"Антология узбекской поэзии" китоби тақдим этилди

    Ушбу китоблар Россиянинг “Ладомир” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида биринчи ва иккинчи жилдлари тақдимоти бўлиб ўтган "Антология узбекской поэзии" китобидан ўзбек шеъриятининг машҳур таржимонлари Сергей Иванов, Николай Гребнёв, Светлана Сомова, Наталья Орлова билан бир қаторда Михаил Синельников, Николай Голь, Вадим Муратханов, Санжар Янишев каби бугунги кун таржимонларининг Муқимий, Завқий, Фурқат, Анбар Отин каби забардаст шоирлари, Ҳамза, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Олимжон каби янги давр шоирлари, шунингдек, Миртемир, Асқад Муҳтор, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Омон Матжон, Рауф Парфи, Муҳаммад Юсуф сингари азим чинорлардан тортиб, бугунги шеърият вакиллари ижодидан қилган таржималари ўрин олган.

    Китобнинг тақдимот маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Олмос Аҳмедова, Қутлибека Раҳимбоева, шоир ва таржимонларимиз, ушбу китобларнинг бош тузувчиси Михаил Синельников сўзга чиқди.

    Тақдимот аввалида “Адиблар хиёбони” номли видеоролик намойиш этилди. Тадбирда китобнинг яратилиш жараёни ва унинг аҳамияти хусусида сўз борди.

    – Мазкур тўплам ўзбек мумтоз шеъриятидан бошлаб, замонавий ўзбек шеърияти намояндалари ижодини ўзи ичига қамраб олган, – дейди ёзувчи Муҳаммад Али. – Унинг I жилдида ўзбек халқ эпосларидан парчалар, шунингдек, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакилларининг ғазал, рубоий ва қитъалари рус тилига таржимада чоп этилган. II жилдига эса XIX-ХХ аср давр шеърияти киритилган.

    Ушбу китоблар Россиянинг “Ладомир” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.

    Шунингдек, китобда Мустақиллик даври шеъриятига алоҳида ўрин берилгани айтилди. Бу бўлимдан Муҳаммад Али, Сирожиддин Саййид, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Минҳожиддин Мирзо, Нодир Жонузоқ, Салим Ашур, Зулфия Мўминова, Хосият Рустамова, Гўзалбегим каби шоирларнинг рус тилига таржима қилинган шеърлари бор.

    2024 йилда ушбу китобнинг 3-жилди нашрдан чиқиши кўзда тутилган. Тақдимотдаги китоблар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.