Австриядаги мактабда юз берган отишма оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 нафарга етди

    Австриянинг Грац шаҳридаги ўрта мактабда юз берган отишмада камида 11 киши, жумладан ҳужум уюштирган шахс ҳалок бўлди.

    Ҳалок бўлганлар орасида ўқитувчилар ва ўқувчилар бор. Қурбонлар сони ортиши мумкин – бир қанча ўқувчи ва ўқитувчиларнинг аҳволи оғир, деб хабар бермоқда Австриянинг Kronen Zeitung нашри. Бу Австриянинг урушдан кейинги тарихидаги энг шафқатсиз оммавий қотилликлардан биридир.

    Газетанинг маҳаллий манбаларга таяниб хабар беришича, гувоҳлар мактаб ичида 20 га яқин ўқ овозини эшитган. Отишма маҳаллий вақт билан тахминан 10:00 да шаҳар шимоли-ғарбидаги ўрта мактабда содир бўлган. Ҳужум уюштирган шахс мактабнинг иккита синфхонасида ўт очган, автомат қуролдан ўқ узган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум қилган шахс – ушбу мактаб ўқувчиси ҳужумдан сўнг ўз жонига қасд қилган. Унинг жасади мактаб ҳожатхонаси полидан топилган. Грац мэри Эльке Кар ҳалок бўлганлар орасида гумонланувчи борлиги ҳақидаги аввалги хабарларни тасдиқлади. У Австрия матбуот агентлигига маълум қилди. Ҳужум қилганнинг мақсади ва шахси ошкор этилмаган.

    Воқеа жойига “Кобра” номли махсус бўлинма ва полиция вертолёти жўнатилди. Грац полицияси маҳаллий вақт билан соат 11.30 да воқеа жойида барча хавфсизлик чоралари кўрилгани ва аҳоли учун бошқа хавф йўқлигини маълум қилди. Хабар қилинишича, Австрия ички ишлар вазири Герхард Карнер мамлакат жануби-шарқида жойлашган ва 300 мингга яқин аҳолиси бўлган Австриянинг иккинчи йирик шаҳри Грацга йўл олмоқда.

    Ҳодиса 2015 йилда Грацдаги оммавий отишманинг ўн йиллиги арафасида содир бўлган, буни кўпчилик маҳаллий аҳоли ҳамон эслайди. Ўшанда уч киши ҳалок бўлганди, 36 киши яраланганди, деб хабар беради Guardian. Ҳозирча бу икки ҳужумнинг ўзаро боғлиқлиги ҳақида ҳеч қандай тахмин йўқ, деб хабар беради rg.ru.