АҚШ: «Илғор жангчи» мусобақасининг сўнгги босқич синовлари якунланди

    Ҳарбий 23 апрел 2021 620

    Америка Қўшма Штатларининг Миссисипи штатидаги «Camp Shelby» ҳарбий ўқув базасида бўлиб ўтаётган «Илғор жангчи» мусобақасининг якуний баҳслари ўтказилди.

    Қизғин ва муросасиз тарзда кечган мазкур мусобақаларда ҳамюртларимиз мезбон ҳарбий хизматчилар билан бир қаторда, юклатилган деярли барча вазифаларни мувофаққиятли адо этишди. Аҳамиятлиси, улар қисқа вақт ичида ўзлари учун нотаниш бўлган кўплаб янги маълумотларни ўзлаштиришларига ҳам тўғри келди.

    Хусусан, йигитларимиз АҚШ Қуролли Кучларида фойдаланилаётган турли русумдаги автоматик ўқ отар қуролларнинг тактик-техник тавсифлари, уларни тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратиш ҳамда 100 дан 800 метргача масофада пайдо бўлувчи нишонларни яксон қилиш, қўл гранатасини турли ҳолатларда улоқтириш борасида нафақат билим ва кўникмаларини бойитишди, балки машқлардаги белгиланган меъёр талабларини бехато ва энг асосийси, ўз вақтида бажариб маҳорат кўрсатишди.

    Панорамали ўт очиш мажмуасида ҳам ўзбекистонлик иштирокчилар янгича талаблар асосида шартли душман объектлари координаталарини аниқлаш, артиллерия оловини йўналтириш ҳамда бошқариш бўйича берилган 6 та уринишнинг тенг ярмини сарфлаб, вазифасини аъло даражада бажаришди.

    Шунингдек, иштирокчиларнинг интеллектуал салоҳиятини белгиловчи яккама-якка савол-жавоб, соҳага оид ёзма иш ва тест синовлари ҳам ўтказилди.

    Мусобақа давомида қатнашувчиларнинг қўшимча балл тўплаши учун олдин маълум қилинмаган яна кўплаб жисмоний синовлар ташкил этилди. Барча жараёнларда ҳар иккала ҳарбий хизматчимиз ўз гуруҳларида пешқадамликни қўлдан бой бермади.

    Мусобақаларнинг якуний натижалари 24 апрель куни эълон қилинши режалаштирилган, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.