Аравачада ўтириб, пойабзал тўқиётган Малика

    "Пойабзал тайёр бўлгач, ўзимда йўқ қувонаман".

    Ёз оқшомларининг бири. Осмонга синчковлик билан тикилиб турган 6 ёшли Малика дадасига юзланиб деди:

    — Дада нима учун қуёш — бобо, ой — момо? Боболар кучли, ҳеч нарсадан қўрқмас бўлиши керакку, нега қуёш кундузи чиқади, у қоронғуликдан қўрқадими?

    Рустам ака доимгидек Маликани бағрига босганча босиқлик билан тушунтирди: “Қуёш ер юзидаги барча инсонларга каттадан катта имкониятлар беради: яшаш, ўқиш, ўрганиш, изланиш. Шунинг учун ҳам у — бобо, кучли. Ҳар тонг уйғонганимизда олдимизда мақсадларимиз, режаларимиз бўлиши керак. Ҳар кун — янги имконият демак. Уни беҳуда ўтказмаслигимиз зарур”. Дадаси шу гапларни айтди, кейин болаларга хос тилда ғижжалаб тушунтирди.

    Ўшандаёқ инсон ҳар бир кунидан унумли фойдалана олиши, доим самарали ишлар билан банд бўлиши кераклиги сабоғини олган Малика учун дадасининг гаплари ҳаётий меъзонга айланди. Ёшлигидан ўзи учун режалар тузишга, уларни амалга оширишга одатланди. Ўрта таълимни тугатгач, аввалига кашта тикиш, мунчоқлар ёрдамида гуллар ясаш, кейинчалик эса тўқувчиликка меҳр қўйди.

    Ҳунарманд аҳли камгап, камсуқум бўлар экан. Боиси, қўли доим меҳнатда, ҳар сониянинг олтиндан қиммат эканини жуда яхши англайди. Маликанинг энг ёмон кўргани: вақтни беҳуда ўтказиш, имкониятлардан ўринли фойдаланмаслик. Шунданми, у сира тиним билмайди. Унинг қўлда тўқиган оёқ кийимларига қараб туриб, имконияти чекланган бир қизда шунчалик иқтидор борлигига таҳсин айтасиз.

    Жиззах шаҳрида истиқомат қиладиган қаҳрамонимиз тўққиз ёшида автоҳалокат сабаб ногирон бўлиб қолган. Умуртқа поғоналари, оёқларига етган жароҳат сабаб аравачага михланди. Хотирасини ҳам қисман йўқотиб, кўплаб воқеаларни эслолмайди. Аммо тақдирнинг бу ҳукми унинг иродасини бука олмади. Дадасининг ўгитлари, вақтни беҳуда сарфламаслик ҳақидаги гаплари шуурида сақланиб қолганди. Мана шу насиҳатлар унга яна куч бағишлади. Аравачада ўтириб ҳам кўплаб ишларни амалга ошира олишига ишонар эди. Дастлаб опасидан тўқиш сирларини ўрганди. Коллежни тамомлагач эса ўқув курсларида таҳсил олди. У тўқиган кийимлар тезда кўпчиликнинг эътиборига тушди. Маҳалладаги қизлар ҳам бу ҳунарни ўрганиш учун Маликанинг уйига кела бошлади. Шу тариқа шогирдлари сони ортиб борди.

    Тўрт йил аввал оёқ кийим тўқишга бўлган қизиқиши Маликага тинчлик бермади ва синчковлик билан тўқиш сирларини ўрганди. Ҳунарига таяниб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга интилди. Фақат унга хомашё — пойабзалнинг таг қисми, махсус иплар учун маблағ зарур эди. Қаҳрамонимиз 2018 йилда ҳунармандлар уюшмасига аъзо бўлди ва соҳа мутахассисларининг маслаҳатлари билан банкдан кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

    Бугун Маликанинг кичик бўлсада, ўз бизнеси бор. Уйда ўтириб ҳунари ортидан яхшигина даромад кўради, хонадонининг кам-кўстини тўлдиришга ҳисса қўшади. Қувонарлиси, ишсиз аёлларга маҳорат дарсларини ўтиб, уларнида даромад кўришига туртки бўлади.

    — Юртимизда биз ёшларинг интилишимиз, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишимиз учун барча шароитлар муҳайё. Ўзини-ўзи банд қилиш, ҳунари ва қизиқишларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, иш ўринлари яратиш масалаларига бўлган эътибор тубдан ўзгарди, — дейди Малика Эгамқулова. — Бизнес соҳасига қизиққан ёшлар, шунингдек, уста ҳунармандларнинг ўз иқтидоридан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун барча эшиклар очиқ экани айни муддао бўлди. Мақсадим сари интилиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошлаб олдим.

    Ҳар бир ишнинг ўзига яраша захмати, қийинчиликлари бор. Тўқувчилик ҳам катта сабр, диққат талаб қилади. Калава ипни буюм ҳолатига келтириш осон эмас, албатта. Ишни ҳунармандлик буюмлари ясашдан бошлаган Малика пойабзал тикишни ҳам ана шундай сабр ва қунт билан ўрганди.

    — Битта оёқ кийимни тайёрлашга бир кун вақт сарфланади, — дейди қаҳрамонимиз. — Пойабзал тайёр бўлгач, ўзимда йўқ қувонаман. Харидорлар унинг қулай ва бежиримлигини айтишганда, шижоатимга шижоат қўшилади. Баъзан кечалари ухламасдан буюртмаларни тайёрлайман. Биласизми, инсон ўзи ҳаракат қилса, ҳамма ишга улгуриши, ҳар бир юмушни уддалаши мумкин. Баъзи инсонлардаги боқимандалик кайфиятини кўриб, тўғриси, хафа бўламан. Балиқ ёки қармоқни таклиф қилсангиз, кўпчилик балиқни танлайди. Ўйлашмайдики, қармоғинг бўлса, балиқ доим қўлингда. Худди шундай, кимдандир ёрдам кутиб яшаш жуда ёмон. Агар қўлингизда ҳунарингиз бўлса, бу бир умрлик бойлик дегани. Бугун замон шиддат билан ривожланаяпти. Қолаверса, меҳнат қилиб даромад кўраман, деганга қанчадан қанча имкониятлар мавжуд. Олма пиш, оғзимга туш, деб ўтириш ярамайди.

    Малика “Ташаббус — 2019” кўрик-танловининг вилоят босқичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган ва Республика босқичида иштирок этиб, ютуққа эришган. Ўша йили Мустақиллик байрами арафасида Президентимиз томонидан “Жасорат” медали билан тақдирланди. Ҳозирда у “Ёшлар дафтари”га киритилиб, ўқув курсида ўқиб, сертификатга эга бўлди ва ўз билимларини янада бойитди. Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида яна бир бор кредит олди.

    — “Мен юртимга керакман”, деган туйғу билан яшайман. Эҳтимол, айнан шу ишонч менга куч берар. Тенгдошларимга ишзисликни рўкач қилманг, мавжуд имкониятлардан фойдаланинг, вақтни зое кетқазманг, деган бўлар едим, — дейди Малика.

    Ҳаққиростки, миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, қўли гул ҳунармандларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш йўлида яратилган имкониятлар натижасида ҳунармандлик равнақига кенг йўл очилди. Уларнинг харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариб, халқимиз фаравонлигини ошириши, аҳоли бандлигини таъминлашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Малика мана шундай имкониятлардан ўринли фойдаланиб келаётган тенгдошларимиздан. Имконияти чекланган бўлишига қарамай, меҳнат қилишдан толмайдиган, интилувчан қаҳрамонимиз барчамиз учун ибратдир.

    Феруза ЖЎРАЕВА,

    журналист

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates