Апрель ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 3,3 фоизга ошган

    Мамлакатимизда 12 май 2020 2323

    Давлат статистика қўмитасининг маълумотига кўра, шу йилнинг апрелида истеъмол нархлари ва тарифларининг ой давомидаги ўртача ўсиш суръати 1,7 фоизни ташкил этди.

    Январь–апрель ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 4,5 фоизга кўтарилди. Йиллик даврда эса (2019 йилнинг апрелига нисбатан) товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш суръати 14,5 фоизни ташкил этди.

    Таққослаш учун: 2019 йилнинг апрел ойида товарлар ва хизматлар нархлари ой давомида ўртача 0,9 фоизга кўтарилган. 2019 йилнинг январь–апрел ойларида товарлар ва хизматлар ўртача 5,3 фоизга қимматлашган.

    Ўртача ойлик ИНИ (нархлар индексининг ўртача ойлик ўсиш суръати) ўсишини ҳисоблаш натижаларига кўра, 2020 йилнинг январь–апрель ойларида ушбу кўрсаткич 1,1 фоизни, 2019 йилнинг шу даврида эса 1,3 фоизни ташкил этган.

    Нархлар ва тарифларнинг ошиши бўйича етакчилик ўтган ойлардаги каби озиқ-овқат маҳсулотларига тегишли бўлди. Жорий йилнинг апрель ойида нархлар 3,3 фоизга кўтарилиб, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 0,7 фоиз, хизматлар эса 0,3 фоизга ошган.

    Таққослаш учун: 2019 йилнинг апрелида нарх ва тарифларнинг ўсиши бўйича етакчилик ноозиқ-овқат маҳсулотларга тегишли бўлиб, нархлар ой давомида 1,1 фоизга қимматлашган эди. Ушбу даврда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари 1 фоизга, хизматлар эса 0,6 фоизга ошган.