«Art Soft Holding» МЧЖ – водийнинг энг йирик агросаноат кластери

    Саноат 1 октябр 2020 2384

    Ҳудудларда саноатни ривожлантириш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш – шу куннинг энг муҳим талаби.

    Бу борада мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айнан мана шу жараён билан яқиндан танишиш мақсадида вилоятдаги бир қатор ОАВ ходимлари иштирокида “Art Soft Holding” МЧЖ агросаноат кластерига пресс-тур уюштирилди.

    Пресс-тур иштирокчилари дастлаб Мингбулоқ туманидаги пахта далаларида бўлдилар.

    Таъкидлаш жоизки, жамиятга Поп туманидан 31,5 минг гектар ва Мингбулоқ туманидан 30,9 минг гектар ер майдонлари ажратилган ва кластер корхонаси фермер хўжаликлари билан янгича ишлаш усулини амалиётга жорий этган. Замонавий кластер тизимининг авфзаллиги, деҳқончиликка янги инновацион усулни олиб кирилиши катта ўзгаришларга сабаб бўлди. Натижада “Art Soft tex cluster” фермер хўжалиги томонидан 2019 йилда Мингбулоқ ва Поп туманларида 57628 тонна пахта етиштириш режаси ўрнига 66178 тонна пахта режадан 14.8 % кўп етиштирилди. Бир неча йиллардан буён пахта сотиш режасини бажармаётган Поп тумани 2019 йилда пахта сотиш режасини 110 % га бажарди.

    2020 йилда Мингбулоқ ва Поп туманларида 23218 гектар майдонда чигит экилиб, 63 900 тн. пахта хом-ашёси етиштириш режа қилиб олинган. Ҳозирда 12 сентябрдан терим мавсуми бошланиб, теримчилар ва пахта териш машиналари ёрдамида пахтани нес-нобуд қилмасдан териб олиш йўлида қизғин меҳнат қилинмоқда.

    Сўнгра машина-трактор паркида бўлган ОАВ ходимлари хориждан келтирилган янги техникалар ва уларнинг имкониятлари билан танишдилар. Корхона томонидан 2019 йил ва 2020 йилнинг ўтган даврида 788 та 246 592 млн. сўмлик трактор ва бошқа агрегатлар сотиб олинган. Ҳар бир техниканинг ЖПС тизимига уланганлиги иш жараёнида узилишлар бўлмаслигини таъминлайди.

    Бу йил пахтани терим машиналарида теришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Мингбулоқ туманида 21 та ва Поп туманида 20 та пахта териш машиналари иштирок этаяпти. Бу йил қўл терими билан биргаликда Мингбулоқ туманида 6 720 га ва Поп туманида 3 200 га майдонда жами 27.1 минг тонна пахта териш машиналарида териш режалаштирилган ва пахта териш машиналари учун қўшимча 70 дона прицеплар олиб келинган.

    Қабул пунктларида бўлган иштирокчилар пахтани қабул қилиш ва сифатини аниқлашнинг энг замонавий усуллари билан танишдилар. Қабул пунктида пахта сифатини текшириш ва қабул қилиш жараёни кузатув камераларида акс этади. Энг муҳими, аниқлик ва ҳаққонийлик фермерларнинг қабул пункти ишидан норизо бўлмаслигини таъминлайди.

    Пресс-тур қатнашчилари ўз навбатида “Art Soft Textile” фабрикасиа ҳам бўлдилар. Бу ерда ип ҳолида олиб келинган хом-ашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилади. Тўқиш, бўяш, хуллас, маҳсулотни тикиб тайёрлашгача бўлган жараён энг замонавий хорижий ускуналарда амалга оширилади. Чунки корхонанинг маҳсулотга қўядиган сифат талаби жуда юқори. Асосий қисми хорижга экспорт қилинаётган маҳсулотлар шунинг учун ҳам харидоргир. 100 фоиз табиий пахта матосидан тайёрланаётган момиқ сочиқлар ва ётоқхона учун мўлжалланган маҳсулотлар кучайтирилган сифат текширувидан ўтгачгина, буюртмачига юборилади. Барча жараён рақамлаштирилган бўлиб, хориждаги буюртмачи маҳсулотнинг қанча тайёрлангани ва сифатини кузатиб туриш имконига эга.

    Фабрика директори Нуруллоҳ Асроровнинг маълум қилишича, келгуси 3 йил давомида “Art Soft Holding” МЧЖ томонидан 100 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилади. «Art soft tex cluster» фермер хўжалиги (пахта хом ашёси, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш корхонаси), «Art soft fiber» МЧЖ (пахта тозалаш, қабул қилиш ва пахта хом ашёсини қайта ишлаш корхонаси), «Artsoft oil» МЧЖ (ёғ-мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси), «Art soft seeds» МЧЖ (пахта, бошоқли дон ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини етиштириш ва тайёрлаш уруғчилик корхонаси), «Art soft laboratory» МЧЖ (тупроқ таркибини текшириш, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар (ун, ўсимлик ёғи ва шу кабилар) сифатини текшириш лабораторияси), «Art soft greenhouse» МЧЖ (замонавий иссиқхона комплекси), «Art soft livestock» МЧЖ (чорвачилик комплекси-сут ва гўшт етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш корхонаси), «Art soft flour» МЧЖ (дон қабул қилиш ва қайта ишлаш корхонаси), «Artsoft feed» МЧЖ (омихта ем ишлаб чиқариш корхонаси), «Art soft enginering» МЧЖ (қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва таъмирлаш корхонаси), «Art soft agro consulting» МЧЖ (қишлоқ хўжалиги йўналишида илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш ҳамда суғурта ва молия масалаларида кўмаклашиш корхонаси), «Art soft tex» МЧЖ (пахта толасини қайта ишлаш, тайёр тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш тўқимачилик комплекси), «Art soft tex spinning» МЧЖ (ип-калава ишлаб чиқариш фабрикаси), «Аrt soft spinning» МЧЖ (ип-калава ишлаб чиқариш фабрикаси) шулар жумласидан. Ушбу лойиҳалар амалга ошиши натижасида яна 1200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади.

    Бугунги кунида холдинг компанияси таркибида “Art Soft Textile”, “Art Soft Chamanzor”,”Art Soft Promzona”, “Art Soft Nanay”, “Art Soft Bo`ston”, “Art Soft Spinning”, “PapFen” каби еттидан ортиқ корҳоналар фаолияти тўлиқ йўлга қўйилди. Мазкур корҳоналар томонидан жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида 133,5 млрд. сўмлик тўқув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Шундан 11,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотлар МДХ давлатларига экспорт қилинди.

    Энг асосийси, холдинг компанияси таркибидаги корхоналарда 3250 нафардан ортиқ аҳоли иш билан таъминланди. Уларнинг қарийб 75% фоизини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этади.

    Фабрикада ишчилар учун барча шароитлар яратилган. Ишчилар учун махсус автобуслар ажратилган, 3 маҳал иссиқ овқат ва махсус иш кийимлари билан бепул таъминланади, маошлар барча ишчиларни қониқтиради. Ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

    Санжарбек ҲАМИДОВ,

    Ҳотам Мамадалиев олган сурат.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates