳаларда конструктив ҳамкорлиги янада ривожланиб бормоқда. Мамлакатимиз ташқи сиёсати учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ана шундай халқаро минтақавий интеграцион тузилмалардан бири Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидир.

    МДҲ Ўзбекистон учун шунчаки мулоқот, фикр алмашиш ва қарашларни солиштириш майдони эмас, балки устувор соҳаларда амалий ҳамкорлик қилишнинг ғоят муҳим институти ҳисобланади. Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар эса Ўзбекистонинг доимий шериклари, қўшнилари ва дўстларидир.

    Мамлакатимиз МДҲ давлатлари билан қатор устувор йўналишлар, аввало, савдо, инвестиция, транспорт, туризм, таълим ва илм-фан, шунингдек, хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштиришдан манфаатдор. Чунки мазкур соҳалар бўйича Ҳамдўстликка аъзо давлатлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

    Ўзбекистон МДҲ доирасида ўзаро манфаатларга ва тушунишга асосланган кўп қиррали муносабатлар янада юксалишига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида Ўзбекистоннинг 2020 йилда МДҲнинг Ёшлар ишлари, Меҳнат, бандлик ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳатлашув кенгашларига қўшилганини айтиш мумкин.

    Жорий йил 15 октябрь куни МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган юбилей мажлисида ташкилот фаолиятининг 30 йиллик даврида кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланиши ва эришилган ютуқлар юзасидан фикр алмашилди.

    Иқтисодий, ҳуқуқий ва маданий-гуманитар соҳаларда, шунингдек, минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солаётган замонавий хавф-хатарларга қарши курашишдаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

    Саммитда Ўзбекистон Президенти ўткир, долзарб ва аниқ таклифлар, амалий ташаббусларни илгари суриб, МДҲ доирасидаги шерикликни мустаҳкамлашнинг муҳим йўналишлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди.

    Ҳамдўстлик мамлакатларида барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлаш ғоят муҳим саналади. Пандемия оқибатлари ўз таъсирини кўрсатаётган бугунги шароитда савдо-иқтисодий шерикликда ижобий суръат сақланиб қолмоқда. Жумладан, жорий йил бошида Ўзбекистоннинг МДҲдаги ҳамкорлари билан икки томонлама савдо ҳажми қарийб ўттиз фоиздан зиёд ошди. Қолаверса, товар айирбошлаш кўрсаткичлари ҳам миқдор, ҳам сифат жиҳатидан ортиб бораётир.

    Саммитда ҳозирги кунда Ҳамдўстлик маконида эркин савдо ҳудудининг истиснолик ва чекловларсиз, тўлақонли фаолият юритиши зарурлиги айтилиб, бу борада комплекс таҳлил асосида бирлашма доирасидаги савдо сиёсатини янада либераллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш таклиф этилди.

    Айниқса, қўшма лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва узоқ муддатли бизнес лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида саноат кооперациясини ривожлантиришни МДҲ маконининг 2022 йилги иқтисодий кун тартибининг муҳим масаласи сифатида белгилаш таклиф қилиндики, буни энг тўғри ва оқилона қарор, деб биламан.

    Бугунги кунда Ўзбекистон ташаббуси билан ҳамкорлик бўйича тегишли узоқ муддатли дастур тайёрланаётгани, келгуси йилда мамлакатимизда Ҳамдўстликда саноат кооперацияси бўйича форум ва кўргазма ўтказилиши, шубҳасиз, узоқни ўйлаб қўйилган муҳим қадам бўлди.

    Саммитда самарали минтақалараро ва трансқитъавий транспорт йўлаклари тизимини, жумладан, юк ташиш тарифларини пасайтириш ва тартиботларини соддалаштириш орқали янада ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон раҳбари мамлакатимиз МДҲ давлатлари халқлари фаровонлиги йўлидаги конструктив мулоқотни давом эттириш ва яқиндан ҳамкорлик қилишда қатъий позицияда эканини тасдиқлади.

    Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон Президентининг МДҲ саммитидаги нутқи кўплаб эзгу мақсадларни кўзлагани билан тарихий аҳамиятга эгадир. Илгари сурилган ташаббусларнинг амалиётга татбиқ этилиши эса МДҲ маконида инқироздан кейинги даврда барқарор ривожланиш учун аъзо давлатларнинг улкан салоҳиятидан тўла фойдаланиш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш имконини беради.

    Саммит якунида миграция соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида баёнотлар, Олий судлар вакилларининг кенгашини тузиш тўғрисида битим ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларига доир бошқа қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилингани, шубҳасиз, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсиши ва халқимиз фаровонлигини оширишга яқиндан ёрдам беради. Ўз навбатида, қабул қилинган қатор ҳужжатларни амалиётга татбиқ этиш депутатлар зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди.

    Фахриддин САМАТОВ,

    Олий Мажлис Қонунчилик

    палатаси депутати

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates