Aнтарктидами, Aнтарктика?

    Жанубий ярим шарда жойлашган қитъанинг номини кўпчилик чалкаштириб юборади. Чунки Aнтарктида ва Aнтарктика номларининг талаффузи бир-бирига уйқаш, маъноси ҳам бир-бирига яқин. Бироқ улар алоҳида тушунча.

    Aнтарктида – Ернинг энг жанубий қисмида жойлашган материк, унинг маркази тақрибан жанубий географик қутбга тўғри келади. Aнтарктидани Жанубий океан (авваллари бу океан Ҳинд, Тинч ва Aтлантика океанининг бир қисми деб ҳисобланган) сувлари ювиб туради. Материкнинг умумий майдони 14,4 миллион км2.

    Aнтарктида қитъаси материкнинг ён-атрофидаги оролларни ҳам ўз ичига олади.

    Материк расман 1820 йилнинг 16 январида Фаддей Беллинсгаузен ва Михаил Лазарев бошчилигидаги рус экспедицияси томонидан очилган.

    Aнтарктида Ернинг энг баланд материги ҳисобланади. Текисликларининг денгиз сатҳидан ўртача баландлиги 2000 метрдан кўпроқни ташкил этади, қитъа марказида эса бу кўрсаткич 4000 метрга етади. Чўққиларнинг асосий қисмини доимий музликлар забт этган. Шарқий Aнтарктида энг совуқ ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда жойлашган “Восток” станцияси ҳудудида -89,2 °С совуқ қайд этилган.

    Aнтарктика эса Еер шарининг жанубий ярим шаридаги қутб ҳудудидир. У Aнтарктида қитъасини ва унга ёндош Жанубий океанни ўз ичига олади. Умумий майдони 52 миллион км2 ташкил этади.

    Aнтарктика Ер юзидаги энг совуқ ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бу ерда жуда паст ҳарорат, кучли шамоллар, қор бўронлари ва туман ҳукмрон. Қитъа ва унинг атрофидаги ороллар муз билан қопланган. Субантарктика районларида энг иссиқ ойнинг ўртача ҳарорати +10 °С, совуқ ҳарорати еса -10 °С ни ташкил этади.

    Aнтарктиканинг совуқ сувлари майда қисқичбақасимонлар – крилларга ҳамда балиқларга бой. Бу ерда жуда кўп тюленлар, денгиз мушуклари ва китлар ҳам яшайди. Қушлардан эса балиқчиқуш, албатрос ва пингвинлар истиқомат қилади.

    Демак, ёдда сақланг: Aнтарктида – бу жанубий ярим шардаги қитъа, Aнтарктика эса Aнтарктида ва Жанубий океанни ўз ичига олган географик ҳудуддир.

    Орифжон Мадвалиев